“Замонавий деҳқончилик ривожида илм ва ишлаб чиқариш интеграцияси” мавзусидаги илмий-амалий анжуман

2021 йилнинг 23-25 сентябрь куни Наманган шаҳридаги “Ахсикент” меҳмонхонасида «IFODA» компанияси, «ТУПРОҚСИФАТТАҲЛИЛ» Давлат унитар корхонаси, Ўзбекистон Тупроқшунослари Тармоғи ҳамда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар маркази – AKIS ҳамкорлигида махсус илмий-амалий анжуман ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тўлақонли амалга ошириш, ишлаб чиқаришга илм-фан ютуқлари ва инновацияларни кенг жорий этиш, таълим, илм-фан, ишлаб чиқариш ва агрохизматлар кўрсатиш тизимининг узвий интеграциясини таъминлаш мақсадида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизимини 2021-2025 йилларда устувор ривожлантириш концепцияси тасдиқланган.

Концепция доирасида амалга ошириладиган вазифалар қаторига қишлоқ хўжалиги соҳасида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвий интеграциясини таъминлаш, фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги кластерлари ва кооперациялари ҳамда илғор хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан манфаатли илмий-ишлаб чиқариш ҳамкорлигини йўлга қўйиш, янги илмий ишланмалар, инновациялар ҳамда рақамли технологияларни жорий этиш, барча турдаги давлат илмий ва олий таълим муассасаларининг қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширадиган илмий-тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштириш масаласи киритилгани бежиз эмас. Зеро замонавий деҳқончилик ривожи учун илм, инновация ҳамда ишлаб чиқариш интеграцияси жуда муҳим.

Илмий-амалий анжуман доирасида «IFODA» компаниясининг ишлаб чиқариш жараёни ҳамда дала-тажриба майдонларида олиб борилаётган тадқиқотлари билан яқиндан танишилди, қолаверса, Агро бешлик: давлат сектори, хусусий сектор, олий талим, илмий тадқиқот ва деҳқонларни ўзида жамлаган юқори савиядаги тадбир ўтказилди.

Ушбу илмий анжуманда юртимиздаги тупроқшунос, агрокимёгар, ўсимликлар кассаллиги ва зараркунандаларига қарши курашиш каби йўналишларда фаолият олиб бораётган олимлар, шу соҳада давлат сиёсатини олиб бораётган турли ташкилот вакиллари, деҳқон-у фермерлар, Ўзбекистондаги қатор оммавий ахборот воситалари вакиллари ташриф буёрдилар.