Вазир ўринбосари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тадбиркорларга тақдим этилган имтиёзлар ҳақида маълумот берди

Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Саидкамол Хўжаев Ўзбекистон президентининг 2020 йил 3 апрелдаги фармонида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тадбиркорлар учун қандай имтиёзлар кўзда тутилганини маълум қилди.

Саидкамол Хўжаев Фото: Uzreport TV

“Ўзбекистон президентининг тегишли фармонига асосан, 2020 йил 1 октябрга қадар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан барча тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларини тўлдириш учун бериладиган кредитлар бўйича кредит суммасининг 75 фоизидан ошмаган (10 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган) ҳажмда кафиллик тақдим этилади.

Шу билан бирга, барча тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларини тўлдириш учун Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдордаги фоиз ставкаси билан миллий валютада берилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация берилади. Битта қарз олувчига давлат жамғармаси томонидан бир вақтнинг ўзида ҳам кафиллик, ҳам компенсация беришга қўйилган чеклов бекор қилинди”, дея Саидкамол Хўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир ўринбосарининг айтишича, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга, шу жумладан 2020 йил 1 апрелга қадар аниқланганларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, шунингдек, кўрсатилган солиқлар бўйича оширилган ставкаларни қўллаш натижасида юзага келган қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартиби тўхтатилган.

“Шунингдек, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахслар томонидан газ ва электр энергияси бўйича олдиндан ҳақ тўлаш тўғрисидаги мажбурий талаб 30 фоизгача пасайтирилди. Тижорат банклари томонидан молиявий қийинчиликларга дуч келган юридик ва жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловлар 2020 йил 1 октябрга қадар кечиктирилди. Амалга киритилган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздорларнинг муддати ўтиб кетган кредитларига гаров таъминоти бўйича жарима санкциялари ва ундирув чоралари қўлланмайди.

Мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказилиши лозим бўлган хўжалик юритувчи субъектларни 2019 йил якунлари бўйича аудиторлик текширувидан ўтказиш муддати 2020 йил 1 октябргача узайтирилди”, дейди у.

Маълум қилинишича, қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан мева-сабзавот кластерларига қулайлик яратиш, улар билан онлайн боғланиш, юзага келадиган муаммоларни тегишли мутасаддилар томонидан зудлик билан бартараф этиш, янгиликлар билан таништириб бориш мақсадида Республика штаби томонидан “Telegram” мессенжерида гуруҳ ташкил қилинган. Унга барча мева-сабзавотчилик кластерлари, шуниндек, республика, вилоят, туманлардан соҳага тааллуқли бўлган мутахассислар, тижорат банклари аъзо қилинган.

Саидкамол Хўжаевга кўра, карантин даврида тадбиркорлар дуч келаётган муаммоларни зудлик билан ҳал қилиш учун вазирликда республика штаби, вилоят ҳокимликлари вақишлоқ хўжалиги бошқармаларида вилоят штаблари ташкил этилган.

Вазир ўринбосари фуқаролар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муаммолар юзасидан вазирликнинг ишонч телефони (+99871-2631926)га мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилди.

Манба: kun.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!