Нишонда эгилувчан қувурлар орқали кечки пахта етиштирилади

Президентимиз раислигида жорий йил 10 апрель куни пахтачилик ва ғаллачиликда кластер тизимини ривожлантириш, баҳорги агротехник ишларни самарали ташкил қилиш, ҳосилдорликни ошириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш бўйича топшириқлар берилган эди. 
Жумладан, Сув хўжалиги вазирлигига ушбу ҳаётий ресурснинг аниқ ҳисоб-китоблар асосида ажратилишини таъминлаш, бу йил 150 минг гектар майдонда сув тежовчи, 44 минг гектарда томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш вазифаси юклатилди.
Шу мақсадда Қашқадарё вилоятида тизимли ишлар олиб борилаяпти. Хусусан, бу йил вилоятдаги 2 минг 600 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш режалаштирилган эди. Айни пайтда 1 минг 100 гектар пахта майдонига ушбу технологияларни қўллаш ишлари молиялаштирилган. “Агробанк”нинг вилоят ва туман бўлимлари томонидан 46 фермер хўжалиги ва кластер ташкилотларига 11 миллиард 710 миллион сўм бошланғич кредит маблағлари ажратилди. Улар томонидан технологияни қуриш ва ўрнатиш ишлари олиб борилаяпти.
“Indorama agro” масъулияти чекланган жамияти томонидан Нишон туманидаги экин майдонларига замонавий кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида тажриба тариқасида пахта навларини экиш мўлжалланган. Айни пайтда дала майдони текисланиб, 200 метр узунликдаги эгилувчан қувурлар тортилган. Деҳқонлар томонидан янги тажриба асосида суғориш ишлари амалга оширилмоқда.
Нишон туман ирригация бўлими бошлиғи Шерали Бобоқуловнинг айтишича, авваллари суғориш қийин бўлгани учун ушбу майдонлар фойдаланишдан чиқиб кетган эди. Австралиядан келтирилган эгилувчан қувурлар ўрнатилиши ҳисобига сув таъминоти яхшиланди ва 150 гектар майдон қайта фойдаланишга киритилди.

 

А.Мусаев, ЎзА. uza.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!