Президент агросаноат мажмуидаги илмий-тадқиқот муассасаларига доир қарор имзолайди

Агросаноат мажмуидаги илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш ҳамда соҳада илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари қабул қилинади

Президентнинг “Агросаноат мажмуидаги илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш ҳамда соҳада илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, президентнинг 2019 йил 17 апрелдаги «Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5708-сонли фармонига мувофиқ Фанлар академияси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази ва унинг илмий-тадқиқот муассасалари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилган.

Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

  • глобал иқлим ва демографик ўзгаришлар, ички ва ташқи бозор эҳтиёжларидан келиб чиқиб, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, инновацион ва ресурстежамкор технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш кўламини кенгайтириш мақсадида аграр илм-фан соҳасида мамлакатнинг илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан олиб бориладиган илмий тадқиқотларни мувофиқлаштириб бориш;
  • суғориладиган ва лалмикор ерлар, тоғ ва тоғолди ҳамда чўл-яйлов ҳудудларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, мақбул алмашлаб экиш ва экинлар структураси бўйича ҳудудлар кесимида илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш;
  • табиий ресурслардан самарали фойдаланишни таъминловчи ресурстежамкор, смарт, рақамли ва инновацион технологияларга асосланган қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг илмий-амалий асосларини яратиш;
  • замонавий усуллар ва технологиялар асосида мамлакат озиқ-овқат таъминоти барқарорлигига эришиш учун қишлоқ хўжалиги экинларининг янги, серҳосил нав ва дурагайларини яратиш, уларнинг уруғшунослиги ва бирламчи уруғчилиги бўйича илмий ишларни амалга ошириш;
  • қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришнинг био, нано ва ресурстежамкор ҳамда интенсив технологияларини қўллаш ва янги техника воситаларини яратиш бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар ҳамда инновацион фаолиятнинг истиқболли йўналишларини ишлаб чиқиш, илмий ишланмалар натижаларини амалиётга жорий этишда ахборот-маслаҳат марказлари имкониятларидан самарали фойдаланиш;
  • ҳудудларда инновацион технологияларни жорий қилиш бўйича соҳада интеграция жараёнининг самарали шаклларини, маҳсулот етиштиришни диверсификация қилиш ва трансфернинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш;
  • ўсимликларни ҳимоя қилишнинг биологик ва экологик жиҳатдан хавфсиз уйғунлашган кураш тизимларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • қишлоқ ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида мулкий, кластер ва кооперация муносабатларини такомиллаштириш, кўп тармоқли хўжалик юритувчи субъектлар ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг замонавий шаклларини ҳамда интеграция жараёнларининг самарали усулларини яратиш бўйича илмий тадқиқотларни амалга ошириш;
  • мавжуд ер, сув ва бошқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш имконини берувчи “Ақлли қишлоқ хўжалиги” концепциясига асосланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришнинг синалган замонавий шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
  • қишлоқ хўжалигида мавжуд тизимли муаммоларни босқичма-босқич ҳал этишнинг илмий асосларини яратишга қаратилган яқин ва узоқ муддатли истиқболли дастур ва қўшма дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
  • қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва автоматлаштириш даражасини ошириш, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш бўйича истиқболли техника ва технологияларни жорий этишни мувофиқлаштириш;
  • нуфузли хорижий илмий марказлар билан ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишни кучайтириш, илмий ходимларнинг илмий-тадқиқот натижаларини тарғиб ва жорий қилишда манфаатдорлигини ошириш.

Белгиланишича, идоравий мансублигидан қатъий назар, республика илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган илмий тадқиқотлари Марказ томонидан мувофиқлаштирилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятининг қуйидагилар тўғрисидаги таклифлари маъқулланади:

а) Марказ тизимида:

Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станцияси негизида Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институтини;

Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Маккажўхори селекцияси ва уруғчилиги илмий-тажриба станцияси негизида Озуқа экинлари илмий-тажриба станциясини;

Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институтининг Мойли экинлар селекцияси, уруғчилиги ва агротехникаси бўлими негизида Мойли ва толали экинлар илмий-тажриба станциясини ташкил этиш;

б) Марказ тизимига:

«Ўзагрокимёҳимоя» акциядорлик жамиятининг “Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти” масъулияти чекланган жамиятини кейинчалик уни давлат муассасаси шаклида қайта ташкил этган ҳолда;

Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти илмий-тадқиқот институти негизида Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси иқтисодиёти илмий-тадқиқот институти ташкил этган ҳолда ўтказиш.

