Йилига 150 миллион сўмгача даромад қиладиган Сирдарёдаги қовунчи деҳқонлар маҳалласига фотосаёҳат

Жиззах вилоятига отланган ҳар бир йўловчи Сирдарё вилоятининг Ховос тумани ҳудудидан ўтар экан, беихтиёр йўл ёқасидаги қовунларга кўзи тушади. У тарафларга биринчи марта борган киши хонадонлар ҳовлисига тизиб чиқилган қовун тиликларини кўриб, ўзини гўё «бананлар сайли»га келиб қолгандек ҳис қилади. «Дарё» мухбирлари Ховоснинг «Оқчангал» маҳалласида бўлиб, мазкур полиз маҳсулоти ортидан мўмайгина даромад топаётган деҳқонлар билан суҳбатлашди.

«Пайкал уйимиздан 50 километр узоқда жойлашган»

Ҳамкасбим билан Жиззахдаги ижодий сафаримизни якунлаб, пойтахтга қайтар чоғимиз Ховос тумани, «Оқчангал» маҳалласидан репортаж тайёрлашга қарор қилдик. Қовун тиликларини дур каби тизилгани ва бу манзаранинг катта йўл четидаги деярли ҳар бир хонадон ҳовлисида учратганимиз қизиқишимизни янада оширди.

65 ёшли Норқул Жангировнинг айтишича, у ҳар йили оила аъзолари билан 4-5 гектар ерда қовун етиштиради.

«Қовун экиб, деҳқончилик қилиш авлоддан авлодга ўтиб келяпти, бу ота-боболаримизнинг касби. Ақлимни таниганимдан бери пайкал ичидаман, чорвачилик қиламан. Қўни-қўшнилар ҳам қовун ортидан даромад топади. ‘Оқчангал’даги хонадонларнинг 80 фоизи деҳқончилик, чорвачиликнинг ҳадисини олган. Бу ҳудудни бежиз ‘қовунчилар маҳалласи’ дейишмайди.

Ушбу полиз маҳсулотини ҳар сафар турли жойларга экамиз. Чунки қовун жой танлайди, дуч келган ерга экилмайди. Тоза ва унумдор ерда ҳосил мўл бўлади. Асосан, шоли, ғалла ва пахтанинг ўрнига экамиз. Унумдор, ‘кучи бор’ ерлардаги битта палакдан саккизтагача ҳосил олиш мумкин. Қовун кўчатларини ҳам ўзимиз етиштирамиз.

Бу йил 5 гектар майдонга оқ ва қора навли қовун кўчатларини экдик. Пайкалимиз уйимиздан 50 километр узоқда жойлашган. Фарзандларим, невараларим билан ёз бўйи пайкал ичидамиз. Уларни деҳқончилик орқали оилали, уйли-жойли қиляпман», — дейди Норқул ака.

Экспорт қилинаётган қовун қоқилар

Суҳбатимиз давомида миришкор қовун қоқига оид саволларимизга ҳам жавоб берди.

«10 килограмм қовундан 1 кг қоқи ва 200 грамм уруғ оламиз. Қоқи тайёрлаш мавсуми бир ярим ой: сентябрдан то октябрнинг ярмигача қизғин давом этади. Биз учун ҳар бир дақиқа, айниқса, қуёшли кунлар ғанимат. Қоқилар жуда иссиқ пайтда уч, тўрт кунда пишади. Ҳозир кунлар салқин бўлгани учун узоғи ўн суткада тайёр бўляпти.

Қоқи тайёрлаш учун маҳалладаги ишсиз хотин-қизларни жалб қиламиз. Беш, ўн нафар ишчи аёлларга кунига 60 минг сўмдан меҳнат ҳақи берилади.

Қоқиларни Тошкент, Самарқанд ва водий вилоятларидан тадбиркорлар келиб олиб кетади. Улар бу қоқиларни, асосан, Россияга экспорт қилади. Қоқиларни кўпинча буюртма бўйича тайёрлаймиз. Айни кунларда икки тонналик буюртмани тезроқ тайёрлаш ҳаракатидамиз. Бир килограмм қоқини 10—15 минг сўмдан сотамиз», — деди деҳқон.

«Даромадимиз ҳажми об-ҳаво ва ер унумдорлигига боғлиқ»

Унинг таъкидлашича, қишда ҳам полиз маҳсулотларини сўраб келувчи харидорлар кўпчиликни ташкил этади.

«Уйимиз катта йўл ёқасида жойлашгани учун қишда ҳам кимдир тарвуз, кимдир қовун сўраб келади. Февраль, март ойларигача қовунларни асраймиз, баҳорда ҳам сотамиз.

Биласизми, қовуннинг кони фойда, зарари йўқ. Уруғининг килограммини 20—25 минг сўмдан сотамиз. Асосан, Ҳиндисонга экспорт қилиняпти. У давлатда уруғларни фармацевтика соҳасида ишлатишади. Қовун пўстлоғини қуритиб, қишда мол-қўйларга берамиз.

Деҳқончилик орқали йилига 150 миллон сўмгача даромад топамиз. Баъзи йилларда ҳаражатларимизни ўзи қопланади, холос. Бизнинг қанча пул топишимиз об-ҳавога, ер унумдорлигига ва, албатта, оилавий ҳаракатимизга боғлиқ. Яхши ниятлар билан ҳаракат қиляпмиз, Аллоҳ барча деҳқонларга барака бераверсин», — деди Норқул Жангиров.

«Қовун экиб, кам бўлганимиз йўқ»

Гулнора Норжигитова ҳам қовунчилар маҳалласидаги миришкорлардан. У яқинлари билан деҳқончилик қилади, шу орқали фарзандлари вояга етяпти, оилали бўляпти.

«Болалигим пайкалда ўтган, ота-онам қовун экиб, ҳалол меҳнати орқали бизни боққан. Шу боис бу хонадонга келин бўлиб тушганимда, қовунчилик билан шуғулланишга қийналмаганман. Ўзим олдин қишлоқ врачлик пунктида ҳамшира бўлиб ишлаганман.

Ҳар йили ўртача 5 гектарга қовуннинг оқ навини экамиз. Бу нав эрта пишади ва яхши ҳосил беради. Пайкал ва уйимизнинг орасидаги масофа 35 километрни ташкил қилади. Ҳар куни машинада бориб келамиз. Ёз кунларида чайла қуриб, ўша ерда яшаймиз.

Бир йилда 2-3 тонна қовун қоқи тайёрлаймиз, экспорт қилувчилар келиб олиб кетади. Қовун уруғини ҳам ювиб, қуритамиз ва йилига 700-800 килограммгача сотамиз.

Бу полиз маҳсулотидан йилига келадиган жами даромадимиз 100 миллион сўм атрофида. Деҳқончилик орқали келин тушириб, қиз чиқардик. Турмуш ўртоғим бошчилигида фарзандларим билан қовун экиб, кам бўлганимиз йўқ. Турмушимиздан хурсандмиз», — деди Гулнора Норжигитова.

Матн муаллифи: Миролим Исажонов

Манба: https://daryo.uz/k/2021/09/16/yiliga-150-million-somgacha-daromad-qiladigan-sirdaryodagi-qovunchi-dehqonlar-mahallasiga-fotosayohat/