Қишлоқ хўжалигида кластер ва кооперация муносабатларининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиш босқичида

Бугунги кунда юртимизнинг деярли барча вилоятлари ўзининг катта-кичик кластерларига эга. Давлатимиз раҳбари бу тизим барча туманларда аграр соҳани жадал ривожлантиришнинг «локомотиви» бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтганди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий бозор муносабатларини кенг жорий этиш мақсадида пахта-тўқимачилик кластерларини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан қишлоқ хўжалигида кластер ва кооперация муносабатларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан ишчи гуруҳининг видеоконференц алоқа тарзидаги йиғилиши ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзолари ҳамда тегишли вазирлик ва идора ходимлари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида қишлоқ хўжалигида кластер ва кооперация муносабатларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси (келишув асосида) тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқиш белгиланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши 2020 йил 17 март куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурида Қонунчилик палатасига тегишли бандларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш юзасидан “Йўл харитаси” мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси жорий йилнинг 31 март куни қишлоқ хўжалигида кластер ва кооперация муносабатларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан ишчи гуруҳи тузилди.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қишлоқ хўжалигида фермер ва деҳқонларнинг манфаатдорлигини ошириш борасидаги ўрганиш ва изланишлар давом этаётганлиги, соҳага илғор технологиялар ва кластер тизими жорий бўлаётганлиги, парламент ушбу ислоҳотларимизнинг ҳуқуқий асоси бўлган “Кооперация ва кластерлар тўғрисида”ги янги қонунни тезроқ қабул қилиши лозимлиги таъкидлаб ўтилган.

Дарҳақиқат, Президентимиз белгилаб берган вазифаларидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалигида кластер ва кооперация муносабатларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан ташкил этилган ишчи гуруҳ тез кунларда мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқиши лозим.

Мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда миллий амалиётни ўрганиш билан бир қаторда хорижий тажрибани ҳам атрофлича таҳлил қилиши керак бўлади.

Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан қишлоқ хўжалигида кластер ва кооперация муносабатларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси юзасидан таклиф ва тавсияларни ёзма равишда 10 кун муддатда таҳлил этиш ва умумлаштириш учун Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасига тақдим этишга келишиб олинди.

 Абдураҳим ҚУРБОНОВ
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмита
раиси ўринбосари. xs.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!