Деҳқоннинг ҳам яшашга ҳаққи бор ёхуд янги инновацион қонун – қилинмаган иш учун жарима

Яқинда халқ сайлаган депутатларимиз “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексининг 65-моддасига биринчи қўшимча киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилиш ташаббуси билан чиқиши кутилмоқда экан.

Ушбу лойиҳада томорқасига бирон нарса экмаган томорқа эгаларига жарима белгилаш назарда тутилган эди.Бу нима дегани биласизларми? Бу – халқ учун коронавирусдан ҳам хавфли хатар дегани. Сабр-бардошли бу халқ коронавирусни енгади албатта. Аммо солиқ тўлаб келаётган ери учун жарима тўлаш – коронавирусдан қутулган халқ учун жуда оғир бўлади. Шундоқ ҳам “нотўғри босилган ҳар бир қадам“ учун жарима тўлаяпмиз. Энди эса “босилмаган қадамлар“ учун ҳам жарима тўлаш кунлари ҳам яқинми?Халқ депутатларимизни шу учун сайлаганмиди? “Биз сени депутат қиламиз, сен биз учун янги-янги жарималарни жорий қиласан, шу орқали биз давлатимизга қўшимча даромад келтирамиз. Бўлмаса давлатга қандай пул тўлашни билмаётган эдик” деб ялиниб-ёлвориб депутат сайлаган эканмиз. Энди эса “ҳузур-ҳаловатини” кўряпмиз. Бу қонунларни ташқаридаги душманлар эмас, аксинча ўзимиз сайлаган депутатлар буюк ғоя сифатида олиб чиқишибди.

“БУЮКЛАР ҚИШЛОҚДА ТУҒИЛИБ, ШАҲАРДА ЎЛАДИ”

деган эди машҳур донишмандлардан бири.

Шу қонунни XXI асрнинг буюк кашфиётини кашф қилган сиёсатчидай қўлтиқлаб чопиб юрган депутат ҳам аслида қишлоқда туғилган бўлса, ажаб эмас. Ушбу “ихтирочи” шаҳардами, қишлоқдами қайда туғилганини билмадим. Аммо қишлоқда туғилган журналист сифатида деҳқонларнинг ҳаётини яна бир бор кўз олдингизда гавдалантиришга ҳаракат қиламан:

Аввал ўйланг, қишлоқда деҳқончилик қилаётган одамлар қандай ишлаяпти экан деб. Унинг фақат ери бор. Ер ҳайдаш учун на бир трактори, на бир транспорти бор. Сольярканинг баҳоси 7 минг сўм. Сиз шошилманг, сольярканинг баҳоси фалон пул деб айтишга. Сиз қоғозларда қанча қилиб белгилаб қўйганингизни билмадиму, мен реал ҳаётдаги деҳқон сотиб оладиган сольярка нархини айтяпман. Бу деҳқоннинг уруғ сотиб олишга маблағи йўқ. Кредит олмоқчи бўлса, банкларимиз “ўлиб кетган бобосининг ўлганлиги ҳақида гўрковдан ҳам справка“ талаб қилади. Кредит олмоқчи бўлган деҳқон бир йил банкирнинг изидан югуриши керак. Сиз шу ерда ўзингиз чиқариб қўйган банк қоидаларини тиқиштирмоқчи бўласиз албатта. Аммо у қонунларингиз қоғозларда кеккайиб туриш учун фалаж ҳолда чиқарилган. Банк бошқарувчиларининг бирдан-бир қоидаси бор: кейин ўзлари югурмаслиги учун пулни пули борга беради.

“ҚЎЙ КЎРМАГАН ҚУВА-ҚУВА ЎЛДИРАДИ”

Экинини бир амаллаб экиб олган деҳқон кейинги азобларга тайёр туриши керак. Яъни энг катта масала, бу – сув муаммоси. Қишлоқлардаги жанжалларнинг кўпчилиги сув талашиш оқибатида келиб чиқишини шаҳарлик раҳбарлар қайдан билсин? Кечқурун ухламасдан ўнлаб километрдан пиёда бориб сув ҳайдаб келади, бечора деҳқон. Сув томорқасига келгунича йўлда яна қанчаси билан “қир-пичоқ“ бўлиши керак. Бундай жанжалларни ёшлигимда кўп бора ўзим кўрганман. Ҳаттоки, ўзим ҳам сув талашиб бошим ёрилган. Ўзим ҳам қанчасининг бошини ёрганман. Яхшиямки, деҳқон халқи танти, кечиримли бўлади. Акс ҳолда қамалишлар сони ортган бўларди. Қисқаси, Худо кўрсатмасин, агар шу қонун кучга кирадиган бўлса, одамлар жарима тўлашдан қочиб бир-бирининг қонини тўкади.

Биз ёшлигимизда сув талашиб, уришиб юрган вақтларда чироқ ҳам бўларди. Ҳозир қишлоқларда шу ҳам йўқ. Айни вақт артизан қаздириш учун маблағ топилган билан артизаннинг умуман фойдаси йўқ. Чунки, биринчидан артизан учун қишлоқларда электр муаммо. Ҳозирда қишлоқларда “свет ўчдими” дейишмайди, “свет келдими” деб сўрашади.

Иккинчидан, экин-тикин учун ер остидан чиққан сув оқиб келадиган сув каби фойдали бўлмайди. Буларни шинамгина офисларда ўтирган раҳбару депутатлар қайдан билсин? “Қўй кўрмаган қува-қува ўлдиради” деб шунга айтсалар керак-да.

Булар деҳқоннинг хор бўлгунича бўлган асосий муаммолар.

КАТТА ШАҲАРЛАРГА СИҒМАГАН КИЧКИНА ДЕҲҚОНИМ

Бир амаллаб ҳосилини йиғиштириб олган деҳқоннинг олдида энг катта муаммо пайдо бўлади. Яъни уни сотиш керак.

Деҳқон ҳосилини йиғиштириб олгач, фалон пулга юк машинаси гаплашиб шаҳарга қараб йўл олади. Уни эса нархни калта бичувчи олиб-сотарлар қарши олади. Бу профессионал калта бичувчилар минг бир усул билан суф-куф қилиб кетказган харажатини қўлига тутқазиб юборишади. Деҳқон эса ўзининг пули чиққанидан хурсанд бўлиб оиласининг бағрига қайтиб, Россияга кетишга тайёргарлик кўради.

Айни шу вазият бўйича ҳам деҳқон сайлаб қўйган депутатларимиз айбдор. Негаки, мавжуд қонунларимиз деҳқоннинг маҳсулотини эмин-эркин сотишига йўл қўймайди. У шаҳарга олиб келган билан қаерга олиб боради? Албатта жойлари олғирлар томонидан бир умрга банд қилинган бозорларга-да. Шаҳарнинг хоҳлаган жойига олиб бора олмайди. Ундай қилса, участковой чопиб келади уч кундан ортиқ турганинг учун жарима деб, изидан СЭС деган ташкилот пайдо бўлади ювилмаган маҳсулот экан деб. Бу менинг секторим деб прокурор пайдо бўлади. Туман солиқ келади, даромад солиғи деб. Ҳаттоки, ДАН ходими ҳам транспортининг камчилигини топиб, жарима қилиб кетади.

Ўйлаб кўринг, ҳудудингизда ўз ҳақ-ҳуқуқини билмайдиган деҳқон катта юк машинасида деҳқончилик маҳсулоти билан турибди. Нима қилардингиз? Албатта, берадиган жавобингизнинг тескарисини қилган бўлардингиз. Аниқроғи, бундай вазиятдан унумли фойдаланиб қоласиз. Чунки унинг айби шуки, ҳудудингизга ўз оёғи билан кириб келди. Бу ерда ким айбдор? Албатта деҳқон. Чунки у деҳқон-да.

Буларнинг барчасини сиз учун бўрттирма ижод маҳсули бўлиб туюлиши мумкин. Аммо ўзингиз ҳам шундай ҳодисаларга гувоҳ бўлгансиз, айнан шу ҳаётда, айни шу жамиятда.

ДЕҲҚОН МЕҲНАТИНИНГ БАҲОСИНИ АСФАЛЬТДАН БОШҚАСИНИ КЎРМАГАНЛАР БЕЛГИЛАШ КЕРАКМИ?

Шу кунларда “картошканинг нархи кўтарилиб кетди, пиёзнинг нархи фалон экан” дея дод-вой солаётганларни кўп учратяпмиз. Меҳнатни қишлоқда деҳқон қилади-ю нархни тўрт девор орасидан чиқмаган шаҳарликлар белгилаши керакми? Деҳқон ҳам меҳнатининг роҳатини кўришга ҳақли. У ҳам ўзи эккан, йиғиштирган маҳсулотини эркин нархлашга қонуний ҳаққи бор. Мисол учун картошканинг нархи қанча бўлиши керак? 2-3 минг сўмдан еб юрганларга 6-7 мингга чиқиб кетгани ёқмади. Деҳқон ҳам картошкани осмондан тайёрини териб келмайди. У бюрократларнинг изидан йиллаб чопиб ер олади, тракторга, пул бериб сольяркани сотиб олиб ҳайдатади. Уруғни қарзга олади, экиб, сувни кимлар биландир талашиб суғоради, картошкани уч маротаба тагини юмшатиш керак. Ундан кейин ишчиларга пул бериб тердиради, машина гаплашиб шаҳарга олиб келади. Бозорга кириш учун белгилаб қўйган отнинг калласидай суммани бериб киради. Бир амаллаб сотади. Энди ўйлаб кўринг. Картошканинг нархи қанча бўлиши керак? 2-3 мингми? Йўқ шаҳардаги айрим шахслар учун картошка текиндан сал қиммат бўлса, шуни ҳам ноинсофлик дейди. Агар уйига текин олиб келиб берсангиз, нега кеч келдинг деб уриб-сўкиб ҳайдайди.

Қишлоқдаги бечора деҳқон эса ноиложликдан деҳқончилик қилиб арзимаган пулга сотади. Картошка арзонлигидан кўпчилик деҳқонлар транспортга ҳам ортиб боришини қопламаслигини билиб молга едирмоқда. Энди бу деҳқон ота-бобосининг ишини қайтиб қилмайди. Энди у Россияга кетади. Энг мақбул йўл ҳам шу. Агар астойдил суриштириб кўрсангиз, Россияда ишлаётганларнинг ярмидан кўпи деҳқончилик ортидан банкрот бўлганлар. Улар деҳқончилик ортидан қарзга ботиб қарзини узиш учун кетишган.

БУ ДАРДНИНГ ДАВОСИ БОР, ФАҚАТ ХОҲИШ КЕРАК

Олдин ўзимизнинг имкониятларимизни тақиқлаб, кейин энг пастдаги қора халқни жаримага тортиш стратегиясидан воз кечайлик. Қуёш ўз нурини дариғ тутмайдиган бу юртнинг мева ва полиз экинлари жуда мазали. Меваларимизни ўзга юртларда кўзига суртиб олишади. Аммо деган жой шуки, полиз экинларини экспорт қилиш муаммо. Раҳбарият юртимизда нархнинг ошиб кетишидан чўчийди. Деҳқон банкрот бўлса ҳам нарх кўтарилмаса бўлди. Полиз экинларининг нархи кўтарилса нима бўлади, биласизларми? Жавоб аниқ: Хориждаги мигрантларимизнинг ҳаммаси қайтиб келади.

Меваларни экспорт қилиш эркинлаштирилса, нарх албатта кўтарилади. Аммо бир икки йил ичида стабиллашади. Чунки ишлатилмай ётган ҳар бир қарич ердан йилига тўрт маротабагача ҳосил олиш бошланади.

Натижада, деҳқон бой бўлади, у ҳам шаҳарга келиб дам олади, боласини шаҳарда ўқитади, шаҳарда оиласини даволатади, шу каби циркуляцион маиший тизимлар орқали шаҳардан олиб кетган пулларини яна шаҳарга қайтариб ташлаб кетади. Бу ёғидан хавотир олиш керак эмас. Энг асосийси, экспортни йўлга қўйиб оламиз.

ДЕҲҚОННИНГ ОМАДИ ЧОПСА, ЯНА ЎША КЕТМОН УШЛАБ КЎРМАГАН РАҲБАРЛАРНИНГ КЕТМОНИ “УЧАДИ“

Агар қайсидир деҳқоннинг омади чопиб мўл ҳосил оладиган бўлса, дарҳол ўша туманнинг раҳбарлари биринчи планга чиқиб олишади. “Мана бизнинг сайъ-ҳаракатларимиз туфайли, ажратган кредит маблағларимиз сабабли шунча мўл ҳосил олдик” каби олға-ура гаплар билан улоқни олиб қочишади. Аслида эса деҳқоннинг олдидаги энг катта тўсиқлардан бири мана шу бюрократлар эмасмиди?

Деҳқон умр бўйи табиат инжиқликларидан қўрқиб яшайди. Гоҳида экинини совуқ уриб кетади, гоҳида қурғоқчилик бўлади, гоҳида эккан уруғи пуч чиқади. Ҳар қандай азобларга чидаб кўниккан деҳқон буларнинг барчасини шўр пешонасидан кўради. Аммо бюрократ ва қоғозбозларнинг сунъий офатлари деҳқон учун ортиқча.

Деҳқону миришкорлар манфаатини ҳимоя қилиш учун вазирликдан ташқари яна қанчадан-қанча ташкилот ва уюшмалар тузилган. Ҳимоя ва ёрдамга ўзлари муҳтож бўлиб турган бу ташкилотлар қандай қилиб деҳқонга ёрдам беради? Улар фақат мажбуран аъзо қилиб аъзолик бадалларини ундиришни қойиллатишади холос.

Икки йил олдин Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши тузилган эди. Яқинда эса “Томорқа хизмати” МЧЖлари ҳам пайдо бўлди. Деҳқонларимизга бундай ўзи ёрдамга муҳтож ташкилотлар керак эмас. Фақат уларга халақит берилмаса бўлди. Уларга тўсиқ эмас, эркинлик берилса, Қозоғистон, Россияни хизматлари билан эмас, шириндан-шакар мева ва полиз экинлари билан забт этади.

Собиқ Иттифоқ даврини ёдга олайлик, ўша даврларда ўзи эккан маҳсулотини деҳқон Москвага олиб бориб сотиб битта машина миниб қайиб келишган. Бугун ҳам шу ишни қилишга ҳаққи йўқми. Ёки деҳқон халқи шаҳардаги арзимаган нарх учун умрини хазон қилиш шартмикан?

Бизнинг халқимиздай меҳнаткаш халқ ҳеч бир юртда йўқ. Фақат уларнинг шу юртда ишлаши, меҳнат қилишлари учун имконият ва эркинлик керак. Сизнинг чиқармоқчи бўлган янги инновацион қонунларингиз ўзга бир юртдаги дангаса халқ учун, биз учун эмас.

Сўзларим интиҳосида депутатларга биргина саволим бор: нега раҳбарлар ҳаракатсизлиги учун жарима тўламайди-ю сизни депутат қилиб сайлаб қўйган оддий халқ қилмаган иши учун жарима тўлаши керак? Шунга ҳеч ақлим етмаяпти. Бу оддий халқнинг бирдан-бир айби – сизни сайлаганими?

P/S. Шуни ҳам айтиб қўйишим керакки, “бизни сайлашмади, аксинча, тайинлашди” деб ҳам айта олмайсиз.

Шерали ОТАБОЕВ, ЎзА. Манба: uza.uz
Дўстларингизга ҳам улашинг!