СОЯ – дуккакдошларга мансуб бир йиллик дуккакли дон ва мойли экин. Пояси дағал, цилиндрсимон, тик ўсади, аммо ётиб қоладиган навлари ҳам бор. Бўйи 15 см. дан 2 м. гача, ён шохлари 2–8 та бўлади. Барги сертук, бандли, бандининг узунлиги 8–20 см. Меваси – дуккак, сариқ, қора, қўнғир, сертук. Ҳар бир дуккагида 2–6 та дон бор, 1000 дона донининг вазни 40–42,5 ???г. Таркибида 24–45% оқсил, 13–37% ёғ, 20–32% углеводлар, кўплаб витаминлар бор. Ўсув даври 75–200 кун. Соя иссиқсевар ва намсевар, ёруғсевар, қисқа муддатли ўсимлик. 21–23 °С да яхши ривожланади. Уруғи 8–10 °С да униб чиқади. Соя ўзидан чангланади. Ундан соя уни ва мойи олинади. Дони, пишиб етилмаган (думбул) дуккаги овқатга ишлатилади. Сомони, тупони, кўк пояси, силоси озуқа сифатида чорва молларига берилади. Касалликлари: бактериоз, септориоз, аскохитоз, фузариоз. Зараркунандалари: тунламлар, ўргимчаккана, қоракуя.
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Ўзбекистон–2, Орзу Нафис, Олтин тож, Ойжамол ва ҳ.к.
Уруғлик танлаш ва экишга тайёрлаш. Экиш учун йирик, тўла етилган ва шикастланмаган уруғлар танлаб олинади.
Ерни экишга тайёрлаш. Соя кузги дон экинларидан, картошка, сабзавот, маккажўхоридан бўшаган ерларга экилади. Ер ўтмишдош экинларнинг қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозалангач, камида 20–22 см чуқурликда юмшатилади ва текисланади.
Экиш муддати ва схемаси. Соя такрорий экин сифатида 15 июнь– 10 июлда 60х5, 70х3 схемада экилади. Қатор ораси 60 см бўлганда 10 сотих майдонга 6–10 кг уруғ сарфланади. Экиш чуқурлиги 4–5 см.
Парваришлаш. Ўсув даврида қатор орасига ишлов берилади. 3–5 марта суғорилиб, ўтоқ қилинади.
Ўғитлаш. 4 кг фосфор, 6 кг калий ва 8 кг азот сепилади.
Ҳосилни йиғиштириш. Соя дуккакларининг 75–80 фоизи пишганда йиғиб олинади ва қуритилади. Поялар эрталаб ёки кечқурун йиғилса дуккаги кам чатнайди ва шикастланмайди. Бунда йиғилган доннинг намлиги 14 фоиздан ошмаслиги керак.
















