Инсоф сари барака ёхуд бозорда саримсоқнинг нархи нега кўтарилиб кетди?

…Ул-бул харид қилгани бозорга тушган танишларимиздан бири “Саримсоқнинг донаси беш минг сўмдан” деган сўзни эшитиб қулоқларига ишонмади.”Гўдакнинг муштича ҳам келмайдиган бир дона саримсоқ шунча пул турса –я”,- таажжубланди харидор.

— “Оптом” бозорда килосини кўтарасига 100 минг сўмдан олганмиз, ака,- ўзини оқлаган бўлди сотувчи.Сўнг шундан ҳам хабаринг йўқми, деган каби “Саримсоқнинг коронавирус балосига катта нафи бор эмиш”, деган гап чиқди-ю, харидори кўпайиб кетди,” дея қўшиб қўйди.

Танишимизнинг таажжубланганича, сотувчининг айтганича бор. Баъзида таги пуч гап-сўзлар, миш-мишлар ҳам бозорда у ёки бу маҳсулотга бўлган талабнинг кескин ошиб кетишига олиб келяпти.

— Бир пайтлар пиёз тақчил бўлармиш, деган миш-мишлар чиққани эсимда, —​ дейди Ғиждувон туманидаги Гаждумак қишлоғида яшовчи кекса педагог Ҳаким Ражабов. —​ Ўшанда айрим “учарлар” уни деҳқонлардан арзон-гаровга тонналаб сотиб олишганди. Уларнинг нияти пиёзнинг нархини осмонга кўтариб, чўнтакларини қаппайтириб олиш эди. Кейин нима бўлди, денг. Давлатимиз бозорларни бу маҳсулот билан тўкин этиш чора-тадбирини кўрди. Оқибатда деҳқондан пиёзнинг нархини ерга уриб олган кимсалар “чув” тушиб қолишди. Бозорлари касод бўлди. Уни вақтида сота билмай ахлатга ташлаб юборишганидан ҳам хабарим бор.

Шундай экан, эл бошига иш тушган шу кунларда инсофни бир чеккага йиғиштириб қўйганлар эсларини йиғиб олишсин, деган бўлар эдим. Чунки карантин кунлари бу — ҳаммамиз учун синов. Кимнинг ким эканлиги ана шундай дамларда яққол кўринади. Инсоф-диёнатни унутган, маҳсулотни деҳқондан сувтекинга олиб, бир неча баравар қиммат нархда сотиш пайида бўлганларга қарата “Қани сиздаги элпарварлик, ҳиммат, меҳру оқибат, инсофу диёнат” дегинг келади. Ахир, халқимиз “Инсоф сари барака” дея бежиз айтмаган. Қолаверса, синовли дамларда элга қайишмаган, жиғилдонидан бўлак нарсани ўйламаганлар эртага қўни-қўшнилари, маҳалладошлари кўзига қандай қарашади?

—​ Саримсоқ юртимизда етиштириладиган хилма-хил ноз-неъматлар қатори меъёрида истеъмол қилиниб турилса саломатлик учун фойдали,— дейди Бухоро шаҳар кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокори Ориф Латипов. — Бунга ишонч ҳосил қилиш учун буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Синонинг ўсимликлар, резавор кўкатларнинг фойдали хусусиятлари тўғрисида ёзиб қолдирганларини ўқишнинг ўзи кифоя.

Шу ўринда масаланинг яна бир томонига эътиборни қаратишни истардик.

— Биласиз, саримсоқ сентябрь ойи бошларида экилиб, ҳосили келаси йилнинг май –июнида йиғиштириб олинади, — дейди Ромитан туманидаги Боғча қишлоғида яшовчи Махфират Атоева. — Биз бошқа экинлар қаторида саримсоқдан ҳам мўл ҳосил олар, рўзғордан ортиқчасини сотардик. Очиғи, уни экиб кам бўлганимиз йўқ. Масалан, бундан ўн йилча муқаддам саримсоқнинг пулига сигир сотиб олганмиз. Чунки ўша пайтларда уни қабул пунктларига топшириш мумкин эди. Ўтган йилги ҳосилга эса харидор чиқмади.Бозорда ўтириб сотгани вақтимиз йўқ. Бу ҳам етмагандек, дўконларни четдан келтирилган саримсоқ билан тўлдириб юборишди. Саримсоқни узоқ муддат сақлаш мушкул.Таниш – билишларга тарқатдик. Шунга қарамай бир тоннача ҳосил уйда тура-тура нест-нобуд бўлди.

