2020 йилда 2,1 млн гектар майдонда ғалла ва пахта етиштирилмоқда — вазир ўринбосари

Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Саидкамол Хўжаевнинг маълум қилишича, 2020 йилда республика бўйича 1 млн 78 минг гектар суғориладиган майдонга ғалла, 1 млн 33 минг 629 гектар майдонда пахта етиштирилмоқда.

Фото: Ўздонмаҳсулот

“Карантин даврида жойларда ғалла ва пахта етиштириш ишлари кечиккани йўқ, барча агротехник тадбирлар белгиланган режа асосида амалга оширилмоқда. Жорий йил ҳосили учун республика бўйича 1 млн 78 минг гектар суғориладиган майдонларга кузги бошоқли дон экинлари экилиб парваришланмоқда. Режага кўра, 7 миллион 640 минг тонна ёки ҳар гектардан ўртача 71 центнердан ғалла етиштириш кўзда тутилган.

2020 йилда қўшимча минерал ўғитлар ажратилиши ҳисобига ғалладан қўшимча 20 центнердан ҳосил олишга замин яратилмоқда. Ғалла майдонларининг 216 минг гектари бошоқлаш, 862 минг гектари найчалаш фазасида ривожланмоқда”, дея Саидкамол Хўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир ўринбосарининг айтишича, ҳозиргача республика бўйича 697 минг гектар ёки 67фоиз майдонга чигит экилган.

“Айни пайтда 2020 йил пахта ҳосили учун чигит экиш мавсуми қизғин паллага кирган. 2020 йил ҳосили учун 136 та туманда 26 минг 952 та фермер хўжалиги, 96 та кластер ва 22 та кооперацияда 1 млн 33 минг 629 гектар майдонда чигит экиш белгиланган.

Ҳукуматимиз томонидан чигит экиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этишга зарур барча моддий ресурслар захираси яратиб берилган, техника таъминоти ва хизмати йўлга қўйилган ҳамда зарур кредит маблағлари билан узлуксиз таъминланмоқда.

Барча вилоят, туман ва фермер хўжаликлари ва кластерларида бўлиб ўтган ёғингарчиликлардан кейин чигит экиш ишлари яна бошланиб кетди. Чигит экиш мавсумида қатнашадиган барча механизаторлар ва ишчилар карантин тартибларига риоя қилган ҳолда жалб қилинган ва ишлар график асосида ташкил этилган”, деди Саидкамол Хўжаев.

Дўстларингизга ҳам улашинг!