Самарқандда 24 минг гектардан ортиқ майдонда сув тежовчи технология ўрнатилади

Жорий йилда вилоятда 24 минг 118 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш режалаштирилган.

Жумладан, 20 минг 162 гектар майдонда томчилатиб, 100 гектар майдонда ёмғирлатиб, 2960 гектар майдонда эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш ҳамда 9 минг 800 гектар майдонни лазер ускунаси ёрдамида текислаш мўлжалланган.

Бугунги кунда 20 минг 212 гектар майдонда ана шундай технологияларни ўрнатиш юзасидан мутасадди ташкилотлар билан кластер ва фермер хўжаликлари ўртасида шартномалар тузилган ҳамда қурилиш ишлари бошланган.

Бу ҳақда Сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамроев иштирокида Самарқанд шаҳрида қурилиш ташкилотлари ҳамда ташаббускор кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида сув тежовчи технологияларни жорий этишни кенгайтиришга бағишланган кўргазмали семинарда маълумот берилди.

– 2021 йилда республикамизда сувни тежайдиган технологиялар жорий этиладиган ер майдонлари беш баробарга кўпайтирилади, – деди Ш.Ҳамроев. –  Жами сув тежайдиган технологиялар билан таъминланган майдон 430 минг гектарга етказилади. Сувни тежаш ҳисобидан 90 минг гектар янги ер ўзлаштирилади.

Семинарда сув тежовчи технологияларнинг афзалликлари, ушбу технологияларни жорий этганларга давлат томонидан субсидия беришнинг янги тартиби тушунтирилди.

Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ахборот хизмати.

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.