Ўрта Чирчиқда Сербиянинг шифобахш гиёҳлари ўстириляпти

Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги Ўртабўз маҳалласида “Healing herbs & organics” масъулияти чекланган жамияти ишга тушганидан буён қарийб 65 киши ишли бўлди. Шулардан 45 нафари мавсумий ишчи бўлса, 20 нафари доимий иш жойига эга. Лойиҳа тўлиқ қувватда ишга тушгач қарийб 500 янги иш ўрни яратилади.

– Биз нафақат хомашё етиштирамиз, балки уни қайта ишлаб, аввал ички, сўнг ташқи бозорга йўналтирамиз, – дейди мазкур МЧЖ ижрочи директори Ҳабибжон Давлатов. – 2017 йилда ушбу тадбиркорлик субъектига асос солдик, 2018 йилда эса ер ажратилди. Айни пайтда 80 гектарлик майдонда лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланган. 45 гектар майдонда Сербиядан келтирилган стевия – асал ўти, наъматак каби шифобахш гиёҳлар парваришланяпти.Инновацион ёндашув асосида ташкил этилган агрокластерда стевия ўсимлиги плантациялари яратилади. Етиштирилган ҳосил қайта ишланиб, табиий шакар ўрнини босувчи стевиозид маҳсулоти бозорга чиқарилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, у тўлиқ табиий маҳсулот бўлиши баробарида шакардан анча ширин. Эътиборлиси, унинг кўп истеъмоли оқибатида қанд касали келиб чиқиши ниҳоятда кам учрайди.

Лойиҳа 300 гектар ер майдонига мўлжалланган. Қўшимча ер майдонлари ажратилиши ҳамоно кредит ҳам берилади. Ушбу кредит маблағлари ҳосилни қайта ишлаш заводини қуришга йўналтирилади. Бундан ташқари, “Healing herbs & organics” МЧЖ далаларида малина, наъматак ва ежевика кўчатлари ҳам парваришланмоқда.

Мухтасар айтганда, серқуёш заминимизда етиштирилган Сербиянинг шифобахш гиёҳлари Хитой технологиялари асосида қайта ишланиб, аҳоли саломатлигини асраш йўлида асқотади, даромади эса иқтисодиётимизга мўмай ҳисса бўлиб қўшилади.

А.Мусаев, ЎзА
Дўстларингизга ҳам улашинг!