Сувдан фойдаланувчилар учун суғориш мавсумида лимитлар белгиланади

Вазирлар Маҳкамасининг 1.06.2020 йилдаги «2020 йил ёзги мавсумида экин майдонларини сув билан ишончли таъминлаш ва сув танқислигининг олдини олишга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги 344-сон қарори қабул қилинди.

Фото: ЎзА

Республика сув ҳавзаларида суғориш мавсумида кутилаётган сув танқислигини ҳисобга олган ҳолда, 2020 йил ёзги суғориш мавсумида кутилаётган сув танқислигининг олдини олиш, суғориладиган ерларни сув билан ишончли таъминлаш ҳамда мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича ишчи гуруҳи ташкил этилади.

Norma’нинг ёзишича, комиссияга сув ресурсларидан фойдаланишни тўлиқ назоратга олиш, йирик сув омборларидан сув чиқаришни қатъий равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимларининг талабномалари бўйича амалга оширишни йўлга қўйиш топширилди. Бунинг учун ҳар бир вилоятда ва туманда ҳудудий ишчи гуруҳлар ва штаблар ташкил этилади.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

2020 йил ёзги суғориш мавсумида кутилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш, суғориладиган ерларни сув билан ишончли таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режаси;

суғориш учун талаб этиладиган сув миқдори, унинг етишмайдиган қисмини қоплаш манбалари;

2020 йил июнь ойида сув хўжалиги ташкилотларининг эксплуатация маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ирригация тизимлари ва улардаги гидротехника иншоотларини, шунингдек насос агрегатлари ва вертикал қудуқларини таъмирлаш-тиклаш ишлари режалари;

2020 йил мавсумида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилишнинг прогноз кўрсаткичлари.

Сув хўжалиги вазирлигига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда қуйидагиларни амалга ошириш топширилди:

10 кун муддатда ҳар бир канал ва суғориш тармоғи бўйича сув олиш лимитларини, сувдан фойдаланувчилар реестрини тасдиқлаш;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий бошқармалари ва туманлар бўлимларига сув истеъмоли бўйича мониторинг олиб бориш ваколати берилиши;

кўчма дизель ва бошқа турдаги насос агрегатларини хатловдан ўтказиш, таъмирлаш ва коллектор-дренаж тармоқларига ўрнатиш.

Молия вазирлигига ирригация тизимлари бошқармалари ҳузуридаги насос станцияларининг 2020 йил учун тасдиқланган сметасида III ва IV чораклар учун режалаштирилган маблағларнинг 31 млрд сўмини II чоракка кўчириш ва кўчма насос агрегатларини сотиб олишга йўналтиришни таъминлаш топширилди.

Пахта хом ашёсини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан тижорат банкларига жойлаштирилган кредит ресурслари ҳисобидан сув истеъмолчилари уюшмалари ходимларининг иш ҳақлари ўз вақтида тўлаб берилишини таъминлаш лозим.

Ҳужжат 2.06.2020 йилдан кучга кирди.

Дўстларингизга ҳам улашинг!