Ўзбекистонда боғбонлар гилос, ўрик, узум ва бодом ҳосилидаги йўқотишларни 30 фоиздан 80 фоизгача баҳоламоқда. Бу уларнинг нархига ҳам таъсир қилиши мумкин

Ўзбекистонда январь ойи охири ва февраль ойи ўрталарида кузатилган аномал иссиқ об-ҳаво мевали дарахтларнинг эрта гуллашига сабаб бўлди. Бироқ об-ҳаво кескин совиб, қор ёғиши туфайли мевали дарахтлар куртаклари ва гуллари хавф остида қолди.

EastFruit мева-сабзавот бизнеси портали ўтган ҳафтада Фарғона водийси, Бухоро, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидаги боғбонлар, деҳқонлар ва мутахассислар билан суҳбатлашиб, келажакда мевали дарахтлар ҳосилидаги йўқотишларни қандай баҳолаётганлари ҳақида сўради. Қуйида уларнинг айримларининг фикри келтирилди. Таъкидланишича, Ўзбекистонда етиштириладиган мева ва резаворларнинг қарийб 70 фоизини дастлабки уч ҳудуд таъминлайди.

Низом Акбаров — Фарғона вилояти Қувасой шаҳридан бўлган фермер асосан ўрик ҳосилида катта йўқотишлар бўлишидан хавотирда.

«Қувасой боғдорчиликка ихтисослашган. Муболағасиз айтишим мумкинки, бу ерда Ўзбекистонда мавжуд бўлган барча мевалар етиштирилади. Менинг боғимда асосан учта турдаги мевалар: гилос, шафтоли ва олмалар бор. Бизнинг ҳудудимизда бирорта ҳам дарахт гулламади. Аммо етилган куртаклар очилиш арафасида.

Яқинлашиб келаётган совуқ об-ҳавонинг хавф-хатарларига келсак, мени кўпроқ ўрик ҳосили ташвишлантирмоқда, чунки бу дарахтлар табиатан заиф. Совуқ об-ҳаводан ташқари, уларнинг ҳосилдорлигига ёғингарчилик даражаси ва об-ҳаво шароити билан боғлиқ бошқа омиллар ҳам таъсир қилади. Агар об-ҳаво прогнози тўғри чиқса, биз бу йил (ўрик) ҳосилини бутунлай йўқотишимиз мумкин.

Гилос бу борада ‘турғунроқ’, аммо синоптиклар прогноз қилаётганидек, бундай паст ҳароратларда, бу ерда ҳам йўқотишлар бўлиши тайин. 2013 йил ёки 2014 йил март ойининг охирида қор ёғиб совуқ ургани эсимда. Ўшанда биз гилос ҳосилининг тахминан 35 фоизини йўқотгандик».

Маҳмуд Орипов, қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти мутахассиси, иқтисод фанлари номзоди, Бухоро давлат университети доценти, келаётган совуқда данакли мева ҳосилидаги йўқотишлар ушбу меваларнинг нави ва турига қараб 30 фоиздан 80 фоизгача бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди:

«Февраль ойининг бошларидан йилнинг бу мавсуми учун аномал ва кутилмаган тарзда ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши табиатнинг қишки уйқудан эрта уйғонишига олиб келди. Натижада биз, хусусан, Бухорода бодомнинг, ўрикнинг айрим навларининг (лекин ҳаммаси ҳам эмас), шунингдек, олманинг эрта навларининг гуллаганини кўряпмиз. Бундан ташқари, гилос, олча ва  Бухоронинг машҳур неъматларидан бири бўлмиш ‘қора олу’ деб номланувчи қоқи тайёрланадиган олхўри гуллаш арафасида».

Яқинлашиб келаётган совуқ об-ҳаводан ҳосилни йўқотиш сезиларли бўлиши мумкин. Агар данакли мевалар ҳақида аниқ гапирадиган бўлсак, унда уларнинг қуйидаги турлари хавфи остида:

  • бодомнинг келажакдаги ҳосилининг 55-60 фоизи;
  • гуллаган ўрик навларининг 70-80 фоизи;
  • ўрикнинг ҳали гулламаган бошқа навларининг 30-35 фоизи;
  • олхўрининг 35-40 фоизи.

Илҳом Жўраев — Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидаги боғбон:

«Бизнинг ҳудудда бодом ва ўриклар гуллашга улгурган. Прогнозларга кўра, яқинда тушадиган кескин совуққа ўрикка қараганда бодомни чидамлироқ дейиш мумкин. Агар шундай совуқ келса, ўрик ҳосилининг 70-80 фоизини йўқотишимиз мумкин».

Самарқанд вилоятининг тоғли ҳудудларга яқин жойлашган бошқа туманларидан бўлган боғбонлар ва деҳқонлар мевали дарахтлар ҳали гулламаганини айтган.

Гулпари Бозорова — Сурхондарё вилоятидан бўлган фермер келаётган совуқ ҳаводан нафақат данакли мева турлари учун, балки узум учун ҳам хавфини кўрмоқда:

«Бизда ўрик, бодом, гилос ва япон беҳи гуллади. Улардан бодом гуллаб бўлиб, мева тугишга ҳам улгурди. Синоптиклар кескин совуқ тушишини, кечаси минус ҳарорат бўлишини прогноз қилмоқда. Биз келажакдаги ҳосилдан хавотирдамиз.

Ўрик, гилос, олма (эрта нави) ва беҳи хавф остида. Шунингдек, узумнинг келажакдаги ҳосили ҳам хавф остида, чунки Сурхондарёда узум буталари қишда кўмилмайди. Улар очиқ ҳолда ‘қишлайди’. Жорий йилнинг январь ойи охирида бошланган кескин аномал исиш узумзорларнинг бевақт ‘уйғонишига’ олиб келди. Энди ҳосилнинг бир қисмини йўқотишимиз мумкинлигидан хавотирдамиз.

Умуман олганда, ҳосилни йўқотиш 30 фоиз атрофида бўлиши мумкин. Аммо ҳаммасидан нозиги — ўрик. Ушбу данакли меванинг ҳосилига ҳатто кучли шамоллар, мунтазам ёмғирлар ҳам таъсир қилиши мумкин. Гуллаганидан кейин ҳаво кескин совиши ҳақида гапирмаса ҳам бўлади».

Хабарда айтилишича, Ўзбекистонда ўрик етиштириш ҳажми 2017—2019 йилларда нисбатан барқарор бўлиб, тебранишлар 10 фоиз (+/-) атрофида бўлган. Гилос етиштириш бу вақт давомида 39,3 фоизга, бодом эса 5 бараварга ўсган. Энди эса кескин совуқ таъсири Ўзбекистондаги данакли мевалар етиштириш ҳажми, нархларига қандай ва қай даражада таъсир кўрсатишини ҳозирча айтиш қийин.

Манба: EastFruit  daryo.uz