Ўзбекистон қишлоқ – хўжалигининг асосий вазифаларидан бири аҳолини сифатли ва экологик тоза қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлашдир.
Ҳосилдорликни оширишнинг асосий омилларидан бири – бу серҳосил, турли касаллик, ҳашаротлар, экстримал шароитга чидамли навлар уруғларини танлаб экиш ва экинларни юқори технология асосида парваришлаш билан биргаликда зарарли фитофагларга қарши ўз вақтида кураш олиб бориш ҳам етиштирилаётган ҳосилни сақлаб қолиш имконини беради. Агар зараркунандаларга қарши чоралар вақтида олиб борилмаса, ҳосилнинг анча қисми нобуд бўлади. Айрим пайтларда эса ҳосил бутунлай йўқолади (Мамаев,1981).
Қарсилдоқ қўнғизлар (симқуртлар)
Марказий Осиё да ғаллагуллиларга бир неча турдаги симқуртлар зиён етказади, аммо сезиларли зиён етказадиганлари қуйидагилар: узун мўйловли қарсилдоқ қўнғиз (Clon cerambycinus Sem.) ва лалми экин қарсилдоқ қўнғизи (Agriotes nadari Buyss.).
Тарқалиши. Бу ҳар иккала турдаги қарсилдоқ қунғизлар Марказий Осиё даги мамлакатларда аниқланган.
Ташқи кўриниши. Узун мўйловли қарсилдоқ қўнғизнинг катталиги 9-11 мм. Умуман урғочиси эркагидан каттароқ бўлади ва ташқи тузилишида сезиларли фарқ қилади (1-расм).
Эркагининг танаси урғочисиникига нисбатан хипчароқ; эркагининг мўйлови тана
узунлигига тенг келади, урғочиси-ники эса анча қисқа. Эркагининг оёқлари ҳам узун бўлади. Қўнғизларнинг танаси кул ранг – қорамтир тусда. Уст қаноти қисқа туклар билан қопланган; эркагида бу туклар узунасига ўтган чизиқлар ҳосил қилади. Личинкасининг бўйи 1,3-1,5 см келади; оч сариқ тусда; усти қаттиқ кутикула билан қопланган бўлиб иккала ёнбошдан туклар тўдаси яққол кўриниб туради; танасидаги сўнгги сегментининг охири икки-га ажралган (В.В. Яхонтов). Лалми экин қарсилдоқ қўнғизи танасининг бўйи 7,5-8 мм келади, асосида ранги қора, лекин сертуклигидан кул ранг бўлиб кўринади. Мўйлови, панжаси ва оёқларининг бўғимлари сариқ рангда бўлади. Мўйлови аррасимон ёки чўткасимон бўлади. Устқанотининг олд тарафи нозик эгатчали бўлиб, зич нуқтачалар билан қопланган.
Личинкасининг катталиги 1,5 см гача, туси оч сариқ рангда сийрак туклари бор. Танасининг охири конуссимон юмалоқ, кичкина қорамтир тишчаси бор.

1- р а с м. Симқурт: а-катта ёшдаги қурти, б-қурт зарарлаётган ўсимта ва ўсимлик
Қарсилдоқ қўнғизлар етук зот ҳамда личинка шаклида қишлайдилар. Одатда мартнинг биринчи ярмидан ер юзига асосан эркак қўнғизлар чиқа бошлайди. Урғочилари эса ернинг устки қаватида яшайди ва ахён-ахёнда ташқарига чиқади. Қўшимча озиқланган қўнғизлар урчиб тупроққа тухум қўяди. Бир урғочи зот 70 та гача тухум қўйиши мумкин. Шундан сўнг қўнғизлар ўлиб кетади. Тухумлар узоқ вақт ривожланиб 30-40 кун ичида улардан личинкалар чиқади. Дастлаб улар турли хил чириндилар билан озиқланиб ўсимлик шикастланмайди. Лекин пўст ташлаб ёшдан-ёшга ўтиб улғайган сари ўсимлик илдизи ва илдиз орқали поя ичига кириб зарарлай бошлайди. Ҳар иккала хил қарсилдоқ қўнғизининг личинкалари эрта кўкламда, Марказий Осиё шароитида феврал охирларидан апрелгача бўлган муддат ичида ғалла экинларига зарар етказади. Баҳордаги ёғингарчилик тўхташи билан личинкалар тупроқнинг чуқурроқ қаватига қочади ва кузгача уларнинг зарари деярлик сезилмайди. Личинкалар тахминан уч йил озиқланади ва кузга бориб тупроқнинг устки қатламида ғумбакка айланиб қўнғиз пайдо бўлади. Бу қўнғизлар ташқарига чиқмай қишки уйқуга кетади.
Қарсилдоқ қўнғизларнинг асосан личинкалари шикастлайди. Симқурт кўплаб ривожланган далаларда ғаллагулли ўсимликлар қўрий бошлайди. Бунга сабаб ўсимлик ниҳолларининг илдиз қисми ва поя ўзагининг шикастланишида. Хабарларга кўра, 1928 йили Қамаши туманининг чўл қисмида бу хашарот зараридан 70% гача лалмикор ғалла экинлари қуриб қолган. Муаллифлар назорати бўйича Зоамин туман хўжаликларида 1985 йили ҳар м2 буғдойзорда 2-4 та қарсилдоқ қўнғизи аниқланиб 8-12% ўсимликлар шикастланган эди. Умуман, симқурт шикастлаши эвазига ўсимлик кўчат сони камайиб ҳар гектар ердан олинадиган ҳосил миқдори 2-5 ц га камайиши мумкин.
Чертмакчилар қўнғизлар (Coleoptera) тукумининг, чертмакчилар (Elateridae) оиласига мансуб. Дунёда чертмакчи қўнғизларнинг 500 дан ортиқ турлари маълум. Шулардан Ўзбекистонда 16 тури учрайди. Улардан: Туркистон чертмакчиси – Agriotes meticulosus Cond. ва буртдор қўнғизсимон чертмакчи – Clon cerambycinus Sem. кўпроқ ўрганилган.
Қўнғизлари унча катта бўлмай узунлиги 5-8 мм ни ташкил этади. Танаси яссироқ ва ингичка – узун (2-расм). Туси кўпроқ тўқ-кул рангда. Мўйлови II-бўғимли ипсимон, аррасимон ва тароқсимон бўлиши мумкин. Олд елкасининг орқа томони кўтарилган ва чўзил-ган. Олд кўкрагининг остки қисмида ўсимтаси бўлиб у ўрта кўкрак чуқурчасида жойлашади. Шу тузилиш ёрдамида орқасига ағдарилган қўнғиз товуш чиқариб («чертиб») сакрайди ва ўгирилиб олади. Оёғининг барча панжалари 5 – бўғимлидир. Личинкалари узун шаклга эга бўлиб қаттиқ хитинланган. Шунинг учун уларни симқуртлар деб ҳам юритилади. Уч жуфт бир тенгликда оёғи бор; боши ясси, тепалари ривожланмаган; туси одатда сариқ ёки жигарранг. Катта ёшдаги личинкаларни узунлиги 15-20 мм ни ташкил этади. Тухумини ранги сарғиш бўлиб шаклида симметрия сезилмайди.
Ривожланиш хусусиятларига кўра, чертмакчиларни 2 гуруҳга бўлишади. Биринчисида зарар-кунанданинг етук зоти қишлайди. Улар апрел-май ойларида уйғонади ва қўшимча озиқланишга киришади. Бу даврда қўнғизлар яхши учиб турли майса барглари ва ҳатто дарахт муртаклари ва гул нишоналари билан озиқланади. Ҳашарот-лар урчиганидан сўнг, урғочи зот ернинг қатламига 3-5 тадан тўп-тўп қилиб тухум қўяди (ҳаммаси бўлиб 150-200 дона. Тухумлар 20-30 кун ривожланади. Тухумдан чиққан личинка-лар узоқ (3-4 йил) вақт ҳаёт кечиради ва шу даврда турли ўсимликларга шикаст етказади. Ҳар хил турларда 7 дан 14 мартагача пўст ташлаб ривожланган симқурт кузга яқин 10-12 см чуқурликда ғумбакка айланади. Ғумбак 7-30 кун ривож-лангач ундан қўнғиз пайдо бўлади ва қишловга кетади. Бир авлоди учун умуман 4-5 йил керак бўлади.
Чўл ва қора чертмакчиларнинг личинкалари қишлайди. Баҳорда ғумбакка айлангач ёзнинг биринчи ярмида етук зот пайдо бўлади. Урчиб туҳум қолдиргач етук зот ўлади. Булар тўрт йилда бир авлод беради. Симқуртлар кўпроқ оғир меха-ник таркибга эга бўлган тупроқларни ёқтиради. Улар намлик ва ҳарорат ўзгаришига жавобан тепага ва ёнига қараб хара-кат қиладилар.

2 – р а с м. Чертмакчи қўнғиз (Agriotes meticulosus Cond.) ва унинг личинкаси (симқурт). Симқуртларнинг ғўза майсаларини зарарлаши
Чертмакчилар тупроқга экилган уруғларни, ўсимликларни, кўчатларни, шунингдек ер ости меваларини шикастлайди. Симқуртлар буғдой, арпа, маккажўхори, тама-ки, ғўза, пиёз, лавлаги, кунгабоқар, картошка, сабзавот ва бошқа экинларга қаттиқ зиён етказиши мумкин. Улар илдиз, поя ва мева ичига кемириб кириб йўл ҳосил қилади. Поя, ёки ўсимлик қуриб қолади. Тошкент шаҳри атрофида жойлашган хўжаликларнинг экинлари одатда чертмакчилар билан қаттиқ шикастланади. 1967 йилдан 2000 йилгача Қибрай, Калинин ва Тошкент туман хўжаликларида (одатда баҳор фаслида) турли ҳил экинларни (карам, помидор, бақлажон, бодринг, картошка) чертмакчи симқуртларидан ҳимоя қилиб беришда муаллифлар қатнашган. Ўзбекистон шароити учун ҳар м2 ерда 2 дона симқурт мавжудлиги – суст зарарланиш; 3-5 таси – ўртача ва 5 тадан ортиғи кучли деб қабул қилинган.
