Чортоқдаги оила 6 мингдан зиёд асалари оиласини экспорт қилди

Наманган вилояти Чортоқ туманидаги Қорабоғ маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи ака-ука Илёсбек ва Иқболжон Мирзаолимов оилавий бизнес сифатида асаларичиликни йўлга қўйганига бир неча йил бўлди. Етти хазинанинг бири бўлган бу тармоқ ҳар икки хонадонга мўмай даромад келтирмоқда. Тадбиркорлар тотли ва шифобахш неъмат етиштириш билан бирга асаларичилик жиҳоз ва асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш билан ҳам шуғулланишади. Асосий маҳсулот қадоқланган ҳолда маҳаллий бозорга етказиб бериляпти. Ўтган йилдан бошлаб экспорт амалиётларига ҳам киришилди. Мазкур йўналишда россиялик ҳамкорлар билан қатор шартномалар имзоланган. Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг ўтган даврида 6 мингдан зиёд асалари оиласи ташқи бозорга чиқарилди.

Асаларичи ака-укалар тажрибаси бутун вилоятга овоза бўлган. Яқинда маҳаллий ҳокимият Мирзаолимовлар оиласи негизида асаларичилик маркази ташкил таклифини билдирди. Чортоқ ва унга қўшни туманларни қамрайдиган бу марказда аҳолига асалари боқишни назарий ва амалий жиҳатдан ўргатиш, кооперация шаклида аҳоли хонадонларига жиҳозлар ва асалари оилалари етказиб бериш ишлари ташкил қилинади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,  “Халқ сўзи”. xs.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!