Туркия давлатидан импорт қилинган уруғларда “Помидор жигарранг бужмайиш вируси” аниқланди

“Ўздавкарантин” инспекцияси 2021 йил 12 февралдан бошлаб Туркия давлатининг Бурса ҳудудидан Ўзбекистон Республикасига помидор ва қалампир уруғликлари экспорти учун вақтинчалик тақиқ жорий этди.

Бунга сабаб, мазкур ҳудудда жойлашган BURSA TOHUMCULUK ZIRAAT VE TIC.A.S. корхонасидан Ўзбекистон Республикасига келтирилган 85 кг помидор уруғлигида “Помидор жигарранг бужмайиш вируси” (Tomato brown rugouse fruit virus) аниқланди.

Ҳолат юзасидан 2021 йил 11 февралда Ўзбекистон Республикасига карантин остидаги маҳсулотларни олиб киришда белгиланган фитосанитария талаблари бузилганлиги тўғрисидаги нотификация (хабарнома) Туркия давлатининг ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича миллий ташкилотига юборилди.
Бугунги кунга қадар Туркиянинг ваколатли органидан “Ўздавкарантин” инспекциясига жавоб хати келиб тушмаган.

Помидор ва қалампир маҳсулоти уруғлигига қўйилган вақтинчалик чеклов Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 февралдаги 99-сонли қарори иловасининг 16-бандига кўра ўрнатилди.

Импорт билан шуғулланувчи  тадбиркорлар экиш материаллари, кўчат ҳамда уруғликларни республика ҳудудига олиб келиш жараёнида Ўсимликлар карантини давлат инспекциясини олдиндан хабардор қилишлари мақсадга мувофиқ. Бунда, маҳсулот импорт қилингунга қадар экспортёр давлатнинг карантин хизмати билан “Ўздавкарантин” инспекцияси масъуллари боғланиб, маҳсулот ҳақида батафсил маълумот тўпланади.

“Помидор жигарранг бужмайиш вируси”нинг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида  Инспекция томонидан қатъий фитосанитар назорат тадбирлари давом этмоқда.

“Ўздавкарантин” инспекцияси Ахборот хизмати. karantin.uz