Қўзиқориндан захарланганда биринчи ёрдам
Аввало, зудлик билан ошқозон ювилади. Ярим литр совуқ сувга бир чой қошиқ сода қўшиб, оч пушти рангли марганцовка эритмаси ичирилади ва мажбуран қайт қилдирилади. Муолажа камида 2-3 марта такрорланиши керак. “Тез ёрдам” келгунига қадар бемор ёнбош ётқизилиб, оғиз бўшлиғи бинт билан артиб турилади.
Агар қўзиқоринга мазахўрак бўлсангиз ва бундай мазали таомдан вақти-вақти билан баҳраманд бўлиб туришни истасангиз, яхшиси, махсус иссиқхоналарда етиштирилаётган “вешанка” ва “шампиньон” каби қўзиқорин турларини сотиб олинг. Қўзиқорин етиштириш ва савдо қилиш учун рухсат берилган бундай хўжаликлар ҳозирда етарлича. Бу хўжаликларда етиштирилаётган қўзиқоринлар ва улардан тайёрланган консерва маҳсулотлари санитария-эпидемиология хизмати лабораторияларида таҳлил қилиниб, маҳсулотлар учун гигиеник сертификат берилади.
Аммо бунда ҳам ҳушёр бўлинг, ҳозирда турли йўллар билан, гигиена ва санитария талабларига жавоб бермайдиган ертўла шароитларида қўзиқорин етиштираётган сохта тадбиркорлар ҳам кам эмас. Сизга маҳсулотнинг сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжат (мувофиқлик ва гигиеник сертификатлари ҳамда санитария лаборатория мутахассислари томонидан бериладиган маълумотнома) тақдим этишсагина қўзиқоринни харид қилинг.
Кўзингизга қанчалик яхши кўринмасин, дала ҳовлиларда, яйловларда ва ариқ бўйларида ўсган қўзиқоринларни истеъмолга яроқли ёки яроқсизлини билмай туриб қозонга ташлашга шошилманг. Бозорлар ва савдо дўконларидан қўзиқорин харид қилмоқчи бўлсангиз, гигиеник ва мувофиқлик сертификатлари ҳамда ветеринария-санитария лаборатория мутахассислари томонидан бериладиган маълумотномани талаб қилишдан тортинманг.
Манба: ТОМОРҚА – ДАРОМАД МАНБАИ Ўқув услубий қўлланма















