Қашқадарёга чигиртка балоси хавф соляптими? — Соҳа масъули билан суҳбат

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятида чигиртка кўпайиб кетаётгани ва бу орқали қишлоқ хўжалиги жиддий хавф билан юзлашаётгани борасида хабарлар пайдо бўлди. Хабар бир қанча хориж сайтларида ҳам ёритилди.

Kun.uz мухбири ушбу хабар юзасидан «Ўзагрокимёҳимоя» АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Ражаббой Очиловдан изоҳ олди.

— Қашқадарёга чигиртка ёпирилгани ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига зарар етказаётгани қанчалик ҳақиқат? Агар хабарлар рост бўлса унда чигиртка қаердан кириб келган ва «Ўзагрокимёҳимоя» уни бартараф этиш учун нималар қилмоқда?

— Чигирткалар Қашқадарёга асосан қўшни Туркманистондан келади. Лекин ҳозир кириб келолмайди, чунки чигиртка 4-5 ёшга киргандан кейин қанот чиқаради. Шундан кейин уча бошлайди. Шамол, ўзининг учиш тезлиги ёрдамида чўл ҳудудларига, Қашқадарёнинг Деҳқонобод, Нишон, Муборак, Таллимаржон туманларига келади ва қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етказади. Охирги 4-5 йил ичида чигирткалар қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етказган ҳолатлар бўлмаган. Сабаби техникаларимиз кучли. Делтаплан, Ҳумо аппаратли машиналар, пуркагичли тракторлар етарли. Чигирткалар бизни ҳудудга ҳали кириб келгани йўқ. Бу май ойи охири ва июнь ойи бошида, яъни чигиртка қанот чиқаргандан сўнг содир бўлиши мумкин. Айниқса, Қашқадарёнинг Қамаши, Ғузор, Деҳқонобод ҳудудларига ўзимиздаги тоғлардан кўпроқ чигиртка кириб келади. Ҳар йили бунга қарши қаттиқ курашамиз. Туркманистон кейинги 2-3 йил ичида 150 тадан ортиқ махсус пуркагич тракторларни Ўзбекистондан харид қилди. Туркманистоннинг чўл ҳудудларидаги 1 млн гектар ерида чигирткалар ниҳоятда кўп. Икки давлат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, чегара қўшинлари ўртасида битим тузилган. Унга асосан, икки мамлакат ўз ҳудудидаги чигирткаларга қарши курашади. Ҳозир икки томондаям чигирткалар йўқ, кузатиб турибмиз. Шунинг учун бундай хавф йўқ ҳозирча. Лекин бўлиши мумкин.

— Таҳририятимизга кўплаб томорқачи ва деҳқонлар такрорий экилган экинларга номаълум касалликлар кўп тушиши, бунинг оқибатида етарли ҳосил ололмаслиги борасида мурожаат қилишади.

«Ўзагрокимёҳимоя» томорқачи ва деҳқонларнинг бу муаммоларидан хабардорми? Агар ташкилот ундан хабардор бўлса нега уларга тавсиявий, амалий жиҳатдан кўмак бермаяпти?

— Ўзбекистонда бу соҳада тажрибали олимлар кўп. Тошкентда Ўсимликларни ҳимоя қилиш институти бу борада изланиш олиб боради ва касалликларни ўрганиб, тавсиялар бериляпти. Лекин дори-дармон заводлари республикада 3-4 та, хориждан ҳам келтирилади. Бунда муаммо йўқ.

Агар деҳқон бизга мурожаат қилиб шартнома тузса, жамиятимиз қошида «Аълохизмат» номли хизмат ташкил қилинган ва унда зараркунандаларга қарши курашувчи етарли техникалар бор. Асосий масала маблағ. Қайтараман, томорқачи ва деҳқонлар бизнинг жамиятлар билан шартнома тузишлари керак, шунда уларга хизмат кўрсатилади.

— Мақсад томорқа ерлардан юқори ҳосил олиш экан, томорқачиларнинг ҳар бири жамиятнинг бўлимларига бориб у билан шартнома тузиб юриши қанчалик тўғри? Сизлар томорқачиларга кўпроқ назарий маълумот бериб, касалликларга қарши дориларни вақтида етказиб берсангиз шунда мақсадга тезроқ етилмайдими?

— Тўғри. Соҳада қиладиган ишларимиз жуда кўп. Яна такрор айтаман: ҳаммаси маблағга бориб тақалади. Агар давлат аҳамиятига молик даражада зараркунандалар экинларга хавф туғдирса, масалан чигирткалар бўлса, ҳукумат уларга қарши кураш учун пул ажратади. Лекин республика бўйича томорқалар ҳудудлари жуда катта, ярим миллион гектардан ортиқ. Улар биз билан шартнома тузишлари ёки ўзлари дори-дармонни сотиб олишлари керак бўлади.

— Муаммо шундаки, касалликлар янги ва томорқачилар ундан яхши хабардор эмас.Уларга бу касалликлар ҳақида маълумот бериш керак-ку. Чунки касалликлар кўпайиб кетяпти. Томорқачи уни аниқлаб, давосини топгунича янги касалликлар пайдо бўляпти.

— Кўп ҳудудларда ўсимликларни ҳимоя қилиш клиникалари очилди. Улар экинлар, дарахтлардаги касалликларни аниқлаб, давоси бўйича ўша жойнинг ўзида тавсиялар беришни бошлашади. Ҳамма жойда ҳам бунақа клиникалар йўқ. Санитария назорати агентлиги ёки бошқа турдаги ташкилотлар ёрдамида ҳар бир хонадонга кириш, тавсия бериш ҳуқуқи таъминланади. Бу соҳада камчилик кўп.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Манба: kun.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!