140 йиллик тарихга эга Ўзбекистон асаларичилиги шуҳрати қайта тикланадими?

Ўзбекистон асаларичилиги қарийб 140 йиллик тарихга эга. Юртимизда йиғилган шифобахш болнинг довруғи эса дунёга кетган. У Германия, Франция, Греция, Япония каби давлатларга экспорт қилингани шундай дейишимизга асос бўла олади.  Афсуски, ўтган асрнинг охирларига келиб, бу бозорни йўқотдик.
Табиий савол туғилади: асаларичилигимиз шуҳрати қайта тикланадими?

— Бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар айни шу мақсадга қаратилган, — дейди “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси раиси Шерали Суярқулов. — Президентимизнинг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эътибордан четда қолган мазкур тармоқни ривожлантириш сари ташланган муҳим қадам бўлди. Негаки, охирги йигирма-ўттиз йиллар давомида мазкур соҳада кўплаб муаммолар йиғилиб қолган, бол етиштириш ҳажми пасайиб кетганди. Асаларичилик билан шуғулланувчи корхоналарни эса биров билиб, биров билмасди.

Ушбу ҳужжатга асосан ташкил этилган уюшмамиз зиммасига уларнинг бошини қовуштириш, ҳар томонлама кўмак бериш орқали шифобахш неъат етиштириш ҳажмини ошириш каби кўплаб вазифалар юклатилди.
Бугунги кунда республикамиздаги тахминан 13 мингга яқин асалчилар фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан 674 мингта асалари оиласи парваришланиб, йилига 15 минг тонна шифобахш маҳсулот олинаяпти.

xs.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!