Мева-сабзавот етиштирувчи, қайта ишловчи агросаноат тармоқлари ривожланмоқда

Сўнгги йилларда Тошкент вилоятининг мавжуд саноат ва ишлаб чиқариш салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш, ҳудудга инвестицияларни кенг жалб этиш ва инфратузилмани такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Бу саъй-ҳаракатлар туфайли ҳудуднинг инвестиция жозибадорлиги, экспорт имкониятлари ошди. Маҳаллий тадбиркорлар қўллаб-қувватланиб, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга ҳам эришилмоқда. Шу каби йўналишларда амалга ошрилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Тошкент вилояти Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Ўрта Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманларига медиа-тур ташкил этилди.
Маълумотларга кўра, ҳозир Тошкент вилоятида жами 576 та экспортёр корхона самарали фаолият олиб бормоқда. Ҳудудда шу кунга қадар дунёнинг 66 та етакчи давлати билан экспорт алоқалари йўлга қўйилган.
Дастлаб медиа-тур иштирокчилари Ўрта Чирчиқ туманидаги “FAROVON HAYOT KALITI” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.
Мазкур агрокластер вилоятдаги истиқболли корхоналардан бири бўлиб, интенсив боғлар яратиш ва замонавий иссиқхонада мева-сабзавот етиштириш, сақлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланади. Лойиҳа қиймати 63 миллиард 600 миллион сўмга тенг бўлиб, иссиқхона учун зарур бўлган асбоб-ускуналар Чехия давлатидан келтирилган. Айни пайтда бу ерда 300га яқин ҳудуд аҳолиси иш билан таъминланган.
Тадбир давомида мутахассислар томонидан журналистларга амалга оширилаётган ишлар юзасидан атрофлича маълумот берилди. Жумладан, корхонада жами 120 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, 114 гектарида интенсив усулдаги боғлар ва 4 гектарида замонавий иссиқхона барпо этилган. Шунингдек, корхонага қўшимча равишда маҳсулот сақлаш мақсадида 2 минг тоннага яқин сиғимдаги музлатгич омбори ҳам қуриб фойдаланишга топширилган.
– Ҳозир агрокластерда иш қизғин паллага кирган, – дейди “FAROVON HAYOT KALITI” МЧЖ раҳбари Улуғбек Шодибоев. – Боғларда етиштирилган “Жерамин» навли олма кўчатларини 2016 йилдан буён парваришланади. Ушбу нав йил сайин ҳосили ортиб боради. Жорий йилда 250 тонна маҳсулот етиштирдик. Умуман олганда, 2019-2020 йиллар давомида 142 минг долларга тенг бўлган 10 турдаги 17 хил қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини РоссияФедерациясига экспорт қилишга эришилди.
Навбатдаги манзил ҳудуддаги “LEAD AGRICULTURE DEVELOPMENT” масъулияти чекланган жамияти бўлиб, узумнинг турли навларини қайта ишлашга ихтисослашган. Мазкур Ўзбекистон-Хитой қўшма 2017 йилдан буён фаолият юритмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа қиймати 11 миллирд 200 миллион сўмни ташкил этади. Корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни учун зарур бўлган барча асбоб-ускуналар Хитой давлатидан олиб келинган бўлиб, йилига қарийб 20 миллиард сўмга тенг бўлган 864 минг тонна маҳсулот қайта ишланади.
002 ракам.jpg
Журналистлар корхонадаги баланд қилиб ясалган шийпонлардаги ипли ишкомларга қатор-қатор терилган қора кишмиш узумларни қуритиш жараёнини кузатди. Хусусан, 80 гектар майдонга экилган ёш токзорлар ҳосили шу ерда ташиб келтирилиб, қуритилмоқда.
– Бу ерда 56 нафар ишчи узумни тозалаш, қуритиш, майиз ҳолига келтириш билан шуғулланади, – дейди “LEAD AGROCULTURE DEWELOPMENT” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси раҳбари Алижон Юсупов. – Корхонада ишчи-хизматчилар учун барча қулайликлар яратилган. Муҳими, дунё бозорларида жаннатмакон ўлкамиз меваларига доимо талаб катта. Қолаверса, қўшма корхонамиз буюртмаларига эга бўлиб, хитойлик инвесторлар билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз.
Айни пайтга қадар 80 гектарлик узумзорда дастлабки ҳосили етиштирилди. Корхона мутасаддиларининг режалари катта. Аввало, экспорт ҳажми ва турини кўпайтириш мўлжалланяпти. Хусусан, 20 гектар ерга экспортбоп гилос кўчатлари экиш ҳамда 4 гектар иссиқхонада помидор, бодринг, қулупнай сингари тансиқ неъматлар етиштириб, экспорт қилиш борасида лойиҳалар тайёрланмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар орқали яна 30-40 та янги иш ўрини яратилади.
Куннинг иккинчи ярмида медиа-тур иштирокчилари Юқори Чирчиқ туманидаги “SUNNY LAND PRODUCTS” корхонасида бўлди. Бу ерда саноат усулида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сублимация усулида қуритилиб, қадоқланади. Мазкур усулда мева-сабзавотлар вакуум остида паст ҳароратда қуритилади. Натижада маҳсулотнинг мазаси ва фойдали элементлари ўзида сақланиб қолади.
003 ракамли сурат.jpg
Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 19 миллиард сўмга тенг бўлиб, йиллик қуввати 60 тонна маҳсулотни қайта ишлашга мўлжалланган.
Корхона раҳбари Нодирназар Яхёевнинг таъкидлашича ҳозирги карантин даврида корхона тўлиқ ишга тушмагани сабабли ойига 500 килограммдан 1 тоннагача тайёр маҳсулот ишлаб чиқариляпти. Дастлабки экспорт Россия Федерациясига юборилади. Келгусида Хитой давлати бозорларига ҳам кириб бориш режалаштирилган.
Журналистлар корхона мутахассислари билан суҳбатлашиб, ишлаб чиқариш жараёнларни томоша қилди.
Бугун ҳудудларда изчил фаолият юритаётган ҳар бир тадбиркор ва экспортёр корхоналарини қўллаб-қувватлаш, муаммоларига ечим топа олиш муҳим саналади. Шу боис уларга ўз вақтида эътибор кўрсатиш экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

 

Абдулазиз Мусаев, uza.uz
Дўстларингизга ҳам улашинг!