Самарқандлик пиллакорлар шартнома режасини ортиғи билан бажарди

Баҳорнинг серёғин келиши, ҳар хил инжиқликларига қарамасдан, Самарқанд вилояти пиллакорлари 49 минг 350 қути ипак қурти уруғини сифатли жонлантирган, барча фермер хўжаликлари ҳамда касаначиларга тўлиқ тарқатган ҳолда 50 мингга яқин аҳолининг бандлиги таъминланди.

— Агротехника ҳамда карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда ишлар тўғри олиб борилганлиги самарасида бугунги кун ҳолатига белгиланган режадаги 2 минг 714 тонна пилла ўрнига 2 минг 721 тонна пилла хирмон тўкилди ва режа 100,3 фоизга уддаланди, —​ дейди Самарқанд вилояти ҳудудий «Агропилла» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ёдгор Жўраев. —​ Бу кўрсаткичга эришишда Паст Дарғом, Каттақўрғон, Нарпай, Оқдарё, Пахтачи, Иштихон ҳамда Паяриқ туманларининг улуши катта бўлди.

Вилоятнинг кумуш тола ижодкорлари қўшимча равишда яна 100 тоннадан ортиқ пилла топширишни режалаштирган.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи» газетаси

Дўстларингизга ҳам улашинг!