Ўзбекистонда янги авлод пахта териш машинаси –трансформер ишлаб чиқарилмоқда

Қарор ва ижро

Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи АҚШнинг «CNHI» компанияси билан биргаликда TZST CE-220 пахта териш машинаси – трансформер ишлаб чиқаришни ўзлаштирди.

Аҳамиятли жиҳати, ушбу янги авлод пахта териш машинаси бир қатор афзалликларга эга. Унинг олдинги авлодлари фақат пахта терими мавсумида ишлатилган бўлса, янги «TZST CE-220» пахта териш машинасидан йил давомида, дейлик, чигитни қадашдан тортиб ҳосилни йиққунга қадар дала ишларида унумли фойдаланиш мумкин.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги, хусусан, пахта терими мавсуми учун муҳим янгилик бўлган ушбу янги авлод машинасининг ишлаб чиқарилиши билан яқиндан танишиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводига пресс-тур ташкил этилди.

Аввало, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 июлдаги “Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан “Ўзагросаноатхолдинг” АЖнинг қатор хўжалик субъектлари улушлари “Ўзавтосаноат” АЖнинг ишончли бошқарувига берилган. “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” акциядорлик жамияти ҳам шундай субъектлардан бири сифатида акциялари 100 фоиз “Ўзавтосаноат” АЖ ихтиёрига топширилган.

photo_2020-09-10_20-39-48.jpg

Бугунги кунда заводдаги янгилик ва ишлаб чиқариш бўйича янгича ёндашув ҳам ушбу ислоҳотлар билан боғлиқдир.

Хўш, Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори ижроси доирасида заводда қандай ишлар қилинди? Ўзлаштирилган янги авлод пахта териш машинаси қишлоқ хўжалиги учун нечоғлик муҳим?

Биринчидан, завод фаолиятида самарадорликка эришиш чоралари кўрилди. Хусусан, “Ўзавтосаноат” томонидан заводдаги ишлаб чиқариш ва корпоратив бошқарувни оптимизациялаш бўйича қатор стратегия ва дастурлар ишлаб чиқилди.

Иккинчидан, мазкур режаларни амалиётга татбиқ этиш учун корхонага автомобилсозлик тармоғидан 200 нафар мутахассис жалб этилди. Унда фаолиятнинг ҳар жиҳатдан замонавий ахборот тизимлари, бошқарув, ҳисоб-китоб ва сифат назорати тизимлари жорий қилинди. Бу каби янгиликлар сабаб ўтган икки ойда ишлаб чиқариш ҳажми кунига 5 дона техникадан 40 тагача оширилди. Амалга оширилаётган такомиллаштириш ишлари натижасида йил охирида ишлаб чиқариш қувватини 80 фоизга етказиш кўзда тутилган.

photo_2020-09-10_20-39-44.jpg

Пресс-тур иштирокчилари заводнинг бош технологи Мурод Эргашев ҳамроҳлигида янги пахта териш машинасининг ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Ундаги тайёрлов цехида металлни кесиш немис технологияси асосида амалга оширилади. Кесилган металлар пайвандланиб, сўнгра бўялади ва йиғув цехига ўтказилади. Шу тарзда янги авлод пахта териш машинаси ишлаб чиқарилади.

Эътиборли жиҳати, бу ерда иш қизғин кечмоқда. Ишчиларнинг қўли-қўлига тегмайди. Заводнинг кенг павильонларида иш жараёни билан танишар эканмиз, ишчи-хизматчилар меҳнатига ҳавас билан боқдик.

– Янги авлод машинасидан тўрт мавсумда фойдаланиш имконияти яратилган, – деди бош технолог Мурод Эргашев. – Аввалги пахта териш машиналарини фақат бир мавсумда ишлатганмиз. Янги авлод машинасига терим пайтида бункер ўрнатилади, мавсум якунлангандан сўнг бункер ечилиб, универсал ҳайдов трактори сифатида ишлатилади. Машина кунига ўртача 20 тоннагача пахта теради. Агрофон яхши тайёрланган бўлса, ундан ҳам кўп териши мумкин. Бункер ҳажми 1 минг 200 килограмм. Ушбу пахта териш машинаси 400 теримчининг ўрнини боса олиши билан янада аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳани такомиллаштириш ва янги технологияларни татбиқ этишга қаратилган. Қишлоқ хўжалиги тармоғининг пахта териш техникасига талаби юқори эканини инобатга олиб, айни лойиҳанинг амалга оширилиши юртимиз иқтисодий ўсишини таъминлаш, қолаверса, мавсумда қўл меҳнатидан фойдаланишга барҳам бериш чоралари билан боғлиқдир.

photo_2020-09-10_20-39-27.jpg

– Заводимиз нафақат республикада, балки Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи ягона корхона ҳисобланади, – деди Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи Инвестиция ва маҳаллийлаштириш бошқармаси бошлиғи Мирзаали Шералиев.

– Янги лойиҳа “CNHI RND” конструкторлик-технологик маркази билан ҳамкорликда “New Holland TD5.110” моделидаги тракторлар янги авлоди базасида амалга оширилди. 2018 йилда бу машинанинг тўлиқ лицензиясини сотиб олганмиз. Яъни, брендни ўзимизда ўзлаштирдик. Бугун эса ўз брендимиз остида пахта териш машинасини ишлаб чиқаришга киришдик.
Ўтган йили шу русумда 50 та техникани тажриба тариқасида чиқарган эдик. Синов яхши натижа берди. Бу йил давлатимиз раҳбари томонидан бизга катта масъулият юкланди. Жорий мавсумда 500 та ана шундай машина ишлаб чиқарилади. Ҳозиргача 100 тадан ошиғи фермерларга етказиб берилган. Бугунги кунда маҳаллийлаштиришни 20 фоиз оширишга эришдик.
Янги авлод техникасида 4 мингдан зиёд детал бўлса, шундан 2 мингдан ортиғи ўзлаштирилди. Ҳозирча двигатель, пахта териш аппарати четдан келтириляпти. Пахта териш аппаратини ўзлаштириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.
photo_2020-09-10_20-39-40.jpg
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, Аъло АБДУЛЛАЕВ (сурат), 
ЎзА, uza.uz
Дўстларингизга ҳам улашинг!