Тожикистонлик қишлоқ хўжалиги вакиллари Ўзбекистон тажрибаси билан танишмоқда

Ўзбекистон – Тожикистон муносабатлари ҳар томонлама ривожланиб, кўлами ва қамрови тобора кенгайиб бормоқда. Шу кунларда Тожикистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси мамлакатимизда меҳмон бўлиб турибди.

Делегацияга Тожикистон қишлоқ хўжалиги вазири биринчи ўринбосари Саъди Ғаффор Каримзода раҳбарлик қилмоқда. Делегация таркибидан қўшни мамлакатнинг барча ҳудудидаги агрохизмат вакиллари, боғдорчилик, пахтачилик, чорвачилик, асаларичилик, паррандачилик ва шоликорлик бўйича олим ва фермерлар ўрин олган.

Делегация аъзолари бугун Тошкент давлат аграр университетида бўлиб, унинг ҳудудида фаолият олиб бораётган “De Nova Agro” in-vitro” лабораторияси ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича “GIZ” ( Германия ) компанияси билан ташкил этилган қўшма лойиҳа фаолияти билан танишди.

Куннинг иккинчи қисмида делегация Тошкент вилоятидаги «Eco Agro Product» интенсив боғи ва «Agro Light Business» иссиқхона мажмуасига ташриф буюрди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналарда бўлишди. Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтида меҳмонларга пахта етиштиришни самарали ташкил этиш ва янги навларни кўпайтириш бўйича Ўзбекистон тажрибаси ҳақида маълумот берилди. Уларда чорвачилик кластерларига қарашли «PRO MEAT» гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш корхонаси, асаларичилик ва паррандачилик хўжаликлари фаолияти яхши таассурот қолдирди.

Делегация аъзоларининг режасида Тошкент вилоятидаги «ТСТ Сluster” раҳбарияти билан учрашув, унинг таркибидаги «ТСТ Rice” шолини қайта ишлаш ва «ТСТ Rice” заводлари, Юқори Чирчиқ туманидаги AKIS агрохизматлар маркази ҳамда «Мевали» кўчатчилик корхонаси фаолияти билан танишув назарда тутилган.

И.Нусратов, ЎзА

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.