Бедазорлар бузилишидан кимга фойда, кимга зиён…

Халқимиз миришкор, еримиз унумдор. Аҳоли томорқасига эҳтиёжига кўра экин экади. Чорванинг ташвишини қилганлар ем-хашак учун макка ёки беда экиши ҳам рост.

Аммо маҳалла раиси, ҳокимият вакиллари келиб, “бунингни бузиб, одам ейдиган нарса эк”¸ дегани кўнгилга оғир тегиб, норози кайфият пайдо бўлиши ҳам ёлғон эмас…Шу кунларда бу мавзудаги баҳслар анча кенгайгандек. Мулоҳазага чорлаётганларнинг эса ҳар бирининг ўз “ҳақиқати” бор.Жойларда “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилганига ҳам икки йилча бўлиб қолди. Улар ер эгалари билан бевосита ҳамкорликда анчагина тажриба орттиришган.Келинг, уларнинг мулоҳазаларига ҳам қулоқ тутайлик. Шу мақсадда бир неча “Томорқа хизмати” вакиллари билан телефон орқали мулоқот қилдик. Улардан бири – Навоий вилоятидаги “Кармана дўрмон томорқа хизмати” раҳбари Ахмет Нарзиев .

–Пандемия туфайли кўпчилик уйдан чиқмай, карантинга амал қилмоқда,–дейди А.Нарзиев.–Лекин бу иш тўхтади, дегани эмас. Ҳар ким ўз томорқасида баҳорги юмушлар билан банд. Биз ҳам уларга яқиндан кўмак бериб, буюртма асосида турли дарахт кўчатлари, уруғликлар етказиб беряпмиз. Томорқалари қаровсиз қолаётганларнинг ерларини ҳайдаб беришни ҳам йўлга қўйганмиз.

–Қаровсиз томорқалар кимларга тегишли?

–Уларнинг кўпчилиги қариялар, ногиронлиги бўлганлар. Ҳолатни ҳисобга олиб, бундай оилаларга текин хизмат кўрсатамиз. Аҳолининг қолган қисмига эса хизматларимиз пулли.

–Иссиқхоналар текинга қуриб берилаётгани ҳақидаги гап қулоғимизга чалинганди…

–Шундай, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги кам таъминлаган оилаларга 2 миллион 200 минг сўмгача субсидиялар ажратмоқда. Давлат берган ана шу маблағ ҳисобидан аҳолига ихчам иссиқхоналар қуриб, сув йўқ жойларга артезиан қудуқлар қазиб бермоқдамиз. Бу йил ҳисобидан 200 яқин шартнома туздик. Уларнинг 100 таси бир ҳафтада бажарилди. Ҳозир ишчиларимиз ўнта гуруҳга бўлиниб, кунига бир неча иссиқхона қуришни эплашмоқда.

–Иссиқхонада етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб ҳам оласизларми?

–Субсидиялар ҳисобидан ярим сотихда қурилган иссиқхоналардаги маҳсулотлар хонадон эҳтиёжларига етади. Бир сотихдан 10 сотихгача бўлган йирик иссиқхона эгалари билан ҳосилни харид қилиш борасида шартнома тузамиз. Харидори аниқ бўлгач, бозорга олиб боролмадим, техника йўқ, деган гаплар бўлмайди. Ҳосилни ўзимиз олиб, бозорга ва давлат ташкилотларига етказиб берамиз.

–Дарҳақиқат, маҳсулот етиштиришнинг ҳам, уни сотишнинг ҳам ўз ташвишлари бор…

–Томорқачилар етиштирган маҳсулотларини сотишда қулай бўлиши учун ўзаро келишиб, иш юритишмоқда. Бугунги кунда бир маҳалла –бир маҳсулот тамойили анча оммалашди. Биз ҳам шу асосда иш олиб боряпмиз. Бир хил маҳсулот етиштириш учун маҳаллаларни танладик ва уларнинг шароитини ҳисобга олиб, нўхат экишга келишдик. У сувни кам талаб этади ва баракали.

–Баҳор келганига анча бўлди. Кўпчилик деҳқонлар бир томондан ҳосил йиғишга киришган бўлса, иккинчи томондан экинлари бўй кўрсата бошлади…

– Кўриб турибсиз пандемия, бу ёқда ёғингарчилик кўп бўлди. Экиш ишларига бир оз кечикканлар ҳам бор. Нўхат экишга ҳали фурсат етарли. Ерни тайёрлаб қўйганларга, уруғлик етказиб берсак, майгача экиб бўламиз. Айримларнинг томорқаси экилганига 3–4 йил бўлган йўнғичқа билан банд. Уларга ҳам ўз маслаҳатларимизни беряпмиз.

– Йўнғичқа экса нимаси ёмон, у ҳам чорвага керак–ку?

–Тўғри, чорвага керак. Лекин, йиллаб ерни эгаллаб етган бу экиндан борган сари барака камаяди. Унинг ўрнига картошка ёки нўхат экса, қанча фойда олишини тушунтириб берганимиздан кейин аҳолининг ўзи бедазорини бузмоқда.

Бир сотихда беда экан одам, уни йилига тўрт марта ўриб олади. Боринг–ки, 40 боғ келар. Бунинг устига бу экин кўп сув талаб қилади ва йиллаб ерни эгаллаб ётади. Агарда бир сотихда бир килограмм нўхат экилса, ундан ўртача 50 килогача ҳосил олса бўлади. Ҳар килоси бозорда ўртача 10 мингдан сотилса ҳам яхши пул бўлади. Сув ва меҳнатни ҳам кўп талаб этмайди. 70 кунда тайёр бўлгач, ундан бўшаган майдонларга маккажўхори, картошка, сабзи, шолғом, ош лавлаги, карам каби бир қанча экинларни экиб, бир йилда 2–3 марта ҳосил олиш имкони бор.

– Унда экинни бузди, деган норозиликка сабаб нима?

– Экинни ҳеч ким мажбурлаб бузмайди. Аҳолига тушунтирилади, маслаҳат берилади. Миришкор деҳқон ернинг ҳар қаричидан самарали фойдаланади. Экинларни экиш муддатини билади. Бозорни ҳам кузатади. Норози бўлаётганлар эса ери билан иши йўқ, бошқа юмушлар билан банд одамлар. Томорқада ишлагиси келмаганидан, беда экиб қўйибди.

Айни вақтда “Кармана дўрмон томорқа хизмати” аҳолига турли хизматлар кўрсатишдан ташқари 3 гектарда интенсив боғ барпо этган. Келгусида минг туп ёнғоқ ва минг туп нокдан олинадиган ҳосилни экспорт қилиш режалаштирилган. Чўлдан очилган 30 гектар қўриқ ерда эса пиёз ва полиз экинлари уруғи қадалди.

Сайёра ШОЕВА, uza.uz
Дўстларингизга ҳам улашинг!