“Наслли қорамолларим сомон чайнаяпти”. Поп туман ҳокимлиги чорвадор дардини эшитадими?

Маълумки, гўшт ва сут маҳсулотларини етиштиришни қўллаб-қувватлаш қишлоқ хўжалигининг алоҳида соҳаси гарданида. Тўғриси, чорвачилик дея аталмиш соҳани узоқ йиллар давомида эътиборсиз қолдирдик, ҳисоб. Шунинг учун гўшт маҳсулотлари нархи йил сайин қимматлашиб бормоқда.

Чорвачиликнинг барқарор ривожланиши қатор омилларга боғлиқ. Биринчи навбатда соҳага эътибор зарур. Ем-озуқа базаси, наслчилик, кадрлар етиштириш масалалари, буларнинг ҳар бири муҳим.

Наманган вилояти Поп туманида фаолият олиб бораётган “Поп чорва” фермер хўжалиги раҳбари Зайлиддин Қўшаловнинг Австрия давлатидан олиб келган “Симментал” зотли қорамоллари айни дам оғир аҳволда қолган. Туман ҳокимлиги бир йилдан бери озуқа етиштириш учун ер майдони ажратиб бермаётгани оқибатида қорамоллар қуруқ сомон билан озиқланяпти.

Чорвадорнинг 2019 йили Европа давлатидан олиб келган 16 бош наслли қорамоллари бир йил ичида 32 бошга етган. Бундан ташқари фермер хўжалигида 700 бош қўй ва эчки боқилмоқда. Бироқ, хўжаликнинг озуқа етиштириш учун умуман ер майдони йўқ.

“2019 йили туманимиз ҳокими билан маслаҳатлашиб Австрия давлатидан шартнома асосида 16 бош наслли қорамол олиб келдик. Ҳозирги кунда қорамолларим сони 32 бошга  етди. Лекин озуқа базасини бойитиш мақсадида туман ҳокими олдига бир неча марта мурожаат билан кириб, ижобий жавоб ололмаяпман. Озуқа етиштириш учун ер майдони ажратилмаяпти.

Ҳоким, “Ер ажратиб берамиз”, дейди натижадан эса дарак йўқ. Бир йилдан буён алданиб юрибмиз. Қорамолларнинг рацион бўйича озуқаси йўқ. Етарли емиш бўлмаса, наслчиликни ҳам йўлга қўйиб бўлмайди. Ҳозиргидек сомонни еяверса, туёқларимиз нобуд бўлади. Айни пайтда ўзимнинг захирам билан боқиб турибман”, дейди чорвадор.

Зайлиддиннинг чет элдан олиб келинган қорамоллари бир йил ичида биттадан бузоқ берибди. Бу эса туманда наслли қорамоллар сони 16 бошга кўпайди деганидир.

Поп тумани ветеринария бўлими хўжаликка келиб, хўжаликдаги чорва моллари, қўй ва эчкиларни кўрикдан ўтказиб, чорвадорга 42,5 гектар ер майдони ажратиб берилиши кераклиги бўйича маълумотнома ёзиб берган.

Энг ачинарлиси, наслли молларга рациондаги озуқа берилмаса сигирлар “қочириш” учун тайёр бўлмас экан. Бу эса сунъий уруғлантиришда ҳам муаммо бўлади дегани. Шундай қилиб, чорвадор бир йиллик насл олишдан ҳам қолди. Хўжаликда 10 нафар қишлоқ одамлари иш билан таъминланган. Ойлик маошларини вақтида олишмоқди. Ишчилар маҳаллаларни айланиб ем-хашак излаб топишмоқда.

“Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Қўчқоров мени чорвачилигимга келиб, акамдан алдов йўли билан ер ажратиб берилди, деб маълумотнома ёздириб кетибди. Шунақа ҳам бўладими? Лекин ҳалигача ер берилгани йўқ.  Ер ажратиб берилса, силос учун маккажўхори, беда, қўй ва эчкилар учун арпа экардик. Наслли қорамолларни кўпайишини ўйлаб, яхши ният билан алоҳида қишки бино, янги “навес” қурдим. 600 миллион сўм пулим кетди. Молларни олиб келиб, мен фақат зарар кўряпман. 5 йилдан бери чорвачилик билан шуғулланаман. 32 бош наслли қорамолимдан ташқари 350 бош қўйим, 350 бош эчким бор. Ана шу эчки ва қўйларимга ҳам озуқа майдони йўқ. Озуқа йўқлигидан уларни даштларда, адирларда айлантириб юрибман.

