https://www.youtube.com/watch?v=toC8q68WJC8
Қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш самарадорлиги кўпгина омилларга боғлиқ. Жумладан, об-ҳаво, иқлим ва тупроқ шароити, сув ҳамда ўз вақтида амалга оширилган агротехник ишлар. Ушбу материалда биз, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини оширишда ўз ўрнига эга бўлган асаларилар ва асаларичиликнинг ўрнини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз.
Маълумки, мевали дарахтлар ва бошқа экинлар ҳосили учун гулларнинг чангланиши муҳим. Пахта етиштириш соҳасидаги мутахассисларнинг фикрига кўра, асаларилар пахта далаларига жойлаштирилганда, ғоза гулларининг тўкилиши икки баравар камаяди, кўчатлардаги кўсаклар сони 43 фоизга, 1 та кўсакдаги пахта толасининг вазни 12,8 фоизга ортади ҳамда ҳосилдорлик сезиларли даражада ошади.
Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида асал ишлаб чиқариш жараёни йўлга қўйилган. “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, 2021-йилда Республика бўйича 25 минг тоннадан ортиқ асал етиштирилган. Бу кўрсаткич 2020-йилга нисбатан (21 410 тонна) 17% га ортиқ.

Гарчи асал экспорти ҳажми катта бўлмаса-да (2021- йилда 30 тонна), Ўзбекистон томонидан она асалари (малика), наслли рамкалар ва маълум миқдордаги ишчи асаларилардан иборат кичик оилалар асалари пакетлари кўринишида фаол экспорт қилинмоқда. 2021-йилда 311 минг донадан ортиқ асалари пакетлари МДҲ давлатларига экспорт қилинди. Бу 2020-йилга нисбатан 28 фоизга кўп (243 минг дона). Шунингдек, 2022-йилда 350 минг донадан ортиқ асалари пакетлари экспорт қилиниши режалаштирилган.
“Асалари оилалари” экспорти асосан Андижон, Жиззах, Наманган, Тошкент, Фарғона вилоятлари хўжаликларида амалга оширилади.
Асаларичилик соҳасида олиб борилаётган самарали тадбирлар натижасида асаларичилик билан шуғулланаётган субектларда парвариш қилинаётган асалари оилалари сони 1,1 млнга етказилиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан (907 минг дона) 21% га ёки 193 минг донага ошди.
Наслчилик ишларини такомиллаштириш мақсадида Фарғона вилоятида “Карпат” ва “Карника” зотлари учун ҳимояланган урчитиш пункти ташкил қилинди.
Фарғона асаларилари нима учун Сурхондарёга “келган”?
Ариларни Сурхондарё вилоятида уйғотиш амалиёти Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада асаларичиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3327-сонли Қарори асосида 2018-йилдан йўлга қўйилган.

Сурхондарё вилоятида табиат уйғониши бодом гуллаши билан бошланади. Бодом дарахтларини чанглатиш ва қиш уйқусидан уйғотиш учун асаларилар Фарғона вилояти ва бошқа вилоятлардан феврал ойида олиб келинади. Сабаби баҳор мавсумининг кириб келиши мамлакатимизнинг энг жанубий ҳудудида бир ой олдин бошланади. Сурхондарёда меҳмон бўлган арилар ўз ишини тугатиб бўлгач, яна қайтиб олиб кетилади ва вилоятларида баҳорни кутиб олишда давом этади.
Шу сабабли, арилар учун фаол баҳорий гуллаш мавсуми икки ой давом этади. Бу эса якуний маҳсулот, яъни асал таркибида фойдали баҳорги гуллар нектари миқдорининг ошишига хизмат қилади.
Бундан ташқари, асалариларнинг эрта уйғониши уларнинг фаоллигини ошириб, кўпайиш, оилани кенгайтириш, шунингдек, янги она асалари туғилишига тайёргарлик жараёнини яхшилайди.
Манба: Қишлоқ хўжалик вазирлиги




