Чертмакчи қуртларга қарши курашиш учун айниқса оғир механик таркибга эга бўлган соз тупроқли ерларга органик ва минерал ўғит солиб, албатта кузги шудгор ўтказиш. Бунда, биринчидан чертмакчиларнинг тухум ва қурти кўплаб механик равишда ва йиртқич жужелицалар ёрдамида қирилиб кетса, иккинчидан, личинкаларни юмшоқ ерда ҳаракат қилиши қийинлашади, учинчидан, бақувват ривожланган ўсимликни шикастга бардошлилиги ошади. Чигит ва сабзавот уруғини экишдан олдин гаучо, гаучо-М, далучо, аваланче каби маҳсус инсектицидлар билан қабул қилинган тавсияномалар асосида упалаш. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, илдиз кемирувчи барча зараркунандаларга қар-ши (шу жумладан симқуртлар) пиретроид группага оид инсектицидлар (цимбуш, кинмикс, децис, фастак, каратэ) истиқболли бўлиб ҳисобланади. Бунинг учун кичик экин майдонларида, ушбу дорилар эритмаларини кўчат остига қуйиб чиқиш (100-200 мл) кифоя бўлади.
3.2. Қора қўнғизлар –Tenebrionida
Қўнғизлар (Coleoptera) туркумининг, қора қўнғизлар (Tenebrionidae) оиласига мансуб. Қора қўнғизлар айниқса қуруқ чўл ва саҳролар учун ҳосдир. Умуман 15 мингдан ортиқ турга эга. Ўзбекистон шароитида ўсимликларга ғўза қора қўнғизи – Opatroides punctulatus Br. бурундор қора қўнғиз – Dailognatha nasute Men., шунингдек чўл секин юрар қўнғизи – Blaps halophila F.-W. ва қумлоқ секин юрар қўнғизи – Opatrum sabulosum L. – зиён етказиши мумкин (В.В. Яхонтов, 1953). Омбор маҳсулотларига зиён етказиши мумкин бўлган: ун хруҳаги – Tenebrio molitor L. – ва кичик хруҳак – Tribolium confusum Duv. шулар жумласидандир (Р.О. Олимжонов, 1977). Ертўлаларда учрайдиган қўланса қўнғиз (Blaps mortisaga L.) ҳам шу оилага мансуб. Бу оилага кирувчи ҳашаротларни қуйидаги умумий ҳусусиятлар ифодалайди.
Қора қўнғизларнинг танаси катта – кичиклиги ва шакл юзасидан турлича бўлиши мумкин. Танаси одатда сал йилтироқ қора тусда бўлади. Мўйловлари 10-11 бўғимли бўлиб, бирхилда тўғноғичсимон шаклга эга. Олд қанотлари қаттиқ қоплагич ҳосил қилиб олд елкасининг ёнбош четлари учли ингичкалашган. Кўп турларида орқа жуфт қанотлари йўқ. Олдинги ва ўрта оёқ панжалари 5 тадан, орқа жуфтиники эса 4 тадан бўғимга эга. Личинкалари икки шаклда бўлиши мумкин. Айримларининг шакли симқуртларга ўҳшаган бўлсада, танаси нисбатан юмшоқ ва қоринча охирида бир жуфт ўсимтаси бор. Бундай личинкалар намсевар бўлиб, кўпроқ ўрмонзорларда чириндилар билан озиқланади. Иккинчи гуруҳга қуруқсевар личинкалар киради. Уларнинг танаси узун ва силлиқ бўлиб, сохта симқуртлар деб аталади. Бу личинкаларнинг чин симқуртлардан фарқи шун-даки, уларнинг бош қисми яхши ривожланган бўлиб тепа лабга эга, шунингдек олд жуфт оёқлари орқа жуфтларига нисбатан узун ва бақувватдир.
Қора қўнғизларнинг кўп турлари кечаси ҳаракатланади, кундузи эса турли хил пана жойларда берки-ниб ётади. Бу қуруқ жойларни ёқтирадиган ва қурғоқчилик йиллари кўпроқ ривожланадиган ҳашаротлардир. Қўнғиз ва личинкалари қишлаши мумкин. Урғочи қўнғизлар узоқ муддат яшаб, ўз умрида бир неча марта туҳум қўйиши мумкин. Туҳумдан чиққан личинкалар ўз умрида 12 марта-гача пўст ташлаб 1-1,5 йил яшайди. Личинкалар тупроқнинг устки қисмида ривожланиб, узоқ вақт давом этадиган очарчи-лик ва қурғоқчиликка чидаш беради. Бир авлоди 1,5-2 йил давом этади.
Кўпчилик қора қўнғизларнинг личинкалари чертмакчилар сингари зиён келтиради. Ўсимликхўр турлари тупроққа экилган турли ҳил уруғликларни, ҳамда майса ўсимлик илдизини шикастлайди. Лекин, қумлоқ секин юрар қўнғизларнинг етук зотлари баҳорда турли хил ўсимликлар-нинг майсаси билан ҳам озиқланиши мумкин. Қўнғизлари: лавлаги, тамаки, кунгабоқар, ғўза, каноп, сабзавот ва шунга ўхшаган кўпгина ўсимликларга зиён етказиши мумкин.
Қора қўнғиз сохта личинкаларига қарши кураш худди чертмакчиларнинг личинкаларига қарши курашга ўхшайди. Қумлоқ секин юрар қўнғизининг етук зоти ўсимлик ниҳолларига ҳавф туғдирганда эса, унга қарши бирорта кемирувчилар учун тавсия этилган инсектицид пур-каш мумкин. Ғўзанинг мева тугунчалари ҳамда баргларига бошқа бир қатор тунламлар ҳам зарар етказиши мумкин. Булар бегона ўтлар билан боғлиқлигини янада кўпроқ сақлаб қолган турлардир. Буларнинг ҳаёт кечириши тунламларга ҳос бўлиб, бир бирига яқиндир. Улар маълум шароит яратилга-нида ғўзага ўтиб шикаст етказабошлайди. Бундай тунламлар-га қуйидагилар киради.
