Ўтган йил ўрик экспорт қилиш бўйича дунёда етакчилардан бўлган Ўзбекистон энди ушбу мева импортёрига айланди

Айни пайтда Ўзбекистонда ўрик нархи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,5 баравар юқори нархда сотилмоқда. 2020 йилда республика ушбу мева экспорти ҳажми бўйича жаҳонда Испаниядан сўнг иккинчи ўринни эгаллаган.

EastFruit таҳлилларига кўра, Ўзбекистонда бу йил ўрик экспорти деярли амалга оширилмаяпти. Ички бозорда ўрик юқори нархда экани ва қўшни Тожикистонда нисбатан арзонлиги сабабли, бу йил қўшни мамлакатдан ушбу мева импорт қилинмоқда. Шундай қилиб, ўрик экспорти бўйича жаҳон миқёсидаги етакчилардан бири бўлмиш Ўзбекистон айни дамда унинг импортчисига айланди. Бунга нима сабаб бўлди ва бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Бунга асосий сабаб сифатида февраль ойи охири ва март ойи ўрталарида республика ҳудудларига тўсатдан кириб келган совуқ ҳаво оқимини кўрсатиш мумкин. Бу данакли мевалар, айниқса, ўрик ҳосилига катта зарар етказди, аммо қўшни республика Тожикистонда ҳосилга у қадар салбий таъсир кўрсатмади.

Мутахассислар томонидан, февраль ойи охиридаги ноқулай об-ҳаво туфайли ўрик ҳосили бой берилиши эҳтимоли камида 60-65 фоизга баҳоланиб, нархлар камида 2 бараварга ошиши прогноз қилинганди.

Айни пайтда Ўзбекистонда нархлар ўтган йилнинг шу санасига нисбатан 6,5 баравар юқори кўрсаткични ташкил этмоқда.

Аммо ҳосилга нисбатан анча кам зарар етган Тожикистонда ўрикнинг нархи бир килограмм учун 0,79-1,06 доллар атрофида, яъни Ўзбекистонга нисбатан 3-5 баравар паст. Тожикистонда ўрик нархининг нисбатан анча пастлигига қўшимча омиллардан бири (яхши ҳосилдан ташқари), Қирғизистон билан чегаранинг тўлиқ ёпилишидир. Чунки, одатда, экспорт Қирғизистон орқали амалга оширилади. Аммо Тожикистонда ўрикка кўпроқ қуритилган мева тайёрлаш учун эьтибор қаратилади, унга ҳўл мева бозори маҳсулоти сифатида қаралмайди. Шу сабабли, Тожикистон ўриги экспорти, асосан, Қозоғистон ва Россия бозорларида Ўзбекистон ўрик экспортининг ўрнини боса олмаяпти.

Шунингдек, Ўзбекистондан ўрик экспортининг деярли йўқлиги туфайли бу йил Россияда ўрикнинг улгуржи нархи ўтган йилга нисбатан юқори, аммо бу ўсиш атиги 25 фоиз, холос. Бунинг сабаби, жаҳон ўрик бозорида етакчи экспортчилардан бири ҳисобланадиган Туркия, Россия бозорида айни пайтда рақобат йўқлиги боис асосий етказиб берувчига айланди. Бошқача айтганда, туркиялик боғбонлар бу йил ўрик ҳосилидан яхши даромад олишмоқда. Туркия ўригининг бир килограмми ўртача 1,5-1,6 доллар атрофида сотилмоқда.

2021 йилда Европа Иттифоқида ўрик ҳосили ўтган йилга нисбатан 20 фоиз ва 2015-2019 йилги ўртача кўрсаткичга нисбатан 40 фоиз камайишини ва Молдовада мавсум икки ҳафта кечикишини ҳисобга олсак, бу мавсумда Туркия учун ўрик бозори жуда муваффақиятли бўлиши мумкин. Россия учун эса ушбу мавсумда Туркиядан ташқари ўрик импорт қиладиган муқобил бошқа мамлакат йўқ.

EastFruit маълумотларига кўра, 2021 йилга қадар ўрик мевалар орасида энг тез ўсиб бораётган Ўзбекистон экспорт маҳсулоти бўлиб, унинг миқдор кўрсаткичи ҳар йили деярли бир ярим баравар ўсди. Ва бу ҳолат ўрик экспорти нархларининг глобал пасайиш тенденциясига қарамай юз берди. Бироқ, бу йил, албатта, ҳаммаси кескин ўзгариши мумкин ва ўрикнинг жаҳондаги нархи сўнгги бир неча мавсумга нисбатан рекорд даражага кўтарилиши эҳтимоли бор.

Trademap маълумотларига кўра, 2020 йил Ўзбекистондан ўрик экспорти рекорд даражадаги 74,5 минг тоннани ташкил этди. Ундан аввалги йиллар кўрсаткичи эса қуйидагича: 2019 йил – 58 минг тонна, 2018 йил – 43 минг тонна, 2017 йил – 23 минг тонна.

Маьлумот учун, 2020 йилда Ўзбекистон ўрик экспорти ҳажми бўйича жаҳонда иккинчи ўринни эгаллади. Биринчи ўрин Испанияга тегишли бўлиб, ушбу мамалакат 2020 йилда ташқи бозорларга 96 минг тонна ўрик экспорт қилди. Ўтган йили Ўзбекистон ушбу мева экспорти ҳажми бўйича илк бор ҳатто Туркиядан ҳам устун келди. Бироқ, бу йил Туркия ўрик экспорти бўйича жаҳондаги етакчи мамлакатга айланиши мумкин.

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.