Бухорода чигит экиш ишлари олдидан қут-барака, мўл ҳосил сўраб дуо қилинди

Бухоро вилоятида жорий йил пахта ҳосили учун 97 минг 900 гектар майдонга чигит экиш режалаштирилган.

Айни жараёнда 10 та пахта-тўқимачилик кластери томонидан 2 минг 958 та фермер хўжалик билан шартномалар тузилган.

Ромитан туманидаги “Пахта круг замини” фермер хўжалиги даласида чигит экиш мавсуми олдидан амалий семинар ташкил этилди.

Семинарда вилоят ва туман секторлари, қишлоқ хўжалигига дахлдор бошқарма ва бўлимлар, кластер корхоналари, чигит экиш отрядлари раҳбарлари қатнашди. Унда ерни чигит экишга тайёрлаш, техникалар созлиги, чигитни бир текис ундириб олиш билан боғлиқ барча жараёнлар амалий машғулот тарзида тушунтириб берилди.

— Бухоро тупроқ-иқлими шароитида ер намини сақлаш ўта муҳим, ҳосил тақдирини ҳал қилувчи аҳамияга эга агротехник тадбир ҳисобланади, – деди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Аскар Жаводов. — Шунинг учун бу тадбирга катта масъулият билан ёндашиб, чигит экиш ишларини сифатли ўтказиш мақсадида тушунтириш ишларини олиб бориш зарур. Чунки сифатли экиш ҳосил тақдирини 50 фоиз ҳал қиладиган масала. Вилоятда дала-деҳқончилик ишлари қизғин тус олмоқда. Бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракат халқимизнинг фаровон турмуши, баракали ризқ-рўзи ҳисобланади.

Вилоятда жорий йилда эртапишар “Бухоро-102”, “Бухоро-10”, “Порлоқ” ва ўртапишар “Бухоро-6”, “Бухоро-8” ғўза навларини экиш режалаштирилган. Навлар ҳудудларнинг табиий-иқлим шароити, ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда экилади. Об-ҳаво инжиқ келаётган бу йилги шароитда чигитни мақбул муддатларда, тез ва сифатли экиб, ундириб олиш мўл ҳосил етиштиришда ўз самарасини беради. Бунинг учун мавжуд техникалар кучидан оқилона фойдаланишга тўғри келади. Шу мақсадда 138 та чигит экиш отрядига 1 минг 52 та техника бириктирилиб, 137 та кўчма устахона ва ётоқхона, 129 та ёқилғи тарқатиш машинаси ажратилди. Экиш жараёнида 290 та унумдор экишгичлардан(сеялка) фойдаланилади.

Семинарда замонавий, юқори унум билан ишловчи техника воситалари кўргазмаси ташкил этилди. Пахтачилик соҳасига илмий, инновацион ғояларни кенг татбиқ этиш бўйича амалий йўл-йўриқлар кўрсатилди.

Шу куни “Пахта круг замини” фермер хўжалиги аъзолари туманда, қолаверса, вилоятда биринчилардан бўлиб уруғ қадашни бошлади.

Анъанага мувофиқ, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий зиёратгоҳида ўзбекона удумга кўра палов дамланиб, деҳқончиликка қут-барака, мўл ҳосил сўраб, эзгу дуолар қилинди.

Зариф Комилов, ЎзА