Карманада 2200 гектар ерда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияси ўрнатилади

Кармана туманидаги Маликчўл ҳудудида минглаб гектар ер майдонлари сув танқислиги туфайли 10-15 йил илгари қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган эди.

Кейинги йилларда туманда сувни тежовчи технологиялар жорий қилинаётгани натижасида юзлаб гектар майдонлар қайта фойдаланишга киритилмоқда. Ўтган йили Маликчўлдаги 300 гектар майдонга томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилиб, пахта етиштирилган бўлса, жорий йилда 2200 гектар ер томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияси орқали боғ яратиш ҳамда чорва учун озуқабоп экинлар экиш мақсадида тадбиркор ва фермерларга ажратиб берилди.

Жумладан, тумандаги “Шаҳриёр” МЧЖга озуқабоп экинлар экиш учун 400 гектар майдон ажратилган. Жамият томонидан Украина давлатидан 480 минг АҚШ доллари қийматидаги ёмғирлатиб суғориш технологияси олиб келинди.

– Биз ишлаб чиқарган ёмғирлатиб суғориш машинасини бир мутахассис компьютер орқали бошқаради, – дейди Украинанинг “FREGAT” компанияси муҳандиси Пётр Передун. – Электр энергиясида ишлайдиган ушбу машина бир кеча-кундузда 190 гектаргача ерни суғориш имконига эга.  Ўзбекистоннинг ёз ойлари жуда иссиқ бўлишини инобатга олган ҳолда ундан кўпроқ тунги пайтларда фойдаланишни тавсия қиламиз. Сабаби, ёмғирлатиш орқали экинга берилаётган сув иссиқ ҳавода тез буғланиб кетиши мумкин. Энг асосийси, уни ишлатиш кўп ишчи кучи талаб қилмайди.

Ёмғирлатиб суғориш технологиясининг афзалликларига бағишлаб, “Шаҳриёр” МЧЖга қарашли ер майдонида вилоят фермер ва тадбиркорлари учун кўргазмали семинар ташкил этилди. Унда украиналик мутахассислар ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Қуйи Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати