Карантин чўзилса, бирин-кетин пишадиган қулупнай, гилос, ўрикларнинг тақдири нима бўлади? Вазир ўринбосари изоҳ берди

Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Саидкамол Хўжаевнинг айтишича, коронавирус пандемияси таъсирида юзага келган глобал инқироз шароитида қишлоқ хўжалиги соҳасида юзага келаётган муаммоларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида вазирлик ҳузурида 24/7 режимида узлуксиз фаолият юритувчи штаб ташкил этилган.

“Вужудга келган коронавирус пандемияси жаҳон савдосининг барча тармоқларига таъсирини ўтказмоқда, қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳам бундан мустасно эмас. Хусусан, маҳсулотларни ташқи ва ички бозорларга олиб чиқишда, жумладан ташишда ҳаракат эркинлигини чеклаш бўйича қатор давлатлар томонидан кескин чоралар кўрилаётганлиги барчамизга маълум.

Шунга қарамай, қишлоқ хўжалиги соҳасининг аҳамиятли томони, бу соҳага барча давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги таянади ҳамда Ўзбекистон қишлоқ-хўжалиги маҳсулотларининг асосий харидор давлатлари ҳисобланадиган Россия, Қозоғистон, Кирғизистон, Беларуссия, Украина ва бошқа давлатлар бу маҳсулотлар киришига чегараларини ёпгани йўқ ва маҳсулотлар импортига қўшимча енгилликлар киритилди.

Хусусан, жорий йилнинг 30 июнига қадар Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти давлатлари картошка, пиёз, саримсоқпиёз, карам, сабзи, қалампир ва бошқа товарларга импорт қилишда божхона тўловларидан озод этиш белгиланган. Ушбу давлатларда сабзавотларга бўлган талаб кескин кучайиши кузатилмоқда ва бу бозорлардаги сабзавотларга бўлган нархлар 1,5 баробарга кўтарилмоқда”, дея Саидкамол Хўжаевнинг сўзларини сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти кенгаши келиб чиқиш сертификатини (СТ-1 шакли) вақтинча соддалаштиришга қарор қилган. Бу олти ой давомида сертификатларнинг қоғоз ёки электрон нусхаларидан фойдаланишга ва асл нусхаларини божхона декларациясида кўрсатмасликка имкон беради ҳамда божхона ҳужжатларини тезроқ расмийлаштиришга ва юкларни чегарада туриб қолмаслигига имкон яратади.

“Ҳозирги кунда кўшни давлатлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотларини, хусусан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда ҳеч қандай тариф ёки нотариф барьерлар мавжуд эмас. Коронавирус пандемияси таъсирида юзага келган глобал иқтисодий инқироз шароитида экспортчилар ва тадбиркорларда юзага келаётган муаммоларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида 24/7 режимида узлуксиз фаолият юритувчи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш штаби ва “Call centerlar” ташкил этилган.

Штаб томонидан, тадбиркорларда етиштириш, экспорт қилиш ва ички бозорларга етказиш фаолиятини барқарорлигини таъминлаш бўйича юзага келаётган масалаларга тезкор ечимлар топиш учун тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда”, дейди у.

Аввалроқ Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари шахсий транспортда ҳаракатланиши учун махсус рухсатнома талаб қилинмаслигини маълум қилишган эди.

14 апрель куни бўлиб ўтган видеоселекторда президент Шавкат Мирзиёев бу йил қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси вакиллари учун катта синов ва кенг имкониятлар йили бўлишини таъкидлаган ва мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида маҳсулот етиштириш ҳажмини 2 баробарга оширишни вазифа этиб белгилаганди.

Манба: kun.uz