ЎЗИ ШИФОБАХШ, ДАРОМАДИ МЎМАЙ

Ҳаракатда баракат

Асал — минг дардга даво, дейишлари, Абу Али ибн Сино ҳам «Тиб қонунлари» асарида келтирган тавсияларнинг 500 дан ортиғи айнан асал билан боғлиқ экани бежиз эмас. Ундаги дармондори ва шифобахш моддалар бошқа ҳеч бир озуқада учрамайдики, шамоллаш, ҳолсизлик, асаб тўқималари касалликларида асалдан яхши даво йўқ. Шунинг учун бу маҳсулотга ички ва ташқи бозорда талаб бирдек юқори. Демакки, асал етиштириш фаолияти билан шуғулланиш ҳар томонлама ўзини оқлайди.

Аҳамиятлиси эса юртимиз иқлими асал етиштириш учун жуда қулай. Шунга кўра, бугун вилоятимизда ҳам асаларичилик билан шуғулланиб, аҳолига шифобахш маҳсулот таклиф этаётган, шунинг баробарида манфаатдорлиги ортаётган субъектлар сони кўпайиб бормоқда.

Шаҳрисабз туманининг Абзият маҳалласида яшовчи Хуршид Имомов ҳам шундай тадбиркорлардан бири. Тан олиш керак, у дастлаб омадини чет элдан излаб кўрди, қора ишдан топгани рўзғорни жуда гуллатиб юборди, десак муболаға бўлар. Кейин бобосидан мерос машғулот — асаларичилик билан бир муддат шуғулланиб кўришга аҳд қилди. Дастлаб эришганлари ҳам хорижда қийналиб топганидан мўмайроқ туюлди. Кейин бу фаолиятга борини берди ва шундан кейин бири икки, рўзғори бут, турмуши обод бўла борди.

— Ҳозир 40 асалари оиласини парваришлаяпмиз, — дейди у. — Жорий йилда ҳар бир асалари оиласидан 35 килограммгача, жами бир тоннадан зиёд маҳсулот олдик. Тўғри, асаларичиликнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор, кўп ва сифатли маҳсулот олиш учун чўлдан тортиб тоғли ҳудудларгача ойлаб юришга тўғри келади. Аммо меҳнат-машаққат бўлмаса, манфаат ҳам бўлмайди-да.

Айни пайтда Хуршид Имомов юртимиз асаларичиларига берилган имтиёзлардан унумли фойдаланиб, фаолиятни янада кенгайтириш, асал етиштиришнинг замонавий усуллари бўйича режа тузмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 октябрдаги «Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2021 йилга бориб 23,7 минг тоннагача етказиш назарда тутилган.

                                                            Собир НАРЗИЕВ. «Қашқадарё» газетаси

Дўстларингизга ҳам улашинг!