Зараркунандаларга қарши курашда биологик фаол моддалардан фойдаланиш

Ҳашаротлар гормонлари ва уларнинг аналоглари. Эндокрин, ёки ички секреция безлари бевосита гемолимфага ҳашаротлар модда алмашуви ва ривожланишини бошқарадиган секретлар ажратади. Бу секретлар “умуртқалилар секретига ўхшаш гормонлар” номини олди.

Бундай гормонлардан личинкалик ёки ювенил ва пўст ташлаш гормони – экдизон эндиликда тоза ҳолда ажратилиб, унинг кимёвий структураси ва функцияси аниқланди; бошқаларидан – фаоллаштирувчи гормон, тахминий диапауза гормонлари – улар кўрсатадиган самара хусусиятига биноан маълум; учинчи – диуретик сув метаболизмини бошқарадиган гормон, жинсий қўшилиш такрорийлигини бошқарадиган гормон ва бошқаларнинг мавжудлиги фақат тахмин қилинади.

Гормонларни ажратиш ва идентификациялаш бўйича АҚШ да амалга оширилган тадқиқотлар кўрсатишича ҳашаротлар синфига оид камида 3 шаклдаги ювенил гормонлар (ЮГ) мавжуд: ЮГ-I, ЮГ-II, ЮГ-III. Кимёвий келиб чиқиши бўйича улар сесквитерпенларга яқин бўлиб, фарнезил кислоталари ҳосилаларидир. Маълум бўлишича, айрим ҳашаротлар гуруҳлари гормонларининг шакллари ва организмдаги уларнинг миқдорлари нисбати билан ҳам фарқланади. Масалан, ЮГ-I ва ЮГ-II фақат капалакларда аниқланган бўлса, чигирткалар, сувараклар ва айрим қўнғизларда фақат ЮГ-III топилган. Иккиқанотлилар организмларида эса маълум ЮГ гормонларнинг бирортаси аниқланмаган. Гормонларнинг жиддий фарқи бир туркум доирасида ҳам кузатилади. Масалан, ипакчи қуртлар оиласи вакилларида ЮГ-I ва ЮГ-II кузатилибгина қолмай, уларнинг нисбати 4:1 ва 7:1 га  қадар ўзгариб туради. Тамаки арвоҳ капалагида ЮГ-I бўлмай, ЮГ-II ва ЮГ-III гормонлари эса 1:1 нисбатида учрайди.

Ювенил гормонлар ва уларга яқин бирикмаларни ўсимликлар ҳимоясида қўллаш ғояси К.Вильямс ва К.Сламега (1965) тегишлидир. Улар ЮГ фаоллигига хос моддаларни айрим нинабаргли дарахтлар турларида ҳам аниқлаган. Бу бирикмалар таркиби билан ЮГ дан фарқланадиган, аммо физиологик фаоллиги билан ЮГ га ўхшашлиги туфайли ЮГ лар аналоги ёки ювеноидлар номини олди. Ҳозир бундай бирикмаларнинг 1000 дан ортиғи маълум.

Ювеноидларни ўсимлик ҳимоясида қўллаш бир қанча қийинчиликлар билан боғлиқ. Ҳашаротларга ЮГ ларнинг жиддий таъсири 2-3 кун давом этса, айримларига 12-24 соат давомида таъсир қилади. Ундан ташқари ҳашаротларнинг табиий шароитда синхрон ривожланиши камдан-кам ҳолда учрайди.

Ўсимликларда ҳашарот личинкаларининг турли ёшдагилари, ҳатто турли ривожланиш фазалари кузатилади, ваҳолонки ювеноидларнинг фаол таъсири 3-4 суткадан ошмайди. Бундан ташқари ультрабинафша нурлар таъсирида 16 соатдан кейин кўпчилик бирикмалар самарадорлик хусусиятининг ярмини йўқотади. Ювеноидлар тез таъсир қилиш хусусиятига эга эмас, натижада зараркунанда экинга жиддий зарар етказиши мумкин. Айрим ювеноидлар фойдали ҳашаротларга ҳам ҳалокатли таъсир этади, шу билан бир қаторда ювеноидлар организмда тўпланмайди.  Иссиққонли ҳайвонларга кам заҳарли, шу муносабат билан улар устида тадқиқотлар амалга оширилмоқда. АҚШ да чивинларга ва бошқа қонхўр ҳашаротларга қарши альтазит (метапрен) препаратини қўллаш тавсия этилган. Бу препарат зарарли хасва ва бошқа моновольтин ҳашаротларга қарши курашда ҳам юқори самара берди. Гидропрен, кинопрен, трипрен, эпофенонан сингари препаратлар синовдан ўтказилиб, охиргисининг ультрабинафша нурлар ва бошқа омиллар тасирига чидамлилиги қайд қилинди.

Феромонлар. Ҳашаротларнинг характерли хусусиятларидан бири – улар ҳайрон қоларли нозик ҳид билишидир. Бу хусусият ҳашаротларнинг ўзаро информация воситаси, яъни уларнинг ўзига хос тилидир.

Ташқи муҳитга ажратиладиган секретлар ва бошқа организмларга таъсир қиладиган барча биологик фаол моддаларни белгилаш мақсадида Я.Д.Киршенблат (1958, 1962) телергон терминини таклиф этди. У бошқа ҳайвонларга таъсир этувчи моддаларни гетеротелергонлар ва ўз турига таъсир этувчиларни гомотелергонлар деб атади. Аммо гомотелергонлар адабиётда «феромон» термини билан, яъни дастлаб фақат бир турни жалб қилувчи ҳид ёки жинсий феромонлар (грекчадан Pherein – тарқатмоқ ва horman – қўзғатмоқ, кучайтирмоқ) тариқасида қайд этилган эди.

Ҳозир турли вазифаларни бажарувчи кўп феромонлар маълум. Булар агрегацион феромонлар ёки тўпловчи феромонлар, ҳашаротлар озуқа манбааларидан фойдаланиш ёки жинсий чатишиш жойини излаш хусусиятлари, қандалалар, тўғриқанотлилар ва айрим қўнғизлар (пўстлоқхўрлар) нинг қобилияти аниқланиши; хавотирлик ёки ҳимоя қисмини қўзғатадиган феромонлар (чақувчи пардасимонқанотлилар, термитлар, ўсимлик битлари); озуқа излаш мақсадида чумолилар ва термитлар ишлаб чиқарадиган из феромонлари; жамоа бўлиб яшайдиган ҳашаротлар уясида табақалар нисбатини тартибга солиб турувчи феромонлар (арилар ва бошқа пардасимонқанотлилар); жинсий феромонлардир.

Ўсимликларни зараркунандалардан ҳимоя қилишда айниқса ҳашаротларнинг  жинсий феромонлари ёки жинсий аттрактантлари  муҳим амалий аҳамиятга эга.

Феромонлар тўғрисидаги фаннинг ривожи кейинги 50 йилга мансубдир. 1960 йили жинсий феромонларнинг кимёвий хусусияти фақат 2 тур ҳашаротлар – тут ва тенгсиз ипак қуртларида маълум бўлган бўлса, 1980 йилга келиб 700 турдаги ҳашаротлар феромонлари қайд қилиниб, улардан 220 тур ҳашаротлар феромонларининг кимёвий тузилиши аниқланди.

Урғочилар ҳосил қилган феромонлар асосан эркакларини жалб қилади. Дастлаб изланишларда ҳар бир тур ҳосил қилган феромон фақат шу турнинг иккинчи жинсинигина жалб қилади, деб тасаввур қилинган бўлса, кейинчалик ажратилиб ва фойдаланилган феромонлар, масалан, цис-II-тетрадеценилацетат Agryrothaenia velutinana  баргўровчисининг жинсий аттрактанти айни пайтда маккажўхори капалаги ва бошқа ҳашаротлар учун ҳам самарали бўлиб чиқди. Шарқ мевахўри феромонларининг таъсири ундан ҳам мураккаброқ. Табиий шароитда бокира урғочилар фақат ўз тури эркакларинигина жалб қилади. 1969 йили синтез қилинган цис-8-додецен-1-илацетат – феромоннинг фаол асоси – ихтисослашмаган бўлиб, у шарқ мевахўри (Grapholita molesta) дан ташқари Америкада G. prunivara ва G. packardi турлари эркакларини, шу бирикма цис- ва трансизомерлари аралашмаси эса Европада фақат шарқ мевахўри аттрактантигина бўлиб қолмай, ваҳоланки олхўри мевахўри эркак капалакларини ҳам жалб қилган. Бу ва бошқа айрим компонентлар нисбати ўзгартирилиши аралашманинг феромон ихтисослиги ва биологик фаолигига таъсир кўрсатиб, мевахўрлар ва барг ўровчиларнинг яқин турлари учун ҳам жинсий феромон сифатида фаолият кўрсатади (Сметник ва б., 1983). Шундай қилиб тангачақанотлиларнинг жинсий феромонлари кўп компонентли аралашма бўлиб, компонентларнинг ҳар бири жинслар учрашув жараёнида маълум бир аҳамият касб этади.

Тунги капалаклар ва арракашларнинг феромонлари эркак ҳашаротларни узоқ масофадан жалб эта оладиган аттрактантлардир. Rhopalocera гуруҳига оид капалаклар жинсларини топиши дастлаб кўриш, сўнгра ҳидлаш реакцияси ёрдамида амалга оширилиб, жинсий қўшилишида муҳим аҳамият касб этади. Аччиқ апельсин (померанец) қизил қалқондори ажратган феромон нафақат шу тур эркакларини, балки уларнинг паразитлари – афитусларни ҳам жалб қилади. Шундай қилиб, у феромон сифатидагина эмас, балки кайромон сифатида ҳам таъсир қилади. Бу терминни У. Браун (1970) таклиф этган. Кайромонларга кенг спектрли таъсир хусусиятига эга бўлган моддалар киритилади. Олдин бундай модда ғўза тунлами капалаги тангачаларидан ажратилган бўлиб, у трихограмманинг зараркунанда тухумини излаш хусусиятини кучайтириш учун қўлланилган.

Кўпчилик капалакларнинг эркаклари ҳам феромонлар ажратиб, бу модда афродизиаклар сифатида, яъни урғочилар жинсий қўшилиш хусусиятини қўзғатадиган бирикма сифатида фаолият кўрсатади. Айрим қўнғизлар, жумладан, катта ун митаси (Tenebrio mоlitor L.) нинг эркак қўнғизи аттрактант ва бир йўла урғочилар ҳиди реакциясига жавобан бошқа эркакларнинг фаоллигини сусайтирувчи антиафродизиак чиқаради.

Ҳозир ҳашаротлар феромонлари ўсимликларни зараркунандалардан ҳимоя қилишда кенг қўлланилмоқда. Уларни қўллашнинг икки йўли – сигнализация ва популяция ҳолати устидан назорат ўрнатиш ҳамда зараркунандаларга қарши кураш воситаси сифатида фойдаланиш – белгиланган.

Сигнализация ва ҳашарот популяцияси ҳолати устидан назорат ўрнатиш. Жинсий феромон тузоқлар ўсимликлар карантини хизматида кенг фойдаланилмоқда. Айниқса шарқ мевахўри, картошка куяси, америка оқ капалаги, Ўртаер денгизи мева пашшаси, калифорния қалқондори сингари муҳим карантин зараркунандаларни ўз вақтида аниқлашда бу тузоқлар жуда зарур восита ҳисобланади.

Феромонларни зараркунандаларга қарши кураш воситаси сифатида қўллаш. Жинсий аттрактантларни зараркунандаларга қарши қириб йўқотиш воситаси сифатида қўллаш бўйича муваффақиятли тажрибалар маълум.

Бунга эришиш учун эркак ҳашаротлар оммавий тутилиб, табиатда «эркак вакуум» ҳосил қилинади, эркакларни чалғитиш (дезориентация) усули ёки феромонлар инсектицидли тузоқлар сифатида қўлланилади.

«Эркак вакуум» ҳосил қилиш принципи жинсий феромон тузоқларга эркак ҳашаротларни жалб қилишга асосланган. Бу урғочисининг табиий популяцияси жинсий чатиша олмаслиги туфайли зараркунанда популяциясининг сони камайишига олиб келади.

Бунинг учун, маълум бир ҳудудни тўлиқ эгаллаш мақсадида бирданига кўп миқдордаги феромон тузоқлар таъсиридан фойдаланилади. Бу усулнинг самарадорлиги Ayrgoletaenia velutiana баргўровчиси мисолида, Нью-Йорк штати олма боғларида  кўрсатилди. Тўрт йил давомида зараркунанда популяцияси миқдори кескин камайиб, усулнинг самарадорлиги 99% га етди. Аммо шу баргўровчи миқдори юқори бўлган бошқа боғларда ўтказилган тажрибаларда бундай натижа олинмади.

Олма қуртига қарши турли даврларда амалга оширилган тажрибаларда 1 гектарга 10, 34 ва 200 донадан ёки бир дарахтга 1-3 тадан тузоқлар илинган бўлсада, мевахўр зарарини камайтиришга эришилмади.

Шундай қилиб, эркак ҳашаротларни тузоқларда оммавий тутиш ҳозирча етарли  самара бермади.

Эркак ҳашаротларни чалғитиш (дезориентация) участкани феромоннинг юқори концентрацияси билан тўйинтиришга асосланган бўлиб, унинг моҳияти – эркак зотлар урғочи феромонини қабул қилиш хусусиятига халақит беришдир. Натижада жинсий чатиша олмаган урғочи уруғланмаган тухумлар қўйиши туфайли, зараркунанда популяцияси камайиши ҳисобига, ҳосил зарарланишини хўжаликда сезиларсиз даражага тушириш мумкин. 1968 йили АҚШ да Trichoplusia ni  тунламига қарши 1 гектарга 19 г феромон сарфланганда етарли юқори самарага эришилди. Шарқ мевахўрининг эркак зотларини чалғитиш мақсадида 1976 йили Австралияда ҳар бир дарахтга 2 ампуладан феромонли полиэтилен микрокапилляр капсулалар ишлатилиб, бунда соатига 1 гектарга 10 мг дозада  феромон тарқалишини таъминлаш ҳисобига, зараркунандага қарши инсектицидлар ишлатилганда олинадиган даражада самарага эришилди.

Руминияда шу зараркунандага қарши 1 гектарда суткасига 200 мг дозада феромон ажратилганда яхши натижа олинди. Эркак ҳашаротларни чалғитишнинг бошқа усули жинсий қўшилиш ингибитор (фаолликни пасайтирувчи) лари, ёки антиферомонларни қўллашга асосланган. Бундай кимёвий моддалардан структураси жинсий аттрактантларникига яқин ҳамда феромонлар таъсирини бўғувчи (бостирадиган) бирикмаларни кўрсатса бўлади. Бундай тажрибаларнинг бирида 25 мг гексалюр жинсий феромонли тузоққа 100 мг гексадецил ацетат антиферомони қўшилди. Натижада синовнинг биринчи 2 куни давомида ғўза тунлами эркакларини контролга (фақат гексалюрли тузоқлар) нисбатан 30 марта, кейинги икки кун давомида эса 70 марта кучлироқ чўчитишга эришилди. Бунда жинсий қўшилиш ингибиторининг таъсири 4 ҳафта давом этди.

Жинсий аттрактантларнинг инсектицидли аралашмаларини қўллашда пестицид миқдорини ҳаддан ташқари камайтиришга (0,5-2 г/га ) эришилади.

Япония (Бонин оролчалари) да  ўтказилган тажрибаларда кичик изоляцион квадрат материалларига 97% метилевгенол аттрактанти ва 3% найлед инсектициди шимдирилиб, 10х10х0,5 см ҳажмли 28 дона квадратчалар ҳисобидан ҳар 10 га майдонга самолётдан тарқатилганда, шарқ мева пашшаси эркакларининг сони 99,8% га камайган. Шу препаратлар аралашмаси кичик ҳажмли пуркаш усули билан ҳар бир дарахтга 3-5 мл суюқлик сифатида сарфланганда эса, шарқ мева пашшаси манбаи тўлиқ йўқ қилинган.

Хайдаров Жаҳонгир Абдураҳмонович.

Фарғона вилояти «Ўсимликлар карантини» давлат инспекцияси. Данғара тумани 1 – тоифали агроном инспектори.