2018 йилнинг 14-16 март кунлари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Бутунжаҳон сув кунига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирлар ташкилотчилари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва Бирлашган миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастурининг Европа Иттифоқининг «Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш» дастури доирасида амалга оширилаётган «Техник салоҳиятни мустаҳкамлаш» лойиҳаси эди.
Ҳар йили 22 март санасида дунё бўйлаб Бутунжаҳон сув куни нишонланади. Ушбу кун жамоатчиликнинг эътиборини сув объектларининг бугунги ҳолатига ва уларни қайта тиклаш ва муҳофаза қилиш билан боғлиқ масалаларга жалб қилишга, ер юзидаги ҳар бир инсон ҳаётидаги сувнинг тутган ўрни ҳақида мулоҳаза қилишга, ичимлик сувининг етишмовчилиги билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратишга, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни асраб-авайлашнинг муҳимлигига, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш билан боғлиқ муаммоларнинг ечимини топиш учун тегишли чораларни кўришга қаратилган. 2018 йилги Бутун жаҳон сув кунининг асосий мавзуси – Табиат сув учун (Nature for Water).
Бутунжаҳон сув кунининг нишонланиши аҳолини сувдан оқилона фойдаланишга чақириш ҳамда кенг жамоатчиликнинг эътиборини сув ресурсларининг мамлакатимиз ва умуман олганда жамиятимизнинг тараққиёти учун қанчалик муҳимлигига қаратишга йўналтирилган қатор тадбирларни ўз ичига олди. Мазкур тадбирларда асосий эътибор ёшларнинг сувдан оқилона ва самарали фойдаланишдаги тутган ўрнига қаратилган бўлиб, улар доирасида сув ресурсларини бошқариш ва мамлакатимизни барқарор ривожлантириш масалалари бўйича олий таълим муассасалари талабалари ўртасида мунозаралар ўтказилди.
















