Шотут плантациялари ̶̶ гектаридан 210 миллион даромад

Қишлоқ хўжалигида лойиҳалар ишлаб чиқаётган мутахассислар айни вақтда ушбу рақамни қанчалик ҳақиқатга мос келишини исботлаш ҳаракатида. Албатта, бу рақамлар ушбу маҳсулотга бозорда бўлган талаб асосида ошиб кетиши ёки камроқ бўлиши ҳам мумкин.
̶̶ Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра юртимизнинг ҳар бир туманида 5 гектар балхи тут ва шотут етиштириш имкони мавжуд,- дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Шомирза Сафаров.- Улар шаҳар ва қишлоқларимизда кўп ўстирилсада, етарлича эътибор бўлмагани учун ҳозирга қадар шотут плантацияси яратилмаган. Аслида бундай майдонлар яхши самара берган бўларди. Улар нисбатан тезроқ яъни тўрт йилда ҳосилга киради ва ҳар гектаридан 23- 24 тонна мева олиш мумкин. Тут меваси серсув, унинг таркибида 82,9-86,2 фоизгача сув бор. Бундан ташқари, у сершира мева — 10,9-12,7 фоизгача қанд миқдорини сақлайди. Шунда 90 килограмм атрофида шарбатга эга бўламиз. Айни вақтда бир килограмми шотут шарбати ўртача 25 минг, балхи тут 10 минг сўмга баҳоланмоқда. Агарда мевани қайта ишлашсак, бир гектардан 210 миллион сўм даромад қилиш ва ўнта янги иш ўрни яратиш мумкин.
Қайд этиш керакки, тут дарахти жуда қадимий, кўп йиллик ўсимлик бўлиб, Марказий Осиёга Хитойдан тахминан эрамиздан аввал 2-3 минг йилларда келтирилган Асрлар давомида халқ селекциясида Шотут, Балхи тут, Марварид тут ва бошқа кўплаб тут навлари яратилиб, ҳозирги пайтда ҳам ўстирилмоқда. Дунёда тутнинг 16 хил тури бор.
Бу мевали дарахтнинг, асосан, икки хил тури истеъмолга яроқли ҳисобланади. Бу оқ тут ва шотут (қора тут). Оқ тутнинг ватани Хитой, шотутнинг эса афсонавий Шом давлати — Эрон ва Афғонистон ҳисобланади.
Тут янги узилган ҳолда ёки қуритилган (тут майизи) ҳолида истеъмол қилинади. Ундан турли хилдаги пишириқлар, мураббо ва мармеладлар, қиём, шинни тайёрланади. Айрим халқлар эса мевадан шираси сиқиб олиниб, қолгани қуритилиб, қаҳва сингари дамлаб ичишади.
Абу Али ибн Сино ҳам тутдан шифобахш восита сифатида фойдаланган. Тут В, С, E, К, ПП витаминларига бой бўлиб, дармонсиз, тез-тез шамоллайдиган одамлар кўпроқ еб туришлари керак. Минерал моддалардан эса калий, натрий, рух, селен, мис, фосфор, кальций, магний, темирга бой, уруғи 24-33 фоизгача ёғ ва бошқа ошловчи моддалар сақлайди. Таркибида кўп миқдорда фосфор сақлагани боис, тут ақлий фаолият билан шуғулланадиган кишилар учун кони фойда саналади. Айниқса, ўқитувчилар, талабалар, ҳисобчи ва офис ходимлари учун баҳор-ёз мавсумида сархил тут мевасини ҳар куни бир ҳовучдан истеъмол қилиб туриш айни муддао.
Манба: uza.uz
Дўстларингизга ҳам улашинг!