Бухороликларга 20 та иссиқхона беғараз ёрдам сифатида топширилди

2021 йилнинг 14-15 январь куни Бухоро вилояти Бухоро туманидаги томорқа ер эгаларига беғараз ёрдам сифатида 20 та янги иссиқхонани топшириш тадбири бўлиб ўтди.

Иссиқхоналарни қабул қилиш ва топшириш далолатномасига кўра, Бухоро тумани маҳаллаларида яшовчи кам таъминланган оилаларга 20 та иссиқхона топширилди. Бухоро тумани ҳокимлиги билан келишган ҳолда улар «темир дафтар» – карантин даврида ишсиз қолган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар рўйхати асосида танлаб олинган.

«Мақсадимиз қишлоқ аҳолиси даромадини ошириш. Иссиқхонадан самарали фойдаланса йилига 30 миллион сўмгача фойда олиш мумкин. Ҳозир эса иссиқхоналарда тўғри ишларни йўлга қўйиш керак. Шунинг учун биз барча бенефициарларга ташриф буюрдик ва уларга сабзавот экинларини экиш бўйича тавсиялар бердик. Ҳозирда кўкатлар экиш энг яхшиси: кўк пиёз, исмалоқ, шивит, кашнич. Март ойида эса помидор, бодринг, булғор қалампири кўчатларини экиш мумкин», -дейди қурғоқчилик хавфини бошқариш бўйича ФАО мутахассиси Азиз Нурбеков.

Ҳокимият вакиллари ва ФАО мутахассислари янги иссиқхоналарни ўрнатиш жараёни билан танишдилар, шахсий томорқа эгалари билан суҳбатлашди.

Имконият учун ФАОдан миннатдорман. Ушбу иссиқхона қурилиши туфайли мен ва оилам иш билан таъминланди. Ҳозир режаларимиз кўп. Саримсоқ, исмалоқ, укроп, кашнич, турп ва яшил пиёз экдик. Биринчи ҳосилни март ойининг ўрталарида ўриб-йиғиб олишни режалаштирганмиз. Кейин даромад қилиб, хўжаликни кенгайтириш, қўшимча иссиқхона қурамиз”, дейди Бухоро туманида истиқомат қилувчи Санжар Рахимов.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Қашқадарё вилоятининг қишлоқ аҳолисига 14 та иссиқхона ҳам тақдим этилган эди. Ёрдам Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан яқиндан ҳамкорликда амалга оширилаётган ФАО ва Глобал экологик жамғармасининг «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» лойиҳасининг глобал коронавирус инқирозига қарши ижтимоий-иқтисодий чоралар доирасида амалга оширилди.