Ўзбекистонга биринчи марта “Монбельярд” зотли сигирлар олиб келинди

Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги “Амир оқ чашма” фермер хўжалигида Польшадан олиб келинган 9 бош монбельярд зотли қорамол парвариш қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан мамлакатимизда чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш, чорва молларининг наслини яхшилаш, наслчилик йўналишидаги чорвачилик хўжаликлари фаолиятини ҳамда чорвачилик маҳсулотларини етиштиришда йирик тадбиркорлик субъектлари кўпайтирилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Давлат қўмитасининг амалий ёрдами билан хориждан кўплаб зотли моллар олиб келиниб, маҳаллий иқлим шароитга мослаштирилмоқда. Бу эса чорва молларининг маҳсулдорлигини ошириш, уларнинг қайта ишлаш орқали халқимизни сифатли гўшт, сут ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилмоқда. Мамлакатимизга илк бор олиб келинган монбельярд зотли қорамоллар шулар жумласидандир.
photo_2020-07-07_15-24-25.jpg
photo_2020-07-07_15-24-27.jpg
– Асли Францияда яратилган ушбу зотли молларнинг афзаллиги ҳар бири лактация даврида 9,5-10 минг литргача сут беради, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Шамсуддин Фахруддинов. – Бу демак, ҳар бир сигирдан 30-35 литр сут дегани. Бундан ташқари, яшовчанлиги ҳам юқори бўлиб 11-12 бошгача бузоқ олиш мумкин. Сутининг таркибида протеин ва оқсилнинг миқдори бошқа зотли молларга нисбатан деярли икки баробар кўп, ёғлилик даражаси юқори бўлади. Уларни қайта ишлаш орқали турли сифатли маҳсулот олиш мумкин. Энг асосийси бизнинг иқлим шароитимизга тез мослашади.
Фермер хўжалигида яқинда олиб келинган монбельярд қаторида 400 бошга яқин швиц, ангус, симментал, голштейн зотли қорамоллари парвариш қилинмоқда. Келажакда уларнинг бош сонини мингтага етказиш режалаштирилган. Мақсад, монбельярд ва голштейн зотли молларини чатиштириш орқали уларнинг маҳсулдорлигини янада оширишдан иборат. Шунинг ҳисобидан аҳолини янада сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлашдир.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА
Дўстларингизга ҳам улашинг!