Қозоғистон бозорларида думба ва ерқалампирга бўлган талаб кескин ошди

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри аҳолиси коронавирусдан профилактика воситалари сифатида халқ воситалари — қўй ёғи, занжабил ва ерқалампирни оммавий равишда сотиб олмоқда. Бу ҳақда Спутник манбаси хабар берди.

Маҳаллий сотувчилар маълум қилишича, шу кунларда бу маҳсулотларга талаб кескин ошди. Шу бўйича нарх-наволар ўрганилди.

Сотувчиларнинг сўзларига кўра, Олмаота аҳолиси кўп миқдорда думба сотиб олишни бошладилар. Таъкидлаш керакки, илгари қўй ёғи унчалик кўп миқдорда сотилмас эди. Кўпчилик бу маҳсулот коронавирус ва пневмониянинг олдини олиш учун самарали восита бўлиши мумкинлигига ишонмоқда.

Бундан ташқари, занжабил ва ерқалампир (хрен) инфекцияга қарши курашда яхши восита деб ҳисобламоқда. Шифокорлар бир неча бор аҳоли орасида ўз-ўзини даволаш билан шуғулланмасликни тарғибот қилган бўлса-да, аҳоли халқ маслаҳатларига ишониб, бозорда табиий «дори-дармон»ларни изламоқда.

“Думба тез сотилмоқда, олиб келишга улгурмаяпмиз. Нархни унча кўтармадик. Олдин қўй ёғи бир килосини 1 800 тенгедан сотардик, энди эса – 2 000”, — дейди сотувчилардан бири.

Сотувчиларнинг сўзларига қараганда, илгари қўй ёғи кунига атиги 2-3 кг. сотиб олинган бўлса, энди бу кўрсаткич сезиларли даражада ошди.

“Кеча 9 кило думба олиб келишди. Бугун тушликкача ҳаммасини сотиб юбордик. Талаб бор — одамлар келиб, қўй ёғини сўрашмоқда. Ҳатто гўштни олишмаяпти. Айримлар бу вирусдан ёрдам берадими, деб ҳам сўрашмоқда”, — дейди гўшт сотувчиси.

Айтганча, кўпчилик қўй ёғи ҳақиқатан ҳам мўъжизавий хусусиятларга эга эканлигига ишонишади. Кўпчилик олмаоталиклар думба шамоллашни даволаш, ўпкани тозалаш ва иситмани пасайтишга ёрдам беришига ишонишади.

Илгари Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Олег Гриднев бу афсонани рад этганди. Унинг сўзларига кўра, ёғ вирусни даволамайди ва қон қуюқланишига салбий таъсир қилади, бу коронавирус билан оғриган беморларга зарар етказиши мумкин.

Бозорларда яна занжабил ва ерқалампирга талаб сезиларли даражада ошди. Ўтган жума кунидан бошлаб олмаоталиклар бу маҳсулотларни оммавий равишда сотиб олишни бошлади.

«Кимдир мессенжерларда ерқалампир коронавируснинг олдини олишга ёрдам беради, деган хабарни тарқатди. Шундан кейин талаб ошди. Нархни кўтардик — пул ишлаш керак. Илгари бир боғламини 50 тенгега сотардик, энди — 300 тенге. Одамлар ерқалампирни олиш учун келиб, бу инфекцияни даволаш учун ажойиб восита, деб айтишмоқда», — дейди сотувчи.

Занжабил қозоғистонликларнинг озиқ-овқат рўйхатида яна пайдо бўлди. Қозоғистонда бу тенденция иккинчи марта кузатилмоқда. Биринчи карантин пайтида мамлакат аҳолиси ушбу маҳсулотни катта миқдорда сотиб олишди, натижада унинг нархи бир неча бор ошди.

Энди занжабил бозорда 2000 тенгега сотилмоқда. Бир неча ҳафта олдин унинг нархи минг тенгедан ошмаганди.

«Ҳа, нархни икки баравар оширилди, чунки одамлар бир неча соат ичида сотиб олишмоқда. Мана тугади, яна олиб келинишини кутмоқдамиз», — деб қўшимча қилди сотувчи.

Манба: xs.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!