Сенат томорқа бўйича жарима қўллаш ҳақидаги қонунни маъқулламади

Сенат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга томорқадан оқилона фойдаланиш бўйича тузатишлар киритишни кўзда тутган қонунни рад этди. Сенаторлар қонундаги ноаниқ тушунчалар коррупцияга олиб келиши мумкинлигига эътибор қаратишган.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига томорқа ер участкаларидан оқилона фойдаланилишини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун муҳокама қилинди.

Сенат матбуот хизмати хабар беришича, томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланмаганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши бўйича ҳужжат сенаторлар томонидан рад этилган.

  • МЖТК ерга эгалик қилувчининг таклифига асосан белгиланган қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ҳақида расман огоҳлантирилганига қарамай томорқа ер участкасидан асоссиз равишда оқилона фойдаланмаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи 651-модда билан тўлдирилиши режалаштирилганди.

«Бироқ ушбу норма амалиётда турлича талқин қилинишига олиб келиши мумкин. Жумладан, ундаги томорқа ер участкасидан «асоссиз равишда» ёки «оқилона» фойдаланмаслик ёхуд «самарасиз» фойдаланиш каби тушунчалар қонун ҳужжатларида очиб берилмаган. Бу эса тегишли идоралар томонидан жавобгарликка тортишда коррупция ва бошқа суиистеъмолликларга замин яратади», дейилади хабарда.

Бундан ташқари, мазкур қўшимча тез орада ўзининг долзарблиги ва аҳамиятини йўқотиши қўшимча қилинган.

Қайд этилишича, ҳозирда «Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Унда юқоридаги каби қонун ҳужжатларда мавҳум бўлган тушунчаларни очиб бериш, шахсий томорқадан самарали фойдаланиш ва аҳоли даромадини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, парламент қуйи палатасининг 2020 йил 16 апрель куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилганди.

Депутатлар томорқа ерлардан унумли фойдаланмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилган ушбу лойиҳани маъқуллашганди. Унга кўра, томорқага ўз танлови асосида бирор қишлоқ хўжалик экини экмаган фуқаролар аввал огоҳлантирилиши, кейин базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солиниши, агар мазкур ҳолат маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, бу қиймат уч бараваридан беш бараваригача миқдорда бўлиши белгиланиши кўзда тутилганди.

Дўстларингизга ҳам улашинг!