Чувалчанг етиштириб катта даромад олаётган избосканлик мактаб ўқувчиси

Калифорния қизил чувалчанги тайёрлаб берадиган биогомес орқали ҳосилдорликни 10 карра ошириш мумкин.

Самандар Мансурбеков — Избоскан туманидаги 32-мактабнинг 11-синф ўқувчиси. У интернет орқали чувалчанг етиштиришга оид видеоларни кўриб қолади ва бу ишга қўл уриш иштиёқи туғилади.

Даставвал мактабнинг фойдаланилмайдиган эски биносида биореактор ташкил этиб, 3 қути чувалчанг олиб келиб етиштира бошлайди. Кейинчалик эса мактаб ҳовлисидан иссиқхона қуриб, ўша ерда фаолиятини давом эттиради.

У ўз ишини мактаб директоридан маблағ олиб бошлаган. Ҳозирда у олган маблағини тўлиқ қайтариш баробарида, олий таълим муассасасида ўқийдиган опасининг тўлов шартнома пулларини тўлади. Оилага ойига ўртача 8-9 миллион сўм даромад келтирмоқда.

«Калифорния қизил чувалчанги кечаси-ю кундуз ишлайди. Бир жинсли бўлгани учун тез кўпаяди. Бир ҳафтада битта тухум қўяди ва тухумдан ўртача 16 тадан 24 тагача бола чиқади. Чувалчанг ишлаб чиқарадиган биогомес экология учун фойдали бўлиш билан бир қаторда, битта кўчатга ўнта кўчатнинг кучини беради, яъни битта кўчатдан ўнта кўчатнинг ҳосилини олиш мумкин», – дейди Самандар Мансурбеков.

Келажакда қаҳрамонимиз фаолиятини янада кенгайтириш ва кўпроқ даромад қилиш ниятида.

Абдували Қурбонов, Kun.uz мухбири