Беда барг филчаси ёки фитономус – Phytonomus variabilis Hbst.
Фитономус—Марказий Осиёда беданинг жиддий зараркунандаларидан бири бўлиб, ҳар йили энг қимматли биринчи ўрим бедани жуда қаттиқ зарарлайди. Беданинг ҳар бир поясида ўрта ҳисобда фақат битта личинка бўлганида гектардаги ўт ҳосили 17,2 центнер (қуруқ беда ҳисобида 4,56 центнер) камаяди. Одатда эса бедапоядаги зараркунанда анча кўп бўлади ва у зўр бериб урчиганида беда ҳосилининг 65 % га яқин қисми йўқолади. Фитономус қаттиқ зарарлаган беда хашагида одатдаги 3,6 % ўрнига 2 % жир ва 16,8 % ўрнига 9,8 % оқсил бўлади. Бир гектар бедапоянинг биринчи ўримидан ўрта ҳисобда 45 центнерга яқин пичан, агар беда фитономус билан қаттиқ зарарланса атиги 16 центнер пичан олинади; шу билан бирга бу пичанда 745 кг ўрнига атиги 157 кг оқсил ва 163 кг ўрнига фақат 32 кг жир бўлади. Бунинг устига, фитономус ўз ахлати билан бедани жуда ифлослайди, ахлатда кантаридин деб аталган ва молларга зарар қиладиган заҳар бўлади.
Шимолийроқ минтақаларда ёки кўкламнинг совуқ кунлари узоқ давом этса, беданинг иккинчи ўрими ҳам бирмунча зарарланади. Фитономус жуда қаттиқ зарарлаган беда гулламайди, демак фитономус уруғлик бедага ҳам зарар етказади.
Бу зараркунанда Марказий ва Олд Осиёда, Жанубий Қозоғистон, Қашқар ва Шимолий Ҳиндистонда, Покистоннинг Бенгалиягача бўлган шарқий қисмида, Европанинг жанубий ярмида, Кавказ ортида, Ўрта денгизнинг бутун шарқий қирғоғида, Шимолий Африкада, Мадейра ва Канар оролларида учрайди. 1904 йилда фитономус Америкага ўтиб, ундаги Юта, Колорадо, Вайоминг, Айдахо, Невада, Орегон ва Калифорния штатларига тарқалган.
Қўнғизнинг узунлиги (хартумчасидан ташқари) 5—7 мм келади; калласи узун найча шаклида олдинга чўзилиб туради. Ёш қўнғизлар сарғиш кул ранг тусда; танасидаги туклари ва тангачалари ишқалиб ейилган, кекса қўнғизлар эса қорамтир кул ранг тусда бўлади. Орқасининг олд қисми ўртаси бўйлаб оч рангли камбар чизиқча билан иккига бўлинган тўқ жигар ёки деярли қора рангли сербар қўшалоқ чизиқ ўтади. Қанотустликларининг ўртасида, уларнинг тубига яқин қисмида тўқ жигар ёки деярли қора рангли сербар доғ бор; учи орқа томонга йўналган бу доғ нотўғри пона шаклида бўлиб, қанотустликларидаги чокнинг тахминан учдан икки қисмини қоплаб туради (3-расм).
Тухуми эллипссимон бўлиб, узунлиги 0,5—0,65 мм ва эни 0,3— 0,4 мм келади. Янги қўйилган тухумлари оч сариқ рангли бўлиб, ривожланган сари қорая боради.
Личинкасининг узунлиги 10 мм гача етади; оёқлари бўлмайди. Танасининг қорин қисмидаги ҳар қайси сегментида иккита йирик бўртма бор, личинка ана шу бўртмалар ёрдами билан ўрмалайди. Личинкалар яшил рангли бўлиб, кўпинча сарғиш товланиб туради; калласининг

3-расм. Беда барг филчаси.
ранги тўқ қўнғир ёки қора; калласидан танасининг охиригача оч рангли камбар чизиқ ўтади.
Ғумбаги типик эркин бўлиб, етук қўнғизга ўхшайди. Ранги дастлаб сариқ, кейинчалик тўқ яшил тус олади. Ғумбаги кенг ҳужайрали майин тўқимадан ясалган думалоқ ёки калта овал шаклдаги оқ пилла ичига жойлашади. Ғумбагининг узунлиги 5,5—8 мм, эни 3,5—6 мм келади.
Ҳаёт кечириши. Фитономус вояга етган қўнғиз ҳолатида совуқдан ҳимояланган жойларга кириб қишлайди. Бу зараркунанданинг кўпчилик қисми далада, тупроқнинг юза қаватида қолади. Қўнғизлар қисман дала атрофидаги бегона ўтларда ҳам қишлайди.
Қўнғизлар, қишлаётган жойидаги ҳарорат 12°С гача кўтарилган пайтда уйғонади. Фитономус эрта кўкламдаёқ серҳаракат бўлиб қолади. Беда ўса бошлаши биланоқ қўнғизлар пояларда озиқланади ва пояларни хартумчаси билан тешиб, уларнинг ичига тухум қўяди.