Сутдан оғзи куйган қатиғни ҳам пуфлаб ичади. Асл касби журналист бўлган Махфират опа шу боисдан ҳам ўтган мавсумда томорқасида оила эҳтиёжига етгулик саримсоқ экди, холос. ”Буёғини сўрасангиз, ҳозир уйимда 300 килограмм туршак турибди, —​ дейди у. —​ Шу пайтгача харидори топилмади. Бугун-эрта пишиқчилик бошланади. Ўрик пишгач, туршакка ҳожат қолмайди. Қилган меҳнатингга ачинасан, киши.

Ромитандан чамаси, 120 километрча олисдаги Олот туманига қарашли Баланд Масжид қишлоғи аҳолисини ҳам худди шу муаммо қийнаб келади. Бу ерда илгари 50-60 та хонадон саримсоқ етиштириш билан шуғулланарди. Аммо икки-уч йилдирки, улар фақат ўз эҳтиёжларига яраша саримсоқ экишмоқда. Хўш, сабаби нимада?

—​ Ўттиз йил давомида томорқада саримсоқ етиштирдик, —​ дейди шу қишлоқда яшовчи Хосият Чўпонова. —​ Аммо 2018 йилги ҳосилга харидор чиқмади. Оқибатда 1,5 тонна саримсоқ ахлат уюмига айланди. Ерни обдан ўғитлаш, саримсоқни экиш, суғориш, экинни бегона ўтдан тозалаш, пишиб етилгач қазиб олиш буларнинг бари қора меҳнат. Эсласам, меҳнатимизга ачиниб кетаман.Бир пайтлар саримсоқни дала бошидан келиб кўтарасига олиб кетишарди.Нега энди шу ишни қайта йўлга қўйиш мумкин эмас?

Томорқачи ҳақ. Гап шундаки, саримсоқ қазиб олингач, аста-секин қуриб боради. Вазн йўқотади. Уни жазирама иссиқда уй шароитида бир йил давомида асл ҳолича сақлашнинг амалда имкони йўқ. Лекин хориж, жумладан Хитой тажрибаси ўрганилса ва амалда татбиқ этилса олам гулистон. Гап шундаки, хорижда маҳсулот махсус препарат билан дориланади. Натижада у узоқ вақт давомида айнимай, чиримай, сифатини йўқотмай тоза ҳолда туради. ”Томорқа хизмати” ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш ишлари билан шуғулланадиган ташкилотлар шунга ўхшаш замонавий ёндашувларни ўзлаштиришса, томорқачилардан саримсоқ, туршак каби маҳсулотларни қабул қилиб, улар билан йилнинг исталган фаслида бозор расталарини тўкин этиб боришса, ички эҳтиёждан ортганини экспорт қилишса айни муддао бўларди. Ана шунда томорқачининг косаси оқарар, деҳқонларнинг ойлаб қилган меҳнатлари зое кетмас, маҳсулот тақчиллигидан фойдаланиб қолган айрим корчалонлар инсофни бир чеккага йиғиштириб қўйиб, нарх-навони кўтариб юбора олишмас эди.

Дарвоқе, халқ бошига иш тушган шу кезларда саримсоқнинг нархига отасининг баҳосини қўйиб,чўнтак қаппайтириш пайида юрган айрим кимсалар афсуски,орамизда учраб турибди. Бунга ўзимиз ҳам шоҳид бўлдик.

— Саримсоқнинг килосини 90 минг сўмдан бераман, —​ дейди Бухоро шаҳридаги бозорлардан бирида пашша қўриб ўтирган сотувчилардан бири.

Ҳайбатидан от ҳуркадиган бу сотувчи( балки чайқовчи, деса тўғрироқ бўлар)га қараб, беихтиёр “Ариқни ким қазару сувини ким ичар”, деган нақл ёдга тушади. У ҳақиқий деҳқоннинг меҳнатини кўрганида, инсофга келармиди, маҳсулотга отнинг калласидай нарх қўйиб сотмасмиди, деган хаёлга борасан, киши. Таажжубланарлиси шундаки, ундан нари борса йигирма қадам наридаги бошқа бир сотувчи айнан шундай саримсоқнинг килосини 55 минг сўмдан сотяпти.

Буёғига хулоса ясаш ўзингизга ҳавола!

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи” xs.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!