Чортоқлик пахтакорлар 3 минг 813 тонналик маррани забт этди

Чортоқ тумани пахтакорлари Наманган вилоятида биринчи бўлиб шартномавий режани бажарди.

Жорий йилнинг 13 сентябрь куни “Наманган тўқимачи кластер” масъулияти чекланган жамиятининг Чортоқ пахта қабул қилиш масканида жорий мавсум пахта ҳосилининг дастлабки карвони тарозидан ўтказилган эди.

Мавсум олдидан эрта баҳордан етиштирилган ҳосилни беталофат йиғиштириб олиниши, баракали хирмон уюлиши тиланган эди. Астойдил ҳаракат ва тинимсиз меҳнат натижасида қисқа фурсатда яхши ниятлар ижобат бўлди.

Туман бўйича 38 та терим отрядига бирлашган маҳаллаларнинг уюшмаган аҳолиси, фидойи ёшлар отрядлари, фермер хўжалиги аъзоларидан иборат теримчиларнинг қилган меҳнатлари самарасида кўзланган хирмон яратилди. Наманган вилоятида биринчи бўлиб 3 минг 813 тонналик режа ортиғи билан 100,03 фоизга уддаланди. Ўтган йилга нисбатан ҳар гектаридан 3,5-4 центнердан кўп ҳосил олинди.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирга қадар фермерларнинг 80 фоизи зафар маррасига етиб келди. Хусусан, “Чортоқ агро кластер”, “Бувабой Робахон файзи”, “Муродулла уста пахтакор”, “Чортоқ Фарғона миришкори”, “Усмонжон Дилором Дилфуза” каби фермер хўжаликлари биринчи теримдаёқ белгиланган режани бажарди.

Дарҳақиқат, бу хушхабар туман пахтакорларига беҳад хурсандчилик улашмоқда. Мавсум давомида терим пулини ўз вақтида узлуксиз етказиб бериш чораси кўрилди. Ҳашарчиларни рағбатлантириш мақсадида илғор теримчи ва отряд раҳбарларига туман ҳокимлиги ҳамда қатор давлат, жамоат ташкилотлари томонидан қимматбаҳо совғалар берилди.

Бу йил еттита ММТП жойлашган ҳудуддаги 52 та фермер хўжалигининг 1067 гектар дала майдонларида кластер усулида мўл ҳосил етиштирилди. Агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилгани кўзни қувонтирадиган мўл ҳосилга туртки бўлди. Чортоқлик пахтакорлар даладаги ҳосилни сўнгги мисқолигача йиғиб-териб олишга аҳд қилган.

 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА
Дўстларингизга ҳам улашинг!