Туман ҳокими мен билан бир вақтда наслли мол олиб келганларга юз фоиз ҳосилдор жойдан, пахтачилик-ғаллачилик жойдан ер ажратиб берди. Менга келганда қир-адирдан сув чиқариб оласан, озуқа қиласан деб қир-адирликни кўрсатиб кетди. У ерда сув йўқ, озуқа умуман бўлмайди. Кундан-кунга гўшт қимматлашиб боряпти. Ер сўраган чорвадорларга дашт жойлардан, сув йўқ жойлардан тавсия қилиняпти. Озуқа бўлмаса, чорвачиликни қандай йўл билан ривожлантириш мумкин?”, дея ҳасратини тўкади Зайлиддин Қўшалов.

Туман ҳокимлигининг “Поп чорва” хўжалигидаги мавжуд чорва молларига “Ҳусанбой 219” фермер хўжалигидан озуқа учун ер майдони ажратиб берилганлиги ҳақидаги маълумотига фермер Ҳусанбой Қўшаловдан изоҳ сўрадик.

“Мен  20 йиллик фермерман. Ўғлим чорвачиликка қизиққани учун наслли қорамол олиб келган. Озуқа  экин экиш учун ер ажратдик деб менга хат кўтариб келишди. Хатда на қарор бор, на бир хуқуқий асос. Мен еримни пахта-ғаллага ҳайдов қилиб тайёрлаб қўйганман. Бу маълумотнома ҳеч нимани англатмайди ахир. Ўғлим “арпа, беда экаман”, деяпти. Лекин, қарор бўлмаса, мендаги экин майдонида пахта ва ғалла кўрсатилган бўлса “эк” дея олмайман-да”, дейди “Ҳусанбой 219” фермер хўжалиги раҳбари Ҳусанбой Қўшалов.

Туман ҳокимлигидан олинган ғализ изоҳ…

Поп туман ҳокимлигида бўлиб, мутасаддилардан муаммоли вазиятга изоҳ беришларини сўрадик.

“Ҳақиқатда ҳам Зайлиддин Қўшалов озуқа учун ер майдони сўраб мурожаат қилган. Мутасадди идоралар вакиллари масалани жойига бориб ўрганганида, мол-чорва ерида 15 бош наслли қорамол борлиги аниқланди. Чорвадор сўраётган ер майдони “Art soft tex” кластерга тегишли ер эканлиги, унга ушбу ер майдонидан чорвачилик озуқаларини экиш учун ажратиб бўлмаслиги тушунтирилган.

Туман “Поп тонги” газетасида чорвачилик қилиш учун 47 та лойиҳага 10 минг гектар ер ажратиб қўйилгани ҳақида маълумот берилган. Зайлиддин Қўшаловга мана шу майдонларга эгалик қилиш учун бизга ҳужжатларингизни топширинг, деб тушунтирганмиз. Ҳукумат қарорларида ҳам чорва озуқа ерлари ўзлаштирилган ерлар таркибидан берилиши назарда тутилган. Бу ерларни ўзлари сувли майдон қилиб, артизан қудуқлари қилиб ишлатса бўлади. Тегишли қарорларга асосан ўша жойларни ўзлаштирилиши бўйича субсидиялар ажратилмоқда. Худди мана шу субсидиялардан фойдаланиб, ўша майдонларни сув чиқариб, ишлатса бўлади”, -дейди Поп туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Акрамжон Қўчқаров.

Хулоса ўрнида…

Поп туман ҳокими ўринбосарининг изоҳидан шуни англадикки, ҳокимлик “Поп чорва” хўжалигидаги ҳолатни жиддий ўрганмаган. Чорвадорнинг қўлида туман ҳокими А. Султонов имзоси билан хўжаликка “Ҳусанбой 219” фермер хўжалиги еридан 2021 йил озуқаси учун ер майдони ажратилиши ҳақидаги ҳужжат бор. Ҳоким ўринбосари эса кластер ерларини беришни иложиси йўқлиги ҳақида гапирмоқда. Ўрганиш давомида Поп туман ҳокимлиги “каттакон”ларининг имзоли ҳужжатига ҳам, сўзларига ҳам ишониш ёки ишонмасликни билмай қолдик.

Агар раҳбарлар чорвачиликка айри кўз билан қарайверса, шароит яратиб бермаса гўшт ҳали-бери арзон бўлиши қийин.

Умид қиламизки, адирликлар ичида наслли қорамол, эчкичилик ва қўйчилик билан шуғулланаётган, айни пайтда кўмакка муҳтож чорвадор муаммоларини Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва вилоят раҳбарлари эътиборсиз қолдирмайди.

Элмурод Эрматов, Аҳрорбек Ёқубжонов kun.uz