Марказий Осиё шароитида ҳар бир урғочи қўнғиз 2500 гача тухум қўяди. Битта пояда кўпи билан 20—30 та тухум бўлади. Фитономус тухумларининг кўпчилигини ўса бошлаган беданинг пояси 10—12 см га етмасдан олдин қўяди.
Вояга етган қўнғизларнинг беда билан озиқланиши ҳосилга унчалик катта зарар етказмайди.
Тухумдан чиққан личинкалар бедапояларининг учларига кўтарилиб, барг қўлтиқларига ҳамда поя учларидаги куртакларга ўтади ва бу куртакларни кемириб шикастлайди. Далада личинкалар кўпайиб кетганида беда бутунлай ўсмай қолади.
Фитономуснинг катта ёшлардаги личинкалари барг қўлтиқларидан ва учки куртаклардан баргларга ўтиб, барглар билан озиқланади, баргнинг фақат деярли этини кемиради, томирларига тегмайди, Личинкалар олманинг эртаги навлари гуллай бошлаганда барг қўлтиқларидан баргларга кўплаб ўтади. Бу вақтдан кейин далалардаги бедалар сарғая бошлайди, беда барглари қурийди, ёш личинкалар ўсиш нуқталаринн кемириши сабабли ўсишдан тўхтаб, поялари қисқариб қолган беда ҳосили бутунлай нобуд бўлади. Личинкалар тезда беда баргларида пилла ўраб ғумбакка айланади. Фитономус личинкалари фақат беда билан озиқланади. Улар беданинг эрон навларини энг кўп, европа навларини эса камроқ шикастлайди.
Ғумбакдан чиққан ёш қўнғизлар бирмунча вақт бедада озиқланиб, сўнгра иссиқ кунлар бошланиши билан боғлардаги тўкилган барглар тагига, далалар ёнидаги ўтлар, қамишзорлар ва ҳоказолардан иборат салқин жойларга яшириниб ёзги уйқуга киради. Қўнғизларнинг кўпчилиги ўзлари озиқланган далалар яқинидаги жойларда ухлайди.
Ҳаво салқинлашганда қўнғизчалар вақтинча уйғониб озиқлана бошлайди. Бу вақтда беда ҳосили кўпинча ўриб олинган бўлади, шунинг учун қўнғизлар бедадан бошқа ўт ва экинларга, шу жумладан ёш ғўза майсаларига ҳам ёпирилади. Улар ғўза майсаларининг пояларини, уруғбарг ва дастлабки баргчаларини шикастлайди. Салқин давр тугагандан кейин қўнғизлар такрор ёзги уйқуга киради.
Ғумбакдан чиққан қўнғизларнинг жинсий маҳсулоти ривожланмаган бўлади, бу маҳсулот кеч куздагина ривожланиб етилади. Кузда, ёзги иссиқ кунлар тугагандан кейин фитономус такрор уйғониб, бирмунча вақтгача бедада озиқланади, шу йили экилган бедаларга ҳам жойлашиб олади, бироқ бу бедаларга унчалик зарар етказмайди, сўнгра қишки уйқуга киради.
Фитономус ҳароратга жуда сезгир бўлади, қишки кунлар салгина илиб, тупроқ 120С ва ундан кўпроқ исиши билан қўнғизлар кўпинча уйғонади. Қишки уйқудан уйғонган урғочи қўнғизлар беда анғизига тухум қўя бошлайди; бедапояда анғиз бўлмаса, бу ҳолда қўнғизлар бошқа қулай жойга учиб кетади. Ана шу сабабли, Марказий Осиёда анғиздан ва кузги поялардан тозаланган далаларга фитономус анча кам зарар етказади.
Фитономус йилига бир авлод беради, фақат кўклам фаслида, личинкалари пайдо бўлган вақтда зарар етказади. Фитономус ҳаётига унинг паразитлари, йиртқич ва касалликлари жиддий зарба беради. Улар туфайли фитономуснинг баъзан 95 % часи қирилиб кетади. Марказий Осиёда фитономуснинг йиртқичлари жиблажибон (Motacilla alba L) ва етти нуқтали тугмача қўнғизлар (Соссinella 7-punctata L.) дир, паразитлари- канидия (Сапidia exigua Gsrav.) номли яйдоқчи ва касалликлари —тарихиум (Таrichium phytonomi Iacz.) деб аталадиган замбуруғ касаллигидир. Булар фитономусни айниқса кўп қиради.
Фитономусга қарши кураш мақсадида ўсув даври бошида ёки бу даврнинг бошланиши олдидан бедапоялар от қўшиладиган дискали борона билан тўрт ғилдиракли тракторга тиркаладиган дискали борона билан икки йўла 4—5 см чуқурликда бороналанади. Бундай дисклаш натижасида қўнғизларнинг кўп қисми, шунингдек кунлар илиган вақтда қўйилган тухумларнинг бир қанчаси нобуд бўлади. Бундан ташқари, дискланган беда ўсишини тезлатиб, зараркунандаларга бардош бериш кучини оширади. Масалан, дискланган далада фитономус кам бўлганида бу зараркунанда беданинг ўсишини тўхтата олмайди, кўп бўлганида эса беда вақтинча ўсишдан тўхтаса ҳам, кейинчалик яна ўзини тутиб олади. Фитономус кўплаб тушган бедапоя дискланганида унинг етказадиган зарари тахминан 19 % камаяди. Бедапояни дисклаш (ёки бороналаш) вақтида ҳар гектар ерга 40 кг хисобидан 25 % ли гексахлоран солинса, бу тадбирнинг берадиган фойдаси янада ошади. Бироқ, далаларга беда олтин қўнғизи тушган бўлса уларни дисклаш ярамайди.
Гексахлоранни юқорида кўрсатилган миқдорда суперфосфатга аралаштириб ўғит сеялкаси билан солиб, кетма-кет бороналаса ҳам бўлади, лекин бу ҳолда суперфосфат қуруқ ва кукун бўлиши шарт.
Икки йиллик ва ундан кексароқ уруғлик бедапояларни, беда қандаласи ва битларига қарши курашдаги сингари, кузда қайта ҳайдаш фитономусга қарши курашда ҳам жуда яхши натижа беради; ҳайдаш вақтида бедапоянинг ҳар гектарига 40 кг ҳисобидан гексахлоран солинса, бу тадбир янада фойдали бўлади.
Беда кўкламда ўса бошлаганида фитономус билан анчагина зарарланган бўлса (бундай ҳодиса кўпинча гексахлоран солинмаган бедапояларда юз беради), экинлар 12 % ли гексахлоран дусти билан дориланади; бу дори самолётдан чангланганида гектарига 15 кг, ердаги аппаратлардан чангланганида эса 20—25 кг ҳисобидан сарфланади. Агар далалар ёнида тут дарахтлари бўлса, ипак қуртларини заҳарлаб қўймаслик учун, экинни тут дарахтлари барг ёзмасдан олдин дорилаш лозим.
Фитономусга қарши кўриладиган физик-кимёвий тадбирлардан бири кўклам эрта келган йиллари беда шохчалари 1—8 см га етганида, кўклам кеч келиб, ҳарорат 12°С дан паст бўлган йиллари эса шохчалар 15 см га етганида бедани мумкин қадар тагидан ўриб олишдир. Беда шундай эрта ўрилганида фитономус тухумларининг кўпчилиги беда билан бирга даладан ташқарига чиқарилади. Фитономус кам тушган ҳамда гексахлоран солинган бедапояларда бедани эрта ўришнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ.
Кўп йиллардан бери ўстирилаётган эски бедада фитономус тўпланиши ва унинг таъсиридан беда қаттиқ зарарланиши сабабли, бедани бир далада 3 йилдан ортиқ ўстирмаслик керак.
Бедапояларни ўғитлаш беданинг зараркунандаларга бардош бериш кучини ошириши туфайли, ўғитланган бедапояларга фитономус камроқ зарар етказади.
Уруғлик олинмайдиган бедага фитономус кўплаб тушганида, унинг гуллай бошлашини кутиб турмасдан ўриб олиш зарур. Биринчи ўришни фитономус личинкалари очиқ ҳаёт кечира бошлаган вақтда ўтказиш энг яхши натижа беради; бу вақт эртаги нав олмалар гуллаб бўлган даврга тўғри келади.
Муддатидан олдин ўрилган бедани қуримасдан олдин даладан чиқариб, беда анғизига 0,1 % концентрацияли натрий арсенит эритмаси пуркаш ёки гексахлоран дусти чанглаш керак; эритма гектарига 750—1000 л, дуст эса —15 кг ҳисобидан сарфланади.
Хашаки бедапояда зарпечак бўлганида, бир вақтнинг ўзида ҳам фитономусга, ҳам зарпечакка қарши курашиш учун, 4 % концентрацияли натрий арсенит эритмаси пуркалади. Дори пуркалган ёки чангланганидан кейин 2—3 кун ўтгач бедани қондириб суғориш лозим.
Фитономус личинкалари кўплаб тушганлиги аниқланганида уруғлик бедапояларга зараркунанда очиқ ҳаёт кечиришга ўтаётган даврда 32 % ли гексахлоран дусти чангланади; дори самолётдан чангланганида гектарига 15 кг, ерда юритиладигаи аппаратлардан чангланганида эса 20—25 кг ҳисобидан сарфланади. Гексахлоран дусти бўлмаганида, кальций арсенат ёки натрий кремнефторид чангланади. Кальций арсенат гектарига 10—12 кг ҳисобидан сарфланади; бу заҳар самолётдан чангланганида унга ҳеч нарса қўшилмайди, ерда юритиладиган аппаратлардан чангланганида эса гектарига 5—6 кг ҳисобидан ўтин кули ёки кўча тупроғи қўшилади. Натрий кремнефторид гектарига 20 кг ҳисобидан сарфланади.
Чанглаш ўрнига суспензия пуркаса хам бўлади. Бу ҳолда юқорида кўрсатилган муддатларда гексахлораннинг 0,2 % қаттиқ ёки 4 % суюқ совун ва сув аралаштириб тайёрланган 1 фоизли суспензияси ёки кальций арсенатнинг сув аралаштириб тайёрланган 0,3 фоизли суспензияси пуркалади. Биринчи суспензия гектарига 1000—1500, иккинчиси эса 1500-2000 л ҳисобидан сарфланади. Дорилагандан кейин қирилмай қолган зараркунанда кўп бўлса, 5—6 кун ўтгач уруғлик бедапоялар иккинчи марта дориланади. Беданинг ҳамма ўримини (асосан биринчи ўримини) мумкин қадар пастроқдан қирқиб ўриш керак.
Нўхат қўнғизи
Бу қўнғиз нўхат донлари — уруғлари ичидаги моддани кемириб ейиши билан зарар етказади. Масалан, Қамашидаги нўхат экинларида уруғларнинг 5 % дан зиёдроқ қисми нобуд бўлганлиги аниқланди.
Самарқанд атрофида етиштирилган нўхат намуналарида уларнинг 11 % ини нўхат қўнғизи шикастлаганлиги маълум. Қозоғистондан олинган маълумотларда бу зараркунанда айрим участкалардаги нўхат донларининг 20 % дан зиёдроғини шикастлаганлиги кўрсатилади.
Шикастланган донларнинг униш даражаси 75 % гача пасаяди ва нўхат қўнғизининг чиқиндилари билан ифлосланган донлар овқат учун ярамайди.
Марказий Осиёдан ташқари, Қозоғистонда, бутун Европада, Узоқ шимолдан ташқари (бу қўнғизнинг тарқалиш доираси Шимолий кенгликнинг 52° гача ёйилади), Узоқ Шарқда, Шимолий Африкада, Япония ва Ҳиндистонда, Шимолий ва Марказий Америкада нўхат экинларини зарарлаши маълум.
Қўнғизининг узунлиги 4—5 мм келади; калласи орқасининг олд қисми тагига томон букилиб туради; танаси деярли тўрт бурчакли. Қанотустликларининг учи юмалоқ бўлади ва қорнининг охиригача бориб етмайди, қанотустликлари қора-қўнғир ва оқ рангли доғлар билан қопланган. Мўйловларининг таги, олдинги ҳамда ўртаги оёқларининг панжа ва болдирлари сариқ рангли. Кўкрагининг олд қисми ёнларида биттадан тишча бор, бу тишчалар баъзан туклар орасида яққол кўриниб турмайди.
Тухуми ялтироқ сариқ рангли, чўзинчоқ, овал шаклда, 0,6 мм ча узунликда. Личинкасининг ранги биринчи ёшида қизғиш бўлиб, иккинчи ёшидан бошлаб сарғиш тусга киради; узунлиги 5—6 мм га етади, калласи кўкрак қисмига томон эгилиб туради; оёқлари йўқ, улар ўрнида думбоқчалар бўлади; кўкрагининг пастки томони майин тукчалар билан қопланган, бош қисми туксиз; орқасининг олд қисмида иккита хитин ўсиқча бор.
Ғумбагининг узунлиги 5 мм ча бўлиб, шакли етук қўнғизникига ўхшайди, ранги сарғиш.
Ҳаёт кечириши. Вояга етган қўнғиз ҳолатида (Россиянинг қора тупроқ бўлмаган зонасида тўртинчи ёшдаги личинкалик ва ғумбаклик стадияларида ҳам) омборлардаги, шунингдек далаларга ва янчиш вақтида ерга тўкилган нўхатлар ичида қишлайди. Кўкламда, ҳарорат камида 200С бўлганида қўнғизлар нўхат уруғларини кемириб тешиб, ташқарига чиқади. Бу қўнғизлар нўхат экинларини қидириб 3 километр масофагача учиб боради. Улар нўхат экинларига гуллаётган даврда тушади. Қўнғизлар нўхат гулларидаги чанг ва гултожи билан озиқланади, агар уларни емаса урчимайди.
Урғочи қўнғиз тухумларини нўхатнинг ёш дуккакларига, ўз танасидан чиқарган ва тез қуриб қоладиган суюқ томчи устига қўяди. Тухум қўйиш даври тахминан 2 ҳафта давом қилади. Битта урғочи қўнғиз ўрта ҳисобда 130 та, кўпи билан 730 тагача тухум қўяди.
Тухумдан чиққан личинкалар дуккаклар ичига кириб, аввало ундаги дуккак палласининг тўқималари билан озиқланади, сўнгра нўхат дони ичига киради. Ҳар бир нўхат донига фақат битта личинка жойлашиб, унинг ичидаги моддаларнинг кўпчилик қисмини ейди, баъзан муртакка тегмайди; шу сабабли бундай нўхатнинг униш хусусияти кўпинча сақланиб қолади.
Личинка ёз охири ёки кузда нўхат дони ичида ғумбакка айланади. Личинканинг кемириши натижасида ҳосил бўлган бўшлиқ, ғумбаклаш олдида нўхатнинг ташқи пўстигача бориб етади; бу пўстнинг четлари личинка томонидан кемирилган бўлади ва личинканинг устида думалоқ; қопқоқча вужудга келади. Ғумбаклик даври тахминан 3 ҳафта давом қилади. Шу кузнинг ўзидаёқ ғумбакдан вояга етган қўнғиз чиқади, лекин у баҳоргача нўхат ичида ёта беради. Нўхат илиқ бинода сақланганидагина қўнғизлар нўхатдан чиқиб бино ичида қишлайди.
Бу зараркунанда йилига бир бўғин беради. Нўхат қўнғизи нўхатдан бошқа ҳеч қандай ўсимликни зарарламайди, шу билан бирга нўхатнинг кеч гуллайдиган навларини камроқ зарарлайди, омборлардаги нўхатга зарар етказмайди.
Нўхат қўнғизига қарши курашда нўхат донларини айниқса уруғлик нўхатни углерод сульфид билан дезинсекция қилиш энг яхши натижа беради. Бунинг учун бинонинг ҳар 1 м3 га 100—120 г хисобидан углерод сульфид сарфланади. Дезинсекция қилишда нўхат уюми 75—100 см дан қалин бўлмаслиги шарт. Нўхат қоплоғлик бўлса, дезинсекция олдидан қоплар ўртасида салгина оралиқ қолдирилиб, тўрт қават қилиб тахланади. Уруғлик нўхатни дезинсекция қилиш учун бинонинг ҳар 1 м3 га 25—35 г ҳисобидан хлорпикрин ҳам ишлатилади. Дезинсекция қилинадиган нўхатнинг намлиги 15 % дан ошиқ бўлмаслиги керак.
Кейинги йиллардаги тажрибаларга кўра, нўхатни бу зараркунандадан юқумсизлантириш учун метил бромиддан фойдаланса ҳам бўлади. Бу препарат бинонинг ҳар 1 м3 га 15—35 г ҳисобидан сарфланади ва бинодаги ҳароратга қараб дезинсекция 12—48 соат давом қилдирилади. Метил бромид ўрнига бинонинг ҳар 1 м3 га 400—450 г ҳисобидан хлор аралашмаси ишлатилса ҳам бўлади.
Кейинги вақтда уруғлик нўхатни газ ўрнига гексахлоран билан, оз миқдордаги уруғликни эса нафталин билан юқумсизлантириш усули қулланмоқда. Бу ҳолда уруғлик нўхат гексахлоран дустига булғаб олинади, бунинг учун 1 тонна уруғликка 2 кг 12 фоизли гексахлоран дусти сарфланади. Бунда, уруғни дорилаш учун машиналардан фойдаланса ҳам бўлади.
Шу усулда дориланган нўхатлардаги қўнғизлар 15—25 кунда қирилиб бўлади. Нўхат нафталин билан 15 % дан ортиқ нам бўлмаганида дориланади. Уруғлик нўхат ҳарорат камида 20—25°С бўлганида энг ками 7 сутка дориланади. Бир тонна уруғни дорилаш учун 1—2 кг нафталин сарфланади. Нафталин билан дориланган нўхат пишиқ қопларда сақланиши керак.
Овқатга ишлатиладиган нўхатни, водород сульфид билан фумигация қилиш иложи бўлмаганида, уни ош тузи намакобига солиб тозалаш мумкин. Намакобнинг концентрацияси нўхатнинг навига қараб белгиланади. Масалан, ўртача катталикдаги нўхат донларини тозалаш учун 16 л сувга тахминан 3 кг туз қўшилади. Намакоб бетига чиққан нўхатлар йўқ қилинади, соғлом донлар дарҳол сувда ювилиб қуритилади.
Уруғлик нўхатни баъзан аммиакли селитра эритмаси ёки ош тузи намакобида тозалайдилар. Бу ҳолда ўртача катталикдаги донларни тозалаш учун 16 л сувга 8 кг селитра солинади. Бу йўл билан тозаланган донлар сувда ювилганидан кейин соя жойга юпқа қилиб ёйиб қуритилади.
Омборларда нўхат қўнғизи борлиги гумон қилинганида, омбор яхшилаб тозаланади ва газ билан дезинсекция қилинади. Газ билан .дезинсекция қилиш иложи бўлмаганида, нўхат тўкилгунча омборнинг деворлари ва шипи 7 % ли мой эмульсияси билан, поли эса 10—15 % ли ўювчи натрий эритмаси билан дориланади.
Нўхат дони янчилган жойларда қолган хас-чўплар йиғиштириб олиб ёндирилади ёки ерга кўмиладн, нўхат тўпони қўнғизлар уча бошлагунча (мартнинг ярмигача) молга егизилади.
Ҳосилни ўриб-йиғиб олгандан кейин нўхат далалари лушчильник билан юза юмшатилади ва кузда чуқур ҳайдаб шудгорланади.
Нўхат қўнғизи кўплаб тарқалган жойларда ўтган йиллари нўхат янчилган жойларга яқин ерларга зараркунандани жалб қилиш учун эрта муддатда сеялка кенглигида нўхат экиш тавсия қилинади. Бу экинлар нўхат дуккаклари етила бошлаган вақтда ўрилиб молга егизилади.
Нўхат донларининг ерга тўкилишига йўл қўймаслик учун, уларни ўз вақтида ўриб-йиғиб олиш керак.
Нўхат қўнғизи кўплаб урчийдиган жойларга экиш учун донлари камроқ тўкиладиган ва кеч гуллайдиган нўхат навларини танлаш керак.
Экинларга қўнғизлар кўплаб тушганида, 12 фоизли гексахлоран дустини икки марта чанглаш тавсия қилинади (Иванова, Шорохов). Биринчи чанглашда (ўсимликларнинг 50 % гуллаган даврда) самолёт ишлатилганида ҳар гектарга 10—12 кг, ерда юргизиладиган аппаратлар ишлатилганида эса гектарига 20 кг гексахлоран сарфланади. Биринчи чанглашдан 2—8 кун кейин экин такрор дориланиб, бунда самолёт ишлатилганида гектарига 10 кг, ерда юргизиладиган аппаратлар ишлатилганида эса 20 кг гексахлоран сарфланади.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий – тадқиқот институти Фарғона минтақавий филиали жамоаси.
















