«Бу – иккинчи нон». Шавкат Мирзиёев картошкачиликдаги муаммоларни санади

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида картошкачиликдаги муаммоларни бирма-бир санаб, бу йўналишни ривожлантиришга эътиборни кучайтиришга чақирди.

«Махсус ракурс» кўрсатувида хабар қилинишича, давлат раҳбари картошка етиштиришни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган.

Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев «бу ривожланмаган йўналишлардан бири» деб таъриф берган бўлса, президент қишлоқ хўжалиги вазирига картошкачиликда ҳосилни кўпайтириш, бу йўналишда венгриялик ҳамкасблари билан ҳамкорлик устида ишлаш бўйича топшириқ берди.

«Битта коллежни олиб бўшатгинда, Хўжаев қошида…, уларнинг одамларини қисқартириб, пул бериб, айланма маблағ қилиб. Чет элга жуда катта картошка кетяпти-да. Иккинчидан, Ўзбекистон шароитида бекордан бекор ернинг вақтини ўтказяпмиз. Қаерга картошка экишни билмаймиз, қайси навни экишни билмаймиз, қайси йўналиш бўйича, картошканинг турлари бўйича қилолмаяпмиз. Ўзбекистонда бу – иккинчи нон. Ҳозирги ҳисоб-китоб бўйича 1 млн 800 минг картошка керак бўлса, 2 млн 700 мингга еримиз бор, лекин ҳосилдорлик йўқлиги учун ҳеч қандай пировард мақсадга эриша олмаяпмиз», – деди давлат раҳбари.