Белгиланишича, 2021 йилдан бошлаб Марказ тизимида янгидан ташкил этилган Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти, Озуқа экинлари илмий-тажриба станцияси, Мойли ва толали экинлар илмий-тажриба станцияларининг бино ва иншоотларини сақлаш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялаштириш шартларига ўтказилади.

Мазкур илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари бюджет маблағлари ҳисобига фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг илмий-техника дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ходимларининг базавий лавозим маошларига тенглаштирилади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти устав капиталидаги давлат улушини “Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти” масъулияти чекланган жамиятининг устав капиталидаги “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятининг улушини баланс қийматига камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинишини таъминлайди.

Қуйидагилар:

а) Марказ тизимида ташкил этиладиган илмий-тадқиқот институтлари ва илмий-тажриба станциялари ҳамда уларнинг юридик шахс мақомига эга давлат муассасалари бўлиб:

Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станциясининг;

Озуқа экинлари илмий-тажриба станцияси Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Маккажўхори селекцияси ва уруғчилиги илмий-тажриба станциясининг;

Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятининг “Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти” масъулияти чекланган жамияти ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворислари ҳисобланади;

б) давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Марказ ва унинг тизимидаги илмий-тадқиқот муассасаларининг ходимларига илмий тадқиқотлар фаолиятига хос бўлмаган ва илмий тадқиқотларни ўтказиш дастурларига салбий таъсир этувчи вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди.

Белгилаб қўйилишича, Марказнинг:

ижро этувчи аппарат ходимларига ва ҳудудий бўлимлари ходимларига – Фанлар академияси бошқарув аппаратининг тегишли лавозимлари;

идоравий мансуб муассасалари ходимларига – Фанлар академиясининг идоравий мансуб муассасалари тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади.

Қуйидагилар Марказ, унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳудудий бўлимлари ҳамда Республика қишлоқ хўжалиги илмий кутубхонаси фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланади:

Давлат бюджети маблағлари;

белгиланган тартибда жалб этилган бюджетдан ташқари маблағлар;

халқаро молия институтлари, хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фанлар академияси ва Молия вазирлигининг Марказ ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Қишлоқ хўжалигида илмий изланишларни ва инновацион ишланмаларни молиявий қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.

Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг манбалари этиб белгиланади:

Марказ тизимидаги илмий-тадқиқот муассасаларининг хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятидан тушган соф фойданинг 10 фоиз миқдоридаги ажратмалар;

қишлоқ хўжалиги, шу жумладан илмий изланишларга йўналтирилган халқаро ташкилотлар ва хорижий ҳукумат молия институтларининг имтиёзли кредитлари;

халқаро молия институтлари, хорижий ташкилотлар, донор мамлакат ва ташкилотларнинг грантлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгиланишича, Жамғарма маблағлари Илмий марказ ва унинг илмий-тадқиқот муассасаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қуйидаги тадбирларни амалга оширишга йўналтирилади:

илм-фан ва технологияларнинг жадал ривожланишини таъминлашга, рақобатбардош илмий ҳажмдор маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга йўналтирилган илғор илмий-тадқиқот ва изланиш ишларини танлов ва давлат буюртмалари асосида молиялаштириш;

Марказ ижро аппарати ва унинг таркибига кирувчи муассасалар ҳамда ташкилотлар ходимларини моддий рағбатлантириш;

етакчи хорижий илмий марказларда ёш олимлар учун қисқа муддатли илмий стажировкаларни ташкил этиш бўйича тадбирларни молиялаштириш;

Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бошқа тадбирларни молиялаштириш.

Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Университет кўчаси, 2-уй манзилидаги Тошкент давлат аграр университетининг «Тайёрлов курси биноси» тасарруф этиш ҳуқуқисиз Марказ балансига ўтказилади.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш марказининг Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси иқтисодиёти илмий-тадқиқот институти Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган Тошкент давлат аграр университети ҳудудида Университет кўчаси, 2-уй манзилида бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилади.

агросаноат, қарор лойиҳаси