​Бухорода ўтган йили қиймати 10,3 миллион доллардан зиёд бўлган 18 лойиҳа амалга оширилди

Бухоро вилояти Когон туманидаги “Сиёвуш Комрон Фуд” фермер хўжалигининг интенсив боғи ҳосилга кирди. 43 гектар майдонни эгаллаган боғда олма ва гилос етиштирилади.
Боғни ташкил этишда фермер хўжалиги раҳбари Бекзод Аҳадовга икки йил аввал Халқаро ривожланиш ассоциациясининг 600 минг евро миқдоридаги кредити қўл келди. Интенсив боғ самарадорлигини ошириш бевосита замонавий технологиялар қўлланишига боғлиқ. Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлигининг жорий йил фермер хўжалигига ажратган 1 миллион 150 минг доллар миқдоридаги сармояси ва тадбиркорнинг 5 миллиард сўмлик ўз маблағи ана шу мақсадга йўналтирилди.
– Келаси йилнинг биринчи чорагида кўчат ва ниҳолларни ёмғирлатиб суғориш ускунаси ўрнатилади, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Б.Аҳадов. – Бу усул кўчат баргида нам етарли бўлишини таъминлайди. Муҳими, боғда қўллаб келинаётган томчилатиб суғориш технологияси билан уйғунлашиб, кўчатларнинг баравж ўсишига самарали таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, кредит ҳисобига қатор ораларини юмшатадиган ва дарахтга турли зараркунандаларга қарши зарур аралашмаларни пуркайдиган энг замонавий техникалар харид қилинди. Шунингдек, ёзда боғни қуёшнинг ўткир тафтидан ва мевани қушлардан асрашда зарур бўладиган тўр ёпқичлар харид қилинди.
Халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келаётган Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги иштирокидаги кредит маблағлари ҳисобига Бухоро вилоятида биргина ўтган йилда умумий қиймати 10,3 миллион доллардан зиёд бўлган 18 лойиҳа амалга оширилди. Жумладан, 19 гектар майдонда замонавий иссиқхона, 1000 тонна узумни қайта ишлаш қувватига эга корхона, логистика маркази, 1 минг 100 тонна мева-сабзавот сиғдира оладиган 3 та музлатгичли омборхона қурилиб, ишга туширилди.
Жондор туманидаги “Жондор қурилиш сервис” МЧЖ эса хориж бозоридан мустаҳкам ўрин эгаллади. Корхона Агентлик кредит маблағлари ҳисобидан ўтган йил бошида замонавий гидропоника усулидаги 3 гектарлик иссиқхона ташкил этган эди. Бу йил помидор ва бодринг яхши ҳосил берди. 600 минг долларлик маҳсулотни экспорт қилди. Тадбиркор келгусида иссиқхона майдонини янада кенгайтиришни режалаштирмоқда. Янги лойиҳа амалга оширилгач, корхонада иш ўринлари сони 40 кишига кўпайиб, жами 60 тага етади.
Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги иштирокидаги кредит маблағларидан фойдаланаётган тадбиркор хотин-қизлар, жумладан, қишлоқ аёллари ҳам кўпаймоқда.
Бухоро шаҳрининг асосан деҳқончилик қилинадиган “Отбозор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Амина Одилова ўзининг “Jamshid Javohir Agrotexservis” МЧЖ фаолиятини сабзавот етиштириш ҳисобига кенгайтирмоқда. Агентлик томонидан ажратилган 450 минг доллар миқдоридаги 10 йилга мўлжалланган имтиёзли кредит ва корхонанинг 150 минг долларлик сармояси ҳисобидан жорий йил бошида 1 гектар майдонда иссиқхона қурди.
– Муайян сабабларга кўра, помидор уруғини баҳор ойи бошларида экишга тўғри келди, – дейди Амина Одилова. – Шунга қарамай, астойдил қилинган меҳнат туфайли май ойида 80 тонна ҳосил олдик. Унинг ярмини ички бозорга чиқардик, ярмини экспорт қилдик, бу 20 минг доллар даромад келтирди. Ҳозирда иссиқхонамизда 10 киши меҳнат қилмоқда.
Тадбиркор яна бир гектар майдонга иссиқхона ва мева-сабзавот сақлашга мўлжалланган 680 тонна сиғимга эга музлатгичли омборхона қуриш бўйича амалий ҳаракатларни бошлаб юборган.
Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги иштирокидаги кредит маблағлари деҳқончилик ва чорвачилик соҳаларини ривожлантиришда кенг имкониятлар яратмоқда. Мазкур тармоқларга Агентлик иштирокида 45,2 миллион доллар миқдоридаги кредит маблағи ажратилиши самарасида бугунги кунда 109 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Уларнинг 69 таси мева-сабзавотчилик йўналишига тааллуқли.
– Ушбу халқаро молия муассасасининг Ўзбекистонга бўлган ишончи унинг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашида ҳам намоён бўлмоқда, – дейди Қишлоқ хўжалиги корхоналари таркибини қайта тузиш агентлигининг Бухоро вилоятидаги вакили Аъзамжон Тилавов. – Жаҳон банки томонидан киритилаётган навбатдаги инвестициялар қишлоқ хўжалигида иш ўринларини кўпайтиришга муҳим ҳисса бўлиб қўшилади. Айни кунда вилоятда мева-сабзавотчилик йўналишида фаолият кўрсатаётган 100 дан зиёд тадбиркор интенсив боғ, замонавий иссиқхона, логистика маркази, қайта ишлаш корхоналари ва музлатгичли омборхоналар барпо этишга доир ўз лойиҳаларини агентлигимизга тақдим этган.
Мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлиги ва экспорт салоҳиятини юксалтиришда муҳим йўналиш бўлган мева-сабзавотчилик тармоғида Агентлик томонидан амалга ошириладиган лойиҳалар орасида Жаҳон банки инвестицияси ҳажми тобора кенгаймоқда. Чунончи, юртимиз мева-сабзавотчилик тармоғига ушбу банкининг қўшимча 500 миллион долларлик имтиёзли кредит маблағи ажратилиши белгиланган.

 

Эркин Ёдгоров, uza.uz
Дўстларингизга ҳам улашинг!