Наманганлик пахтакорлар зафар маррасини забт этди

Наманган вилояти пахтакорлари 201 минг 849 тонналик улкан хирмон бунёд этиб, йиллик шартномавий режани ортиғи билан бажарди.
Жорий йилда фермер хўжаликлари томонидан 63 минг 406 гектар майдонга чигит экилиб, парвариш қилинди. Белгиланган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилганлиги, деҳқонларнинг самарали меҳнати эвазига ҳар гектардан ўртача 31,7 центнердан ҳосил етиштирилди.
63 минг 406 гектар майдондан 28 минг 394 гектарига “Андижон-35”, 10 минг 986 гектарига “С-6524”, 10 минг 770 гектарига “Султон”, 4 минг 737 гектарига “Наманган-34” нави ва 8 минг 519 гектар майдонга истиқболли ва янги навлар жойлаштирилди.
photo_2020-10-20_14-12-54 (2).jpg
Вилоятда пахта йиғим-терим ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида 1 минг 381 отряд шакллантирилиб, 184 минг нафардан ортиқ теримчи жалб этилди. Уларга етарли шарт-шароитлар яратилиб, мунтазам равишда рағбатлантириб борилди.
Чортоқ туманидаги “Турғунбой Жўрабой Мунаввар” фермер хўжалиги гектаридан 52,8 центнер, Наманган туманидаги “Ғофуржон ота ОЭФ” фермер хўжалиги 55,2, Тўрақўрғон туманидаги “Комилов Турсунбой” фермер хўжалиги 50,8, Поп туманидаги “Марғизор замини” хусусий корхонаси 49,7, Норин туманидаги “Қобулжон Муштарий” фермер хўжалиги 46 центнердан ҳосил олишга эришди.
Деҳқончиликда техника ҳам катта ўрин эгаллайди. Кластер корхоналари томонидан моддий-техник базани мустаҳкамлаш масаласи асосий вазифа сифатида белгиланди. Кластер тизимига ўтилиб, фермер хўжаликларининг техника, минерал ўғит ва ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминланиш даражаси яхшиланганлиги ҳисобига йилдан-йилга юқори ҳосил олаётган фермер хўжаликлари сафи кенгайиб бормоқда.
photo_2020-10-20_14-12-52.jpg
Мавсум давомида 45 терим машинаси иштирок этди. Ўтган йили 13 пахта терим машинаси қатнашган бўлса, жорий йилнинг ўзида 7 кластер корхонаси томонидан 32 янги пахта терим машинаси сотиб олинди. Қайд этиш жоиз, терим машиналарининг 19 таси бевосита “Art Soft Holding” кластери Мингбулоқ туманидаги филиалига тегишли бўлиб, терилган пахта хомашёсини сифатли сақлаш ҳамда қайта ишлаш учун мазкур кластерга қарашли пахта тайёрлов масканлари қабул қилиб олди. Бунинг натижасида тумандаги Гулбоғ, Дамкўл, Гигант ва Навоий пахта пунктлари ҳосилга тўлди. Ушбу кластер бошчилигидаги фермер хўжаликлари 36 минг 611 тонналик хирмон кўтарди.
Режани ёруғ юз билан адо этилишида шартномани уддалаган Чортоқ, Мингбулоқ, Наманган, Тўрақўрғон, Норин ва Поп туманлари пахтакорлари муносиб жонбозлик кўрсатди. Шунингдек, улкан хирмонга Наманган шаҳридан келган кўнгилли ҳашарчилар ҳам ҳисса қўшди.
Оқилхон ДАДАБОЕВ, Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА. uza.uz
Дўстларингизга ҳам улашинг!