Ўзбекистон олимлари чигитни бентонит билан қобиқлаб экиш усулини йўлга қўйди

628

Фанлар академияси Навоий бўлими олимлари томонидан ишлаб чиқилган чигитни бентонит гиллари кукуни билан қобиқлаб экиш усули Ўзбекистонда биринчи маротаба амалга оширилиб, тижоратлаштириш йўлга қўйилди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги хабар бермоқда.

Илмий ишланманити жоратлаштириш, қишлоқ хўжалигига жорий этиш ҳамда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган кўргазмаларда Фанлар академиясининг Навоий бўлимининг илмий ишланмалари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга таништирилган. Натижада “Азкамар” МЧЖ ушбу лойиҳага қизиқиш билдириб, лицензия шартномаси имзоланди. Шартномада Фанлар академияси Навоий бўлими муаллифлик ҳуқуқи эътиборга олиниб, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш натижасида олинган фойданинг 20 фоизи Фанлар академиясининг Навоий бўлими ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.

“Азкамар” МЧЖ корхонаси йилига 50 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, ҳозирги кунга қадар 500 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилган. Лойиҳа доирасида чигитни бентонит кукуни билан капсулалаб экиш учун Навоий вилоятидаги Азкамар кони бентонит гилларидан фойдаланилди. Вилоятлар кесимида чигитни капсулалаш 2019 йилнинг апрель ойида ўтказилди. Чигитни бентонит кукуни билан капсулалаш Ўзбекистонда биринчи маротаба амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бентонит дунёнинг кўплаб мамлакатларида, хусусан, Чехия, Словакия, Италия, АҚШ, Миср, Украина, Грузия, Россия, Япония ва Хитойда қўлланилиб, қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини 20-32,6 фоизга оширишга муваффақ бўлинмоқда. 40 тадан ортиқ микроэлементларни ўзида жамлаган бентонит табиатда кимёвий минералогик жиҳатлари билан фарқ қилган ҳолда учрайди. Ноанъанавий агрорудалардан олинган минерал хом ашё — бетонит турли даражада майдаланади ва чорва моллари ҳамда парранда озуқаларининг сифатини ошириш мақсадида қўшиб берилади, шунингдек, қишлоқ хўжалик экинларида маҳаллий ўғит сифатида ишлатилади.

Бентонитнинг шимиш хусусияти тупроқнинг сув-физик ва физик-кимёвий хоссаларига яхши таъсир қилиши, уларнинг таркибида 20-60% ва ундан кўп магнийли монтмориллонит минералининг мавжудлигидадир, шунинг учун ўзгарувчан, бўкувчан ва алмашувчан катион ва анионларнинг ҳажми 100 гр тупроқда 23-150 мг/эквни ташкил этади. Қолаверса, бентонитлар ўсимликлар учун озуқа манбаи ҳисобланади, уларнинг таркибида 0,3-4,7 % углерод, 0,4-3,0 % калий, 0,3-1,0 % фосфор мавжуддир.

Бундан ташқари унда кўплаб микроэлементлар: мис, рух, бор, кобальт, молибден, марганец, олтингугурт мавжуд. Ўсимлик илдизи тарқалган тупроқ қатламидан бентонит ҳаракатчан шаклдаги озуқа унсурлари ва гумусни сув билан ювилиб кетишидан сақлайди ҳамда тупроқда углерод, азот, фосфор ва калий захирасини кўпайтиради.

Ноанъанавий агроруда бентонит билан капсулаланган чигитларни экиш ғўза кўчатларининг униб чиқишини 1-2 кунга жадаллаштириб, салмоғини 10-12% кўпайтириши ва ҳосилдорликнинг 2,2-2,7 5 ц/гектар юқори бўлишига сабаб бўлиши исботланди.

Манба: xs.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!