Самарқандда 1000 тоннадан ортиқ помидор маҳсулотлари экспорт қилинди

Кўпчилик помидор, бодринг, қулупнай сингари экинларни иссиқхона шароитида етиштириш орқали экспортга йўналтириш самарали деб ҳисоблайди.

Жомбой туманидаги кўпни кўрган, тажрибали бободеҳқонлар очиқ ер майдонида ҳам экспортбоп маҳсулот етиштириш имконияти мавжудлигини амалда исботлашган.

Гап шундаки, туманнинг “Оқ олтин” Механизациялашган машина-трактор парклари ҳудудида жойлашган “Агро Гумуш Жомбой” МЧЖ томонидан туркиялик ҳамкорлар билан 25 гектар ер майдонида помидорнинг “Ложейн” нави парваришланмоқда. Ушбу нав серҳосил, экспортбоп, асосан қуритилган ҳолатда ва томат пастаси ишлаб чиқаришда жуда қўл келади.

Ҳозирда “Агро Гумуш Жомбой” МЧЖ қошида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифатли тарзда сақлаш ва экспортга йўналтириш мақсадида 500 тонна сиғимга эга бўлган замонавий музлатгич ишлаб турибди.

Жорий йилда корхона томонидан 2 минг 500 тоннадан ортиқ сифатли помидор маҳсулоти йиғиштириб олиниб, уни саноат асосида қайта ишлаган ҳолда чет давлатларга экспортга чиқарилиши режалаштирилган.

Маълумот тариқасида шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, вилоят миқёсида 1000 тоннадан ортиқ бўлган қиймати 601 минг АҚШ доллари қийматида помидор маҳсулотлари экспорт қилинишига эришилди.

Бунда “Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида соддалаштирилган божхона расмийлаштируви орқали қисқа вақт мобайнида товарларни экспортга йўналтириш борасида экспортёр корхоналарга божхона ходимлари томонидан 24 соат давомида яқиндан ёрдам берилмоқда.

Манба: customs.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!