2 сотих майдонда 500 бош қорамол боқиш мумкин

Зарафшон шаҳрида бунинг имкони топилди. Ташаббускор Акбар Жўрақулов Навоий вилоятида илк янги лойиҳани амалиётга жорий этди. Аниқроғи, “Nurli diyor parranda” масъулияти чекланган жамияти раҳбари чорвачилик ривожи учун “Гидропоника усулида озуқа етиштириш” лойиҳасини бошлади.

Маълумки, Қизилқум саҳроси бағрида жойлашган Зарафшон шаҳри, Томди ва Учқудуқ туманлари ҳудудида чорвачилик яхши ривожланган. Тўғри саҳрода ер ададсиз бўлсада, тупроқ унумдорлиги, суғориш тизими билан боғлиқ табиий муаммолар мавжуд.
Шу боис бу ҳудудларда, айниқса, йирик шохли мол парвариши учун ихчам ҳамда сув тежовчи, самарадор гидропоника лойиҳалари муҳим аҳамиятга эга.
photo_2020-09-21_18-34-31.jpg

Атиги 180 метр квадрат майдонни эгаллаган лойиҳада дон маҳсулоти майса бўлиб кўкаргач, кўкламдагидек янги ёки кўк озуқа сифатида қорамол парвариши учун қўл келади. Тўйимли ва калорияли озуқа маҳсулоти айниқса, сутчиликка ихтисослашган чорвачилик тармоқларида юқори самара беради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, сигирлардан олинадиган сут миқдори 30 фоизгача ошади.

Ташаббускор ушбу лойиҳани амалга оширишда умумий 1 миллиард 365 миллион сўмлик шахсий сармояси ҳамда Миллий банкнинг хорижий валютадаги кредитидан фойдаланди. Асосийси, ихчам ва самарадор лойиҳа натижасида 4 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, бу ерда йилига 1 минг 800 тонна маҳсулот, яъни 1 кило дондан 4,5-8 килогача кўк озуқа етиштирилади. Мазкур мўжазгина ер майдонини эгаллаган лойиҳа қувватида анъанавий 250 гектар майдонда етишитириш мумкин бўлган қувват ҳажми ўрнини босади. Эътиборлиси, 1 йилда лойиҳа харажатлари ўзини қоплайди. Яна бир муҳим жиҳати, майсаларни ундириш учун соатига 240 литр ерости суви сарфланади.

 

Нуриддин РАҲИМОВ, ЎзА. uza.uz
Дўстларингизга ҳам улашинг!