Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Сардобадаги техноген офатдан зарар кўрган экин майдонлари ҳолати юзасидан муносабат билдирди

Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда Сардобадаги техноген офатдан зарар кўрган экин майдонлари ҳолати бўйича турли мулоҳазалар акс этган мақола эълон қилинган эди. Унда муаллиф томонидан бир неча масалалар юзасидан вазирликка саволлар берилган.

Сардобада юз берган техноген офатдан сўнг, илк кунлардан бошлаб соҳа мутахассислари аҳоли кўрган зарарни аниқлаш ва тизимли равишда ёрдам кўрсатиш борасида иш олиб бормоқда. Бу жараёнда Президентимизнинг кўрсатмалари ва Республика ишчи гуруҳи томонидан олиб борилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ижтимоий тармоқдаги мақолада муаллиф томонидан баён этилган саволларга эса қуйидагиларни маълум қиламиз.

Айтиш лозимки, тошқиндан зарар кўрган ҳудудларда Республика Ишчи гуруҳи қатъий режа ва тартиб асосида ҳудудма- ҳудуд юриб, тезкор тадбирлар амалга оширмоқда. Ҳар битта хонадон томорқаси, фермер хўжаликлари ва кластерлар экин майдонларидаги мавжуд ҳолат ўрганилиб, мониторинг-таҳлил амалга оширилмоқда.

Тошқин натижасида Сирдарёда жами 19 минг 592 га ер майдони талофат кўрган. Шундан Сардобада 5 минг 361 га, Оқолтинда 8 минг 723 га, Мирзаободда 5 минг 508 га ер майдони зарар кўрган. Бунда пахта 9 676 га, ғалла 5 984 га, бошқа экинлар 3 932 га.

Зарарни бартараф этиш бўйича жойларда 3 та ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, 421 та техника, 200 та кўчма насос, 940 нафар ишчи кучи, 5 нафар бош пудратчи, 7 та суб пудрат ташкилотлари жалб этилди. Натижада “Марказий тармоқ”да 3,8 км3 та туманда 9,5 км хўжаликлараро каналлар тўлиқ тикланди.

Ҳар бир туманга кўрилган зарарни аниқлаш ва кўмак бериш бўйича вазирлик, идоралар, тижорат банклари, суғурта компаниялар ходимлари жалб этилди.

Муаллиф “Нега пахтадан воз кечолмаяпмиз? Майнинг иккинчи ярмида экилган чигит қилинган сарф-харажатни, деҳқон пешона терини оқлайдими? Майли, чигит униб чиқар, кўсак ҳам тугар, бунга шубҳа йўқ. Бироқ ҳосил пишиб, пахта очилиб улгурадимикан?”, дея савол қўйган.

Айтиш керакки, Сардоба тумани асосан пахта етиштиришга ихтисослашган ҳудуд. 25-30 майга қадар Қорақалпоғистондан келтирилган пахтанинг C-4727, “Султон” эртапишар навлари экилиб, сентябрда ҳосил тайёр бўлади. Шу билан бирга ҳудудларда тезкор агротехник тадбирлар амалга оширилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, зарар кўрган майдонлардаги ғалланинг 3 минг 958 га, пахтанинг 7 минг 623 га, бошқа экинларнинг 3 минг 932 гектари бузилиб, шундан 3 минг 260 га чигит экилади. Қолганига бошқа экинлар, яъни 9 027 гектарига дуккакли ўсимликлар, 1 минг 570 га сабзавот-полиз экинлари экилади. Ҳозирда 1 минг 656 га майдонни мелиоратив ҳолати яхшиланмоқда.Таъкидлаш жоизки, жорий йилда ҳам мазкур ҳудудларда сердаромад, экспортбоп ҳисобланган дуккакли, полиз ва сабзавот экинлари экилмоқда.

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати agro.uz
Дўстларингизга ҳам улашинг!