Фарғонада етиштирилган малинани Польшага экспорт қилиш бошланди

Фарғона вилояти Фарғона туманининг Водил ҳудудида 5600 та уй хўжаликларида ва фермер хўжаликларида 500 гектардан ортиқ майдонда бугунги кунда қарийб 4,4 минг тонна маҳаллийлаштирилган навлардаги малина етиштирилиб, республиканинг барча ҳудудларига ички истеъмол учун етказиб берилмоқда.

Бозори харидоргир маҳсулотга нафақат ўзимизда, балки чет давлатларда ҳам талаб ортиб бормоқда. Ўтган даврда Россия ва Козоғистон давлатларига малина экспорт қилинган бўлса, энди Европага ҳам экспорт қилиш бошланди.

Туманда фаолият юритаётган “Водил” фермер хўжалиги ва Польшанинг “Zinotrade” фирмаси ўртасида қиймати 500 минг евро бўлган шартнома имзоланди. Унга кўра фермер хўжалиги томонидан 200 тоннадан зиёд малина ушбу давлатга етказиб берилади. Куни кеча ушбу маҳсулотнинг қиймати 53,4 минг евро бўлган 20 тонналик биринчи партияси жўнатилди. Туманнинг иқлим шароити ва мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, келгусида малина етиштиришни кенгайтириш ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича катта ишлар олиб борилмоқда.

Фарғона туманининг Дилкушо маҳалласи ҳудудида 1000 та оиланинг бандлигини таъминлайдиган 300 гектарлик малина плантацияси барпо этиш бўйича амалий ишларга киришилган.  Келгусида туманда экотуризм маскани, махсус совуткичли омборхона ва малинани қайта ишловчи корхона ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

М. Сулаймонов, ЎзА