Қишлоқ хўжалик ходимларига эҳтиром кўрсатилди

Мамлакатимизда декабрь ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни деб белгиланган бўлиб, ушбу сана юртимизнинг барча ҳудудларида катта тантана билан ўтказилади.

Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни олдидан Андижон вилояти Избоскан туманида бўлиб ўтган байрам тадбирида соҳа илғорлари, фахрийлар, сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган туман ҳокими Серобиддин Исмоилов барчани байрам билан табриклаб, жорий йилда туманда қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган натижалар, ютуқ ва камчиликлар хусусида тўхталди.

Жорий йилда туманда ғалла ва пахтадан мўл ҳосил етиштирилди. Туман деҳқонлари давлатга 26 минг 900 тонна пахта ҳосили топшириб, белгиланган режа 101 фоизга бажарилган бўлса, давлат омборларига 24 минг 394 тонна дон топширилиб, бу борадаги режа ҳам уддаланди. Бундан ташқари, мева-сабзавот етиштириш, пиллачилик, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик, умуман, қишлоқ хўжалигининг турли йўналишлари бўйича ҳам ижобий натижаларга эришилди.

Тадбирда туманда қишлоқ хўжалигидаги мавжуд имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш, янада салмоқли натижаларга эришиш, энг асосийси, халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлаш бўйича келгусида амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди. Соҳанинг бир гуруҳ илғор вакиллари туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Эл суйган санъаткорлар Отабек Муҳаммадзоҳид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган сўз устаси Аваз Охун, “Ниҳол” Давлат мукофоти совриндорлари Малика Эгамбердиева, Адолатхон Қўлдашевалар иштирокидаги бадиий дастур барчага хушкайфият улашди.